"Коррупция-Ўзбекистон жисмидаги саратон"

Порахўрлик Фото муаллифлик ҳуқуқи facebook

Ўзбекистон матбуоти президент Шавкат Мирзиёев мамлакатда коррупцияга қарши курашнинг 2 йиллик дастурини имзолагани ҳақида хабар берди.

Дастур яқинда қабул қилинган коррупцияга қарши қонунни амалга тадбиқ қилиш чорларини ўз ичига олар экан.

Бу чоралар айнан нималар иборат эканлиги матбуотда келтирилмаган. Уларни gov.uz ҳукумат порталидан ҳам топмадик. Lex.uz Ўзбекистон Республикаси Қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси вебсаҳифасидагина топдик.

26 саҳифадан иборат ушбу дастур чора-тадбирлар номи, ижро муддати ва масъул ижрочилар исмлари дохил уч бўлимда келтирилган.

Ҳудди шу дастурга илован Коррупцияга қарши курашиш бўйича идоралараро комиссия таркиби ҳам келтирилган. Комиссия раиси - Ўзбекистон Бош прокурори И. Абдуллаев.

Аммо Би-би-си билан суҳбатда бўлган сиёсий фаол Намоз Нормўминнинг айтишича, бу каби муфассал ва кўп моддали чоралар рўйхатига қарамай Ўзбекистонда "сиёсий режим ўзгармас экан, коррупция билан боғлиқ вазият ўзгармайди".

Лекин Ўзбекистонда, дейлик, яқинда раҳбарият ўзгаргани гувоҳи бўлдик ва янги раҳбарият сўзларига таянадиган бўлсак, кўплаб ислоҳотлар ва ўзгаришлар амалга оширилиши назарда тутилмоқда. Нима учун бу интилишлар савол остига олинмоқда?

"Ислом Каримовдан мерос қолган автократик тизим ўзгармас экан, порахўрликка чек қўйишнинг имкони бўлмайди. Бунга илован коррупцияга қарши чора-тадбирлар учун масъул этиб Бош прокуратура, Ички ишлар органлари ва маҳкама тизими, маҳаллий органлар расмийлари тайинлангани. Ахир бу органлар энг кўп порахўрликка ботган тизим деб кўрилади. Бундан-да кўпроқ киноя ёки кулгили ҳолатни тасаввур қилиш қийин", деди Намоз Нормўмин ўз суҳбатида.

Гуржистон муваффақиятининг сири

Собиқ Иттифоқ республикалари мисолида коррупцияга қарши муваффақиятли кураш мисолларини қидириб, Гуржистон тажрибасига назар ташласак.

Гуржистон нисбатан қисқа вақт ичида бир вақтлар коррупция энг кўп тарқалган давлат қаторидан бу иллат деярли йўқотилган давлат сифатида кўрилади.

Гуржистондаги Би-би-си мухбири Райҳон Демитриянинг Намоз Нормўмин сўзларига тасдиқан айтишича, у ерда ҳам ҳуқуқ-тартибот органлари энг коррупциялашган тизим дея кўриларди ва шунинг учун ҳам кураш айнан ана шу тизимдан бошланган.

"Ҳукумат томонидан коррупцияга қарши кураш режаси эълон қилиниши билан шунчаки юзаки ислоҳотлар билан чекланишгани йўқ. Минглаб милиция ходимлари ишдан бўшатилиб, баъзида бутун бошли вазирликлар ходимлари ёппасига вазифасидан четлаштирилиб, ўрнига янги ходимларни қисқа муддатда тайёрлаб, бутун тизимни деярли янгидан ташкил этишди", деди Райҳон Демитрия.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Gerogia government

Унинг айтишича, ҳақиқатан ҳам ҳозирда Гуржистонда аҳоли кундалик ҳаётида порахўрлик ҳолатлари билан деярли юзма-юз келмайди.

"Қўшни республикаларга саёҳат қилган вақтингиз Гуржистон ва қўшни давлатлардаги аҳвол ўртасида фарқ яққол кўзга ташланди. Дейлик Арманистон чегарасини кесиб ўтишингиз билан ўша-ўша шўролар давридан қолган муносабат, шубҳали ҳужжат текширувлар ва тўловлар ҳануз сақланиб қолганини кўрсак, бу ерда шаҳар кўчаларида таёқча кўтариб, йўл чеккассида турган ДАН ходимларни умуман кўрмайсиз. Уларнинг нафақат ташқи кўриниши, яъни формаси, ишлаш услуби, ёндошуви, муносабатини мутлақо ўзгартиришга муваффақ бўлганлар".

Transparency International халқаро ташкилотининг Гуржистондаги ваколатхонасидан Ираклий Урушадзега кўра, мамлакатнинг бу соҳадаги муваффақиятларидан яна бири давлат муассасаларидаги порахўрликни йўқота билганлари.

Бунга айнан қандай чоралар орқали эришилди, деган саволимизга Ираклий Урушадзенинг айтишича, "порахўрликда айбланганларни жиноий жавобгарликка тортиш, давлат хизматчиларининг маошларини ошириш ва ниҳоят ушбу тизимдаги ошкораликни тадбиқ қилиш орқали" муваффақ бўлинган.

Transparency International вакили келтирган чоралардан биринчиси, яъни порахўрлик учун жиноий жавобгарликка тортиш чораси Ўзбекистонда ҳамиша мавжуд бўлган. Лекин нима учун у қадар иш бермаган? Бундан ташқари порахўрликда айбланиб, жавобгарликка тортилганлар аксар ҳолларда кимгадир "ёқмай қолган" ёки "ҳалақит берган" шахснинг "бошқаларга ўрнак бўлсин" қабилидаги жавобгарликка тортилиши кўринишида бўлади. Ҳолатлар эса давом этаверади. Бу аҳволни қандай тўғрилаш мумкин?

Ираклий Урушадзенинг айтишича, бу ўринда ошкоралик ва ҳисобдорлик ўта муҳим омилдир.

"Лекин афсуски авторитар ва нодемократик бўлган тизимларда том маънода ана шуларга эришиш имконсиздир", дейди у.

Ҳақиқатан ҳам атрофга назар ташласангиз, мамлакатда демократия даражаси не қадар "паст" бўлса, коррупция даражаси шу қадар юқори эканлиги деярли исбот талаб қилмайдиган фактдек. Гўёки бу икки кўриниш орасида пропорционал боғлиқлик бордек.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Social media

Демократия даражасини кўтармай туриб, бу каби ислоҳотларни самарали равишда амалга ошириш имконсизлиги ҳақида Намоз Нормўмин ҳам тўхталиб ўтди.

Унга кўра, "фуқаро жамияти, жамоатчилик иштироки, эркин матбуот, диний ва турли бошқа ижтимоий ташкилотлар фаоллигисиз юқоридангина туширлувчи фармон ва буйруқлар билан бирибир кўп нарсага эришиш мумкин эмас. Порахўрлик Ўзбекистон жисмидаги саратон касаллиги кабидир. Ҳаммаёққа тарқаб кетган саратон. Бунда эски услубдаги жарроҳлик йўли иш бермайди. Муфассал, чуқур ислоҳот стартегияси ишлаб чиқилмас экан, ўзгаришларни кутиш қийин. Ҳозирда таклиф қилинаётган дастур ва режалар Ислом Каримов давридаги ҳужжатлардан кўпда фарқ қилмаяпти".

Суҳбат мобайнида биз порахўрлик нафақат уни "олувчилар" билан боғлиқ муаммо эканлиги, балки аксар ўзбекистонликлар томонидан оддий ҳолат сифатида қабул қилиниши, "ишларини тезроқ бажариш" илинжида бўлганлар томонидан қайсидир маънода рағбатлантирилиши муаммосини ҳам тилга олдик.

Намоз Нормўминга кўра, "албатта инсонларнинг зеҳни ва онгидаги муносабат" иллатга қарши курашдаги асосий омиллардан бўлиши керак.

Лекин Transparency International дан Ираклий Урушадзенинг айтишича, коррупция кўпда миллий маданият ва зеҳнга боғлиқ эмас.

"Гуржистон аҳолисининг коррупцияга муносабати ҳукуматнинг "вазият ўзгаради, бундан буёғига энди порахўрлик қабул қилинмайди" дея қатъий равишда маълум қилган вақти тез орада ўзгарди. Агарда буни маданият ва онгнинг бир қисми, дея қабул қилганимизда бундай бўлмасди. Демак, ҳамма нарса ҳукуматнинг жиддий ва самимий сиёсий иродасига боғлиқдир", деди Transparency International вакили.

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber да: +44 78-58-86-00-02.
  • ТЕЛЕГРАМДА ЭСА каналимиз - https://telegram.me/bbcuzbek ёки BBCUZBEK
  • Instagram - BBC UZBEK
  • Twitter - BBC UZBEK
  • Odnoklassniki - BBC UZBEK
  • Facebook- BBC UZBEK
  • Google+ BBC UZBEK
  • YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)
  • Skype - bbcuzbekradio
  • bbcuzbek.comга тўсиқ бўлса, uzbekweb.netга киринг.