Туркманистондаги сайловларда Бердимуҳамедов ғолиб

Гурбангули Бердимуҳамедов Фото муаллифлик ҳуқуқи Social media

Туркманистонда бўлиб ўтган президентлик сайловларида амалдаги президент Гурбангули Бердимуҳамедов яққол устунлик билан қайта сайланди. Маҳаллий сайлов комиссиясининг маълум қилишича, Бердимуҳамедов 98 фоизга яқин овоз олган. Сайловда иштирок этганларнинг фоизи ҳам деярли шундай бўлган.

Президентлик лавозими учун 9 номзод кураш олиб борган, бироқ Марказий сайлов комиссияси берган маълумотга кўра, сайловчиларнинг деярли ҳаммаси амалдаги президентга овоз берган. Бердимуҳамедов 97.69 фоиз овоз олган.

Мамлакат президентини Туркманистон Демократик партияси номзод сифатида кўрсатган, унинг рақиблари асосан амалдорлардан ташкил топган.

Бердимуҳамедов учун бу учинчи президентлик муддати бўлади.

Ўтган йил сентябр ойида унинг ташаббуси билан номзодларга қўйилган 70 ёш билан боғлиқ тақиқ олиб ташланган ва президентлик муддатини беш йилдан 7 йилгача чўзилган эди.

59 ёшли Бердимуҳамедов 2006 йилда Сапармурот Ниёзовнинг кутилмаган ўлимидан сўнг ҳокимиятга келган ва охирги ўн йилда Туркманистонни ўзининг ўтмишдоши каби қаттиққўллик билан бошқарган.

2012 йилда Бердимуҳамедов 97 фоиздан кўпроқ овоз олиб президентликка қайта сайланганди.

Марҳум Ниёзов Туркманбоши деб номланган бўлса, туркман матбуоти Бердимуҳамедовни Орқадоғ (ҳимоячи-таҳр.) деб атайди.

Гурбангули Бердимуҳамедов Марказий Осиёнинг авторитар бошқарувчилардан бири сифатида кўрилади.

Асли касби стоматолог бўлган Бердимуҳамедов Ниёзовнинг мухолифат ва ўзгача фикрга тоқатсиз репрессив тузумини сақлаб қолган.

Халқаро ташкилотлар мамлакатда сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари бузилиши бўйича ҳисоботларда бонг уриб келади.

Сўнгги пайтларда мамлакатда маошларнинг тўланмаётгани, имтиёзларнинг бекор қилинаётгани ва ҳатто озиқ-овқат тақчиллиги юзага келаётгани ҳақида хабарлар олинган.