Қозоғистон: Атом бомбалари генни бузган
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Қозоғистон: Атом бомбалари ирсиятни бузган

Совет Иттифоқи Марказий Осиёда 500тага яқин ядровий қуролини синаган.

Портлашларнинг энг кўпи ёки 456таси Қозоғистонда амалга оширилган.

"Атом синовидан омон қолганлар" Би-би-си фильмини тез кунда bbcuzbek.com ва BBC O`zbek YouTube каналида томоша қилинг.

Семипалатинск Полигони деб аталган улкан, аммо махфий ҳудуддаги ядровий синовлар юз минглаб маҳаллий одамларнинг ирсиятига катта зарар етказган.

Қозоғистон мустақил бўлиши баробарида Полигонни ёпди.

Лекин сўнгги тадқиқотларга кўра, 40 йил давомида муттасил синалган атом қуроллари шунчалик катта таъсирга эгаки, нафақат портлашларга гувоҳ бўлган инсонлар, балки уларнинг болалари, неваралари ва ҳатто 4-авлодлари ҳам радиацияга боғлиқ турли бедаво касалликларга йўлиқмоқдалар.

Атом қуроллари синовлари бошланган илк йиллари СССР расмийлари маҳаллий қозоқлардан тажриба сифатида фойдаланган, деган даъволар ҳам бор.

Россия бу иддаоларни тан олмайди ва ядровий қуроллардан азият чеккан қозоғистонликларга товон пули тўламаган.

Бироқ Би-би-си Ўзбек Хизмати журналисти Рустам Қобил биринчи синовлар пайти тажриба учун Полигон яқинига алдаб олиб кетилган сўнгги тирик гувоҳ билан гаплашган.

Шунингдек, Совет атом синовларидан кейин туғилган бўлса-да, аммо радиацияга боғлиқ тузалмас касалликлардан азият чекаётган ёшлар билан учрашган.