Ислом Каримов ўз онасига тегишли экани айтилган молу мулк ва бобосидан совға Швейцариядаги уй ҳақида...
Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ислом Каримов ўз онасига тегишли экани айтилган молу мулк ва бобосидан совға Швейцариядаги

Марҳум президент Ислом Каримовнинг невараси, ҳозирда Англияда яшаётган Ислом Каримов ўз онаси Гулнора Каримовага Ўзбекистонда қўйилаётган барча айбловларни рад этди.

Видео лавҳаларимизни YouTube каналимизда ҳам томоша қилинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан суҳбатда Ислом Ўзбекистонда онасига қарши тақдим этилаётган маълумотларни сохталаштирилгани, "СНБ ертўласида калтаклар асосида олинган" иқрорлар эканини даъво қилди.

Расмий матбуот Гулнора Каримова ҳақида сукут сақламоқда

Гулнора Каримованинг адвокати: "Терговни тўхтатинг"

"Гулнора Каримова 2015 йилда маҳкум этилган"

Кичик Ислом Каримовнинг айтишича, Гулнора Каримовада ҳеч қачон Ўзбекистон ҳукумати даъво қилаётган даражада катта маблағ бўлмаган.

Швейцарияда Гулнора Каримовага тегишли экани айтилган 20 миллион доллардан ортиқ нархдаги уй эса "бобоси ва бувисидан совға" бўлган.

Суҳбатдан парча:

BBCUZBEK: Ўзбекистон терговчиларида тергов олиб бораётган бошқа мамлакатлар билан ҳам алоқалар бўлса керак. Бу маълумотда гўёки Гулнора Каримовага тегишли бўлган мулк ва пуллар сақланган 12 мамлакат ҳақида гап кетяпти. Демак, бошқа давлатлардан далил-исбот мавжуд бўлса керак...

ИСЛОМ КАРИМОВ: Агар далил-исбот бўлганда, хориждаги судлар аллақачон якунига етган бўларди, нимадир мусодара қилинарди ёки айбловлар илгари суриларди. Лекин, бу терговда иштирок этаётган биронта мамлакат Ўзбекистондаги нафақат бу ишни, балки судни ҳам тан олишмади. Чунки, Швейцариядан адвокат келганида, муаммо бўлган, чунки судни уйимиздаги ошхонада ўтказмоқчи бўлганлар. У сўнгра буни нормал ҳолат эмаслигини билган ва эртасига ҳақиқий судга бориб жараённи тинглаган. У ерга биронта адвокат киритилмаган. Бўлган суд ошхонада бўлган. Швейцариялик адвокат Ўзбекистондаги суд бу терговга алоқадор Швейцария ва бошқа давлатларда тан олинмаслигини баён қилди.

BBCUZBEK: Аммо, уларнинг ўзларида судлар бўляпти, масалан Америкада. У ерда 1 миллиард доллар музлатилган, суд ишида эса сизнинг онангизнинг исми келтирилган.

ИСЛОМ КАРИМОВ: Ҳа, буни эшитдим. Гап шундаки, биз тергов ёки судлар бўлишини хоҳлаймаймиз демаяпмиз. Биз хоҳлайдиган ягона нарса - ўзимизни ҳимоя қилиш. Бу - оддий инсон ҳуқуқи. Онамга бирон марта ўзини ҳимоя қилиш, адвокат ёллашга рухсат беришмади. Икки йил эмас, уч ярим-тўрт йилки уйда сақлашяпти. Гап фақат ҳимояда эмас, эндиликда унга тазйиқ қилиняпти. Нимаики мумкин бўлса, унинг бўйнига қўйишди. Лекин, тергов олиб бораётган хорижий давлатлар унга сўз берилишини талаб қилишяпти. Бу ҳамма жойда бўлган оддий инсон ҳуқуқи. Лекин, Ўзбекистон буни рад қилди ва иш давом этмаяпти.

BBCUZBEK: Ислом, ҳозирда бу ишда 2 миллиарддан ортиқ пул ҳақида гап кетяпти. Сиз онангизнинг молиявий вазиятидан хабардор бўлганмисиз?

ИСЛОМ КАРИМОВ: Ҳа, биламан, лекин аниқ биламанки, бу каби осмони фалакка кўтарилган маблағлар исботланмаган. Иккинчидан, улар умумийлаштирилган. Ҳар кимдан, вазирлару, қариндошларимизга тегишли пуллар унга осилган. Уни судлаб туриб, ҳамма оппоқ бўлмоқчи. Мен отларини ҳозир айтиб ўтирмайман, лекин биз ҳукуматдаги ҳар бир вазир ва кўплаб одамлар, хусусан куч тизимларидагиларнинг лойиҳалари бўйича ҳужжат тайёрлаяпмиз. Асли уларнинг кўпида бунданда кўп пул бор, 2, 3, 4 миллиард ва ҳоказо. Лекин, ҳеч ким буни гапирмайди.

BBCUZBEK: Ҳозир биз сизнинг онангиз, сизнинг оилангиз ҳақида гапиряпмиз. Сиз билганмисиз онангизнинг бойлиги миқёсини? Қандай бизнеслари бор эди, масалан? Уздунробита, Ангрен-цемент, Кока-Кола, унинг Телиасонера, МТС, Вимпелком билан алоқалари ҳақида билганмисиз? Ҳиссаси қанча эди, қандай бизнес келишувлари бор эди?

ИСЛОМ КАРИМОВ: Йўқ. Биламан, бу компанияларнинг кўпи гўёки унга боғлиқ бўлган, лекин, биринчидан, ҳеч нима исботланмаган. Айбсизлик презумпциясига ҳатто Ўзбекистонда ҳам амал қилиши керак. Бунга ишониш қийин бўлса-да, биз цивилизациялашган мамлакат бўлишимиз керак, ҳар қандай айбланувчига ўзини ҳимоя қилишга имкон беришимиз керак. Мен уни дунёдаги энг ажойиб одам деб тан олинишини сўрамаяпман, лекин факт шуки, у энг ёмони эмас. Лекин, нега фақат у айбланяпти? У ахир бировнинг уйига кириб пул ўмармаган-ку? Унга осиб қўйилаётган маблағларнинг баъзи қисмлари унинг бошқа бизнесларидан олинган. Лекин, буларнинг деярли ҳаммаси расмий бизнес амалиётлари бўлган. Деярли ҳаммаси очиқ эди.

BBCUZBEK: Деярли ҳаммаси расмий бўлганми? Демак, расмий бўлмаганлари ҳам бўлган?

ИСЛОМ КАРИМОВ: Ҳа, норасмийлари бўлган, лекин кўпроқ унинг жамоатчилик ишлари билан боғлиқ бўлган. Чунки бобом онамга ҳар доим айтиб келган "Ҳеч қачон мендан ошиб кетмаслигинг керак", деб. Бобомда ўз қизи унга бўлган халқ муҳаббатини ўғирлаб олади деган хавотир бўлган. Онам ҳеч қачон бунга уринмаган ва ҳар доим уни кўкларга кўтарган. Муаммо шундаки, бир неча бор уйда ўтириб,.. у онамни телевизорда кўрган. Онам у ерда ё бу ерда кўриниш берган. У шунчалар ғазабланганки, биз баъзи жамоатчилик ишларини ундан яширишга мажбур бўлганмиз. Бобом унинг ўзбек матбуоти, телеканаллар, маросимларда чиқишини истамаган. Шунинг учун, Фонд Форумда бўлган Меҳр Нури, Янги Авлод каби баъзи компанияларни расмийлаштиришимиз жуда қийин бўлган. Илк йиллари онам уларга боғлиқ эканини рад этган. Васийлик кенгашида исми турса-да, бу менинг ғоям деб айтолмасди. Агар айтса, бобом "Мана, сен мендан ҳокимиятни ўғирламоқчисан" деб айтган бўларди...

  • Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02