BBC Uzbek

Bosh sahifa > O'zbekiston

Tethys Petroleum Ўзбекистондаги икки ходими ҳибсга олинганлигини тасдиқлади

Facebook Twitter Google+
2013 декабр 5 14:36

Британиянинг Tethys Petroleum ширкати ўзининг икки маҳаллий ҳодими ҳибсга олинганлиги ҳақидаги маҳаллий матбуот хабарларини тасдиқлади.

Ширкат матбуот хизмати вакилининг Би-би-сига айтишича, икки маҳаллий ходим ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ҳибсга олинганлиги ҳақида уларга маълум.

Лекин уларнинг исмлари ким эканлигини матбуот котиби очиқламади. Шунингдек, унга кўра, уларга нисбатан қўйилган айбловлар тафсилотлари ҳам маълум эмас.

Аввалроқ Ўзбекистондаги 12uz.com вебсаҳифаси шу йил 9 ноябр куни Tethys Petroleum ширкатининг Ўзбекистондаги ваколатхонасининг икки маҳаллий ходими Б. Салоҳиттдинов ва М. Мажидовлар ҳуқуқ тартибот органлари томонидан қўлга олинганлигини хабар берганди.

12uz.com нинг ҳуқуқ тартибот органларига иқтибосан хабар беришича, ширкат ходимлари мамлакатда қазиб чиқарилаётган нефтнинг Ўзбекистонга тегишли ҳиссасини ўзлаштириш ва ноқонунуий пулларни ювиш ҳаракатларида айбланганлар. Уларга қарши жиноий иш 2011 йилда очилгани ҳам хабар қилинган.

Ҳуқуқ тартибот органлари вакили уларнинг амаллари натижасида етказилган моддий зарар 30 миллион америка долларига тенглигини ҳам айтган.

Tethys Petroleumнинг Би-би-сига берган ёзма маълумотида айтилишича, ширкат ўзи иш юритаётган ҳар бир мамлакатда ҳамиша ўша мамлакат қонун-қоидалари доирасида амал қилади.

Ширкатнинг билдиришича, икки маҳаллий ходимга нисбатан қўйилаётган айбловлар мутлақо асоссизлигига ишонади.

Tethys Petroleumга кўра, Ўзбекистондаги тегишли ташкилотлар билан қўйилаётган айбловлар сабабини аниқлаш ва масалага тезлик билан ечим топиш мақсадида ҳамкорлик қилмоқдалар.

"Биз ширкатимиз манфаати ва Ўзбекистондаги ходимлармиз хавфсизлигини таъминлаш йўлида барча лозим йўлларни кўриб чиқмоқдамиз", дейилади ширкат баёнотида.

Tethys Petroleum LTD Ўзбекистонда 2009 йилдан бери фаолият юритади.

Ширкатнинг билдиришича, жорий муаммога қарамай ўз фаолиятини ҳозирда ҳам давом эттирмоқда.

Баҳам кўринг

Email Facebook Google+ Twitter