Машҳур ҳофиз Ортиқ Отажонов ўз ижоди, Хоразм 'Лазги'си ва 'Умр ўтар' қўшиғи ҳақида

Ортиқ Отажонов
Image caption Ортиқ Отажонов Ўзбек мумтоз қўшиқчилиги энг ёрқин юлдузларидан бири

Ўзбек мумтоз қўшиқчилиги энг ёрқин юлдузларидан бири, Ўзбекистон халқ артисти Ортиқ Отажонов 1947 йил, 30-январда Хоразм вилояти Боғот тумани Хитой қишлоғида туғилган.

"Отам балиқчилик билан шуғулланган, боғбончилик қилган. Ўша пайтдаги меҳнаткаш, камбағалроқ оилалардан эдик-да", дейди Ортиқ Отажонов.

У ўзида қўшиқчиликка қизиқиш жуда ёшлигидан бўлганини айтади.

"6-7 ёшларимда колхоз идорасининг қошида бир радиокарнайи бўларди. Ўшандан устозларнинг овозларини эшитиб, ўрганиб, юрардим. Эшитган нарсаларим эсимда қоларди. Эсимни билганимдан бошлаб айтардим, нимани эшитсам, шуни ашула қилиб айтиб юрардим", дейди ҳофиз.

Ортиқ Отажонов 1962 йил Хоразмдаги мусиқа билим юртида ўқишга киради. У ерда таниқли созанда Озод Иброҳимовдан рубоб чалиш бўйича сабоқ олади.

Ортиқ Отажонов ўзининг санъаткор бўлиб етишишида буюк ҳофиз Комилжон Отаниёзовнинг ўрни беқиёс бўлганини таъкидлайди.

"Мен Комилжон Отаниёзов билан тўйларга борардим. У пайтлар микрофон йўқ эди, қишми, ёзми 5-6 гектарлик даврани айланиб, ашула айтиларди. Комилжон Отаниёзов даврани кезиб қўшиқ айтсалар, мен орқаларидан чойнак билан пиёлада чой кўтариб юриб, оғизларига тутардим. Кейинчалик ўзим ҳам доира чалиб, ҳамнафас бўлиб, уларга қўшилиб ашулалар айтардим. Шу тариқа тинимсиз улардан қўшиқчилик сирларини ўрганардим. 1969 йилда устознинг бир томонлари ишламай қолди. Тўйларда, телевидение ёки радиога чиққан пайтлари ёнларида тор чалиб турардим".

"Лекин, профессионал саҳнага 1968 йил филармонияга ишга кирганимдан сўнг қадам қўйганман. У ерда 50 ёшимгача фаолият олиб бордим. Кейин пенсияга чиқдим", дейди санъаткор.

Ортиқ Отажонов ўшандан бери юзлаб қўшиқлар яратган. Унинг "Умр ўтар", "Лазги", "Ёра қурбон бу жоним", "Куйлар", "Бири сенсан, бири мен..." каби ўнлаб қўшиқлари аллақачон халқ орасида ёд бўлиб кетган.

"Тўхтамасдан ишлардик. Гастроллар бўларди тинимсиз. Бу ёғи Қозоғистон, Баку, Тбилиси, Москва каби СССР таркибига кирган шаҳарлардан тортиб, Афғонистон, у ёғи Африка, Оврўпо давлатлари, Япония, Австралия, Америкаю Исроил дейсизми, жуда кўп-60га яқин давлатга бориб, концертлар қўйганмиз, тўйларда хизмат қилганмиз. Кўпинча қўшиқларимизни радиога бориб ёздиришга ҳам вақт топа олмасдик. Эфирга айтганларимдан кўра эфирга айтилмаган қўшиқларим кўп. Сўзлар бўлса, торни қўлимга олсам бўлди, куй ўз-ўзидан қўйилиб келаверади", дейди ҳофиз.

Санъаткор ҳали ҳануз ижод банд эканини айтади.

Ортиқ Отажонов-4 фарзанднинг отаси, 10 нафар набиранинг бобоси.

Машҳур ҳофиз Ортиқ Отажонов Би-би-си тингловчилари саволларига жавоб берди

Суҳбатнинг тўлиқроқ шаклини мана бу ерда тингланг:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си: Бугунги Би-би-си меҳмони-Ўзбек мумтоз қўшиқчилиги энг ёрқин юлдузларидан бири, Ўзбекистон, Туркманистон ва Қорақолпоғистон халқ артисти Ортиқ Отажонов. Ассалому алайкум Ортиқ ака, Би-би-си дастурига хуш келибсиз!

Ортиқ Отажонов: Ассалому алайкум! Би-би-си: Балтимордан Санжар Хоразмий: "Ассалому алайкум Ортиқ оға. Сиздек "Лазги"нинг гулини чиқарадиган хонанда йўқ ҳали. Ва саволим "Лазги" тўғрисида. Хоразм "Лазги"си қачон ва қаерда пайдо бўлган. Кўплар уни биринчи бўлиб Комилжон Отаниёзов куйлаганини айтишади, аммо айрим манбаларда Хива хони Ферузхоннинг энг ёқтирган ашуласи "Лазги" бўлгани ёзилган", деб ёзибдилар.

Ортиқ Отажонов: Тўғри, "Лазги" жуда қадимий куй бўлиб, Комилжон устоздан олдин ҳам ижро қилинган. Лекин сўз қўйиб, қўшиқ қилиб айтилган эмас. Сурнай йўлларда чалинган. Эшитишимга қараганда, манбаларда ҳам ёзиладики, Хива хони чиқаётган пайтда хурсандчилик куйлари билан бирга, "Лазги" сурнайлар билан чалиниб кутиб олинган. Ёки, ғалаба бўлган пайтлари ё-да, урушдан қайтиш пайтлари шўх куйлар орасида "Лазги" ҳам чалиб ўтилган. Кейинчалик уни Комилжон устоз Комил Хоразмийнинг мухаммасига шу куйни ўзи айтиб, "Лазги"ни қўшиқ билан ижро қиладиган бўлди. Ундан кейин мана машҳур бастакоримиз, бизнинг яна бир устозимиз Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист марҳум Абдушариф Отажонов шу "Лазги" асосида ишлаб, раҳматли устоз, Ўзбекистон халқ артисти Матёқуб Раҳимов томонларидан ҳам яхши ижро қилиниб юрди. Устоздан кейин яна битта "Хоразмнинг лазгиси" деган сўз солиб, ўзим ҳам шу куй асосида ҳолим етганча ижро қилганман. Ундан сўнг "Лазги"лар жуда кўпайиб кетди. Ҳар ким ҳар хил сўзлар қўйиб айтадиган бўлди. Ҳар хил йўллар бўладиган бўлди. Гармонда чалинган йўллари бор, сурнайда чалинган йўллари бор. Торда, дутор "Лазги"лари бўлган. Энди ҳозир ҳамма ўзича "Лазги" айтаверадиган бўлди. Албатта, яхши. "Лазги"га ҳамма ҳавас қилади. Ҳамма айтади, куйлайди. Ўйнаб ҳам ундан безор бўлмайди ҳеч ким.

Би-би-си: Москвадан хат йўллаган Фаррух: "Ассалому алайкум ҳурматли Ортиқ ака! Мен сизнинг ашаддий мухлисларингиздан бириман. Сиз каби устоз санъаткорлар ижодини жуда севиб тинглайман. Бугунги ёшларнинг ўз миллий санъатига бўлган муносабати ҳақида фикрингиз? Нима учун бугунги ёшларнинг кўпчилиги ўзларининг миллий классик қўшиқларини тингламай қўйган?" деб сўрабдилар.

Ортиқ Отажонов: Энди ҳозирги ёшларимизнинг билим юртларида ўқиб юрганларининг ҳамма нарсадан хабари бор. Масалан, мусиқа билим юртларида, қўшиқчиликдан таҳсил оладилар. Консерваторияга кирганларидан кейин ўзбек мумтоз қўшиқчилиги, мақом факультетлари бор. У ерларда яхши малакали устозлар дарс беришади. Радио қошида мақом ансамбллари бор. Вилоятларда ҳам бор мақом ансамбллари. Миллий қўшиқлар шуларнинг ичида ўрганилади. Энди шундай мустақилликка эришганимиздан кейин, жуда бир бахтли замонга тўғри келиб қолди ёшларимиз. Чунки, тўрт томондан ҳар хил миллат вакиллари, ҳар хил қардош ёр-дўстларимиз келиб, бизга қўл бердилар. Борди-келдиларимиз, йўлларимиз очилиб кетди. Бир суткада мана Японияга ҳам бориб келадиган бўлдик. Шу боис, ҳар хил миллат қўшиқларини эшитишга муяссар бўлдик. Айниқса, турк қўшиқлари, эрон қўшиқлари, бизга, бизнинг санъатимизга яқин бўлган қўшиқлар, озарбайжон қўшиқлари, куйлари...Қолаверса, мана хонандаларимиз ҳар бир кунга, ҳар бир бизда яшаб турган миллатнинг байрамларида айтиш учун ўзларининг тилларида, мана хоҳласангиз, инглизча керакми, хитойча керакми, корейсчами куйлаб, муваффақият қозониб юришибди. Олдинлари биз "қани энди туркча ашулани қайси радионинг, қайси каналидан ушлаб, ёзиб олиб ўргансам бўлади", деб орзу қилардик. Мана бугун ҳамма ёқдан келиб турибди, ўшаларнинг таъсири бўлса керак ҳаммаси эстрада ашулачиси бўляпти, хоҳлаган мумтоз...лекин, барибир юракда ўзбек куй-қўшиқлари бор.

Би-би-си: Шу ўринда ўзбек замонавий қўшиқчилиги ҳақидаги фикрингизни сўрасак...

Ортиқ Отажонов: Мана биз бошлаган йилларда ҳам замон билан бирга куйлаганмиз. Қандай хурсандчилик бўлса, шунга бағишлаб ашула айтганмиз. Шу йўлимиздан, изимиздан кетиб бораётган ёшларимиз жуда кўп. Билмаганларини сўрашади, адабиётдан ғазалларни тушунмаганларини сўрашади, биз жонимиз билан шуларга жавоб берамиз. Хоразмдан айтадиган бўлсак, Равшанбек Матёқубов бор, Хизмат кўрсатган артист. Шогирдимиз Оғабек Собиров, Зафарбек Қурбонбоев. Тошкентда мана Озодбек Назарбеков бор. Ҳамма томонлама яхши куйлаяпти. Халқ артисти деган шарафли унвонга муяссар бўлди. Унвон билан табриклаб ҳам қўйдим, яна табриклайман. Илҳом Фармонов мана ёш, қобилиятли, ажойиб йигит, Собир Мўминов, Ғиёс Бойтоев. Шундай санъаткорлар жуда кўп ёшларимиз орасида. Қизларимиз ҳам бир-биридан қолишмаяпти, ишқилиб, барака топишсин.

Би-би-си: Фаррухнинг иккинчи саволлари: "Нима учун охирги пайтлар сиз каби устоз санъаткор(Шерали Жўраев, Бобомурод Ҳамдамов)ларнинг чиқишлари эфирга узатилмай қўйилган? Баъзи миш-мишларга қараганда, бунинг сиёсий сабаблари бор эмиш. Бу қанчалик ҳақиқатга тўғри?"

Олмониядан Муродбек Фахр ҳам шу маънода: "Ассалому алайкум, саволим: Шерали Жўраев билан Сизнинг ораларингизда 80-90 йилларда рақобат бўларди. "Шерали зўр ашула чиқарибди, қанди энди Ортиқ нима қиларкин", деб кутардик. Шерали Жўраевга қўйилган таъқиқ ва умуман олганда санъаткорларга қўйилган давлат цензураси ҳақидаги фикрингизни билмоқчи эдим. Катта раҳмат!" деб ёзибдилар.

Ортиқ Отажонов: Ман ўзимни нимада хато қилганимни билмайман. Олдинлари бизни телевизорга, радиога, концертларга чақириб турардилар. Билмадим, кейинги пайтларда "чарчади", деб ўйлашдими, ким билади энди...Ман 10 йилдан зиёд бўлди, нафақадаман. Тўғри, чарчадик ҳам одамнинг ёшига қараганда. Лекин, ҳозир ҳам юртимизда бўлиб турган тадбирларга вилоятларга, туманларга таклиф қилиб, ҳурмат билан чақириб турадилар. Кимлар нима учун "запрет" бўлганини ман билмайман. Тўй-маъракаларда кўришамиз, лекин бошқа пайт кам-кам кўришамиз. Ундай саволларни биз бермаймиз. Мани ўзим ҳамма ёқда куйлаб, ашула айтиб юрибман. Мана дисклар ҳам чиқариб юрибман, видеолар чиқариб турибман. Кўплари клиплар қиладиган бўлишди. Энди ман бу ёшда клип қилишга сал тортинаман. Мани ўзимда ҳеч қачон, ҳеч ким томонидан ёки давлат томонидан ҳам камчилигим йўқ. Ман хурсандман ҳамиша. Энди билмадим, биз Шерали билан кам кўришамиз. Тошкентда тўйларга мен кам бораман. Шералининг ўзини ҳаёти, ўзи тушунади. Ман ўзимни ҳаётимга жавоб бераман. Бошқаларни унча аниқ билмайман.

Би-би-си: Москвадан Фаррух: "Бугунги кунда Ўзбекистонда кечаётган сиёсий жараёнларга муносабатингиз?" дея Фаррух ижодингизга барака, ўзингизга соғлиқ тилаб қолибдилар.

Ортиқ Отажонов: Энди биз санъаткормиз. Бундай кўзимиз билан қараганда: ҳамма ёқ хурсандчилик. Тўйхона ҳам очиқ, бемалол ҳамма ёқ гумбиллаб турган, ашулалар қўйган, ёш, катта-кичик ҳамма ўйнаб, хурсанд бўлиб, "отангга раҳмат", деб, қучоқлаб, ўпиб, суратларга тушиб юришибди. Ҳамма ёқ тўқчилик, бирон бир оч юрган одамни кўрмадик кўчада. Шунинг учун, ман сиёсий жараёнларнинг биронта камчилик томонини кўрмадим.

Би-би-си: Ўшдан савол йўллаган Одилжон Махдумий сўраяптилар: "Муҳтарам Ортиқ ака, собиқ иттифоқ даврида қўшиқчи санъаткорларнинг тўйларга боришлари ёмон олинган. Масалан, бу ҳақда Ўткир Ҳошимов "Баҳор қайтмайди" асарида ва Саид Аҳмаднинг кўпгина ҳажвияларида ҳам танқид остига олинган. Сизнингча, тўйларга боришлик қандай ҳолат?"

Ортиқ Отажонов: "Чақирилган жойга бор, таклиф қилинган жойга шоҳ борибди", деган бир мақол бор. Бизни эъзозлаб, таклиф қилибди экан, нима учун биз бормаслигимиз керак. Ҳурматлаб, бизнинг халқимиз шунчалик эъзозлайдики, ўзи ўтирмаган кўрпачаларни тушаб беради, ўзи емаган қўйларини суйиб беради. Бир-икки сўм йиғиб олиб қўйган бўлса, уни ҳам ҳурмат қилиб берса, бундан ортиқ ҳурмат бўладими? Миллион марта раҳмат деймиз. Тўйга бориш айб эмас ҳеч қандай. Ҳамманинг ҳам умрида нияти бўлади: фарзанд ўстирсам, унинг вояга етган кунларини кўрсам, қизимни, ўғлимни бахтли кунини кўрсам, деб йиғлаб, хурсанд бўлиб ўйнашади. Бунга етиш ҳаммага насиб қилсин. Тўй кўрсинлар, биз санъаткорлар бораверамиз. Бизнинг Ўзбекистонимизда "тўйга борманг" деган қонун ҳам йўқ, "боринг, ҳалол хизмат қилиб келинг", дейди. Халқдан дуо олиб келиш керак. Инсоф билан бориб келиш керак. Беш бармоқни оғизга тиқмасдан, озгина аҳволига қараб, боравериш керак. Би-би-си: Лондондаги тингловчимиз "Умр ўтар" деган қўшиғингизнинг тарихи ҳақида сўрабдилар. Марҳамат!

Ортиқ Отажонов: Ман Хоразмда бир дўстимнинг тўйида раҳматли, ўзимнинг дўстим, машҳур ҳофиз Отажон Худойшукуров билан иккаламиз хизматда бўлиб тургандик, Отажон туриб, шу Омон Матчоннинг сўзини чўзиқ оҳангда ижро қилди. Кейин ўша ерда ман билан ўтирган дўстларимиз, шинавандалар: "Сўз зўр экану, куйи тўғри келмабди", дейишди. Оддий бир шинаванда сифатида шундай гапириб ўтиришди. Кейин ман эшитиб кўрдим-да, Тошкентга қайтиб келиб, шоир Омон Матчоннинг ҳузурига бориб: "Омон ака, шундай бир сўзингиз бор экан, манга шуни берсангиз", дедим. Омон ака билан ўшанда биринчи марта учрашишмиз эди, 1980-йилда. Кейин:"Эй, Ортиқ, майли ука, мани йўқлаб келибсан, шу сўзимни эмас, санга биратўла китобимни совға қилиб бера қолай, ичидан балки бошқа сўзлар ҳам чиқиб қолар", деб шу китобини манга совға қилган. Уйга келдим. Юрагимда айланиб юрган куй бор эди, шу тўғри келди, шунга солдим ва ашула қилдим. 1981-йил, бир йилдан кейин Янги йил кечаси телевидениеда айтдим. Мана бугунгача ҳам халқимиз сўрайди, ҳар хил қилиб айтавераман. Ўзим айтиб ҳам ҳеч тўймайман: (ҳиргойи қилади)

Умр ўтар, вақт ўтар, Хонлар ўтар, тахт ўтар, Омад ўтар, бахт ўтар, Лекин ҳеч қачон чиқмас ëдимдан Сенинг юришларинг, сенинг кулишларинг, сенинг кулишларинг...

Би-би-си: Ортиқ ака, Би-би-си билан суҳбатга рози бўлганингиз учун катта раҳмат! Мухлисларингизга тилакларингиз бўлса, марҳамат!

Ортиқ Отажонов: Саломат бўлсинлар! Мухлисларимга узоқ умр тилайман. Оллоҳдан нима сўрасалар етишсин! Бутун дунёда юрган, бизнинг санъатимиздан хабардор бўлган, мусулмонлар, дўстларимизнинг ҳаммасини бугун Рамазон Ҳайити билан муборакбод қилмоқчиман. Ҳамиша соғликда кўришайлик. Қаерда бўлсалар ҳам омон бўлсинлар, лекин ўзбек санъатини ҳамиша тинглаб борсинлар.

Би-би-си: Сизга ҳам соғлик-саломатлик, ижодингиз яна ҳам гуллаб-яшнашини тилаб қоламиз!