Би-би-си меҳмони - дунё ўзбекларини бирлаштирмоқчи бўлаётган Баҳодир Узоқов

Би-би-си меҳмони - дунёдаги ўзбекларни бирлаштириш ғояси бўйича Нидерландияда рўйхатдан ўтказилаётган Ўзбеклар Уюшмасининг ташаббускорларидан бири Баҳодир Узоқов.

Баҳодир Узоқов бу ғоя туғилишига Қирғизистонда рўй берган хунрезликлар туртки берганини айтади.

Баҳодир Узоқов Нидерландиянинг Ҳаага шаҳридаги Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг жиноий ишлар бўйича судига Қирғизистондаги сўнгги ҳодисалар юзасидан ариза топширган.

Бу аризада ўзбекларга нисбатан қатлиом содир этилганлиги айтилган ва Баҳодир Узоқов ўз аризасига 30 июн куни Ҳаага маҳкамасидан жавоб олганини маълум қилади.

Баҳодир Узоқов нафақат 2010 йилдаги, балки 1990 йилдаги Қирғизистон жанубидаги қонли ҳодисаларни ҳам яқиндан ўрганган.

У СССР ва ЎзССР Фанлар Академияси, Ўзбекистон ҳукумати томонидан 1989 йил ва 1990 йилларда ташкил этилган миллатлараро низоларни ўрганиш бўйича илмий экспидицияларнинг иштирокчиси бўлган.

Баҳодир Узоқов 1961 йилда Қашқадарё вилоятининг Қорабоғ қишлоғида туғилган.

1987 йили Тошкент Давлат университетининг Тарих факультетини тугатган.

Шу факультетда илмий ходим сифатида фаолият юритган, илмий иш қилган.

Баҳодир Узоқов 1993-1994 йилларда Манчестер университети профессори Теодор Шанин лойиҳаси бўйича уюштирилган социологик экспедиция илмий ходими бўлган.

У Ўзбекистон Бадиий Академиясининг махсус жамғармасини таъсис этган, Ўзбекистондаги "Устоз" жамғармаси, "Янги юқори технологиялар" нодавлат ташкилотида фаолият юритган.

Ҳозир Нидерландия Қироллигининг таклифига биноан шу давлатда яшайди.

У ўзининг Баҳодир Султон тахаллуси билан ёзган шеърлари билан ҳам танилган.