Сўнгги янгиланиш 25 феврал 2011 - 16:54 GMT

Лондон Мода Ҳафталигидан видеолавҳа

Лондонда жаҳондаги энг нуфузли мода тадбирларидан бири - Лондон Мода Ҳафталиги бўлиб ўтди.

Нью Йорк, Париж ва Милан ҳафталиклари билан бир қаторда мазкур тадбир, таъбир жоиз бўлса, келгуси мавсум жаҳонда ким қандай кийинишини белгилаб беради.

Лондон Мода Ҳафталиги йўлагида ўз коллекциянгизни намойиш қилиш имкониятига эришиш осон нарса эмас. Бунинг учун Гуччи, Шанел, Версачи, Стелла Маккартни ва ҳоказо дизайнерлар каби муайян нуфузга эга бўлишингиз керак.

Фотожурналист Зарина Ҳолмс бир неча йилдан бери мода соҳасида фаолият юритиб келади. У ўтган йил октябрида Ўзбекистонда бўлиб ўтган Style.uz мода ҳафталигини ҳам ёритган.

Мода соҳаси Британияда мубоҳасали мавзу ҳисобланади. Баъзилар уни воқеъликдан йироқ бўлган дабдаба деб билса, қолганлар минглаб одамлар учун иш ўрнини яратган катта даромадли соҳа эканига ишора этадилар.

Зарина Ҳолмсни ўз фаолиятида энг ҳавотирга соладиган нарсалардан бири бу модел қизларнинг ўта озғинлигидир.

"Озғин ва жозибали бўлиш учун овқат емасдан, очликдан азоб чекаётган жуда кўп ёш модел қизларни учратаман. Бу қизлар ҳатто 14 ёшда бўлишлари мумкин, катталари 21 ёшгача бўлади. Бу моделларни турли мода журналларида ё бошқа матбуот воситаларида кўрган вояга етмаган қизлар уларга тақлид қилиб, овқат емасдан қўйишади," - дейди у.

Мода ҳафталиги модел қизларнинг саломатлиги каби муаммоларни яна юзага чиқаради

Ундан ташқари, Ҳолмс хонимнинг фикрида, вояга етмаган қизларнинг бу каби соҳага жалб этилиши болалар меҳнати танқид қилинаётган замонга тўғри келмайди.

"Бир тарафдан биз, қаранг, ёш болалар Марказий Осиёдаги пахта далаларида меҳнат қилишга мажбурланмоқда деймиз. Иккинчи томондан эса, Ғарбда жуда ёш қизалоқлар ўзларини атайлаб очликка мажбурлаб, омма учун томоша қўйишмоқда. Баъзи ҳолларда бу қизалоқлар мода томошаларидан сўнг кўнгилочар тадбирларга, тунги клубларга боришади ва ёши катта бизнесменлар уларнинг атрофида парвона бўлади. Моделлар у ерда фоҳишабозликка жалб қилиниши ҳоллари бор. Бу жуда кўп юз беради. Шундай экан, Ғарбда туриб бошқаларни танқид қилишга ҳаққимиз бормикан?" - дейди журналист.

Зарина Ҳолмс Ўзбекистондаги мода ҳафталиги ва жаҳондаги бошқа шу каби тадбирлар ўртасида кўп фарқ сезмаганини, бироқ Тошкентда ёш ходимлар ҳордиқсиз узоқ ишлатилганидан норози бўлганини эслайди.

"Мода ҳафталикларида ишлайдиган одамлар кўп фарқ қилмайди. Тошкентда ҳам, Лондонда ҳам кўп ёшлар текинга ишлаб беришади. Лекин, Тошкентдагиси сал ошиб тушганди, у ерда ёш ходимларни тунги саот учгача ишлатишарди. Кейин улар икки соат ухлаб, яна ишга қайтишарди. Менимча, бу эксплуатация. Ўзбекистон мисолида бу эксплуатация ҳукуматни яхши қилиб кўрсатиш учун амалга оширилади," - дейди у.

У, шунингдек, Ўзбекистондаги мода ҳафталигида бадавлат қатлам ва ночор одамлар орасидаги фарқни кўпроқ сезганини айтади.

"Масалан, нархлар фарқ қилади, Тошкентда бир мода шоусига кириш учун камида 200 доллар тўлаш лозим. Бу Ғарб андозаси бўйича арзон туюлиши мумкин, лекин, менимча, Ўзбекистонда ўртача маош 100 долларга ҳам етмайди," - дейди Зарина Ҳолмс.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.