Сўнгги янгиланиш 30 май 2011 - 14:34 GMT

Фоторепортаж: Иқтисодий инқироз тожикистонликлар дастурхонида қандай акс этмоқда?

  • Айрим хабарларга кўра, бир миллиондан ортиқ тожикистонлик хорижда меҳнат муҳожирлиги орқасидан кун кўрувчи яқинлари юбораётган пулга тирикчилик қилишади. Сўнгги пайтларда улар юбораётган даромаднинг чўғи камайган. Бу эса, Тожикистонда қолаётган оилаларини ҳамма нарсадан, айниқса, озиқ-овқатдан тежашга ўргатмоқда.

  • Тожикистонлик уй бекалари бунинг оқибатида мошкичири, қурутоб ва шакароб каби анчайин унутилган овқату салатларга қайтишган.

  • Мана бу таомларнинг аксариятини гўшт ва ёғсиз, сут ва кўкатларнинг ўзидан бемалол пиширса бўлади.

  • Лекин дастурхоннинг асосий таоми - барибир нон. Аммо нондан ҳеч ким ўзини қисмайди.

  • Тожикистонда ҳам кўпчилик чой ва нон ҳисобига тирикчилик қилишади. Шунинг учун масъуллар ҳам кўчаларда, кўпқаватли уйларнинг ёнларида юзлаб тандирларнинг пайдо бўлаётганига кўз юмишади.

  • Айрим уй бекалари кунига юзтача нон ёпишлари мумкин экан. Нон дастурхоннинг шоҳ таоми бўлиш билан бирга, оилангиз бюджетини ҳам яхшигина тежайди-да.

  • Иқтисодий инқироз, бундан ташқари, одамларнинг қайтиб гиламдўзлик, бешикдўзлик, сават тўқиб сотиш каби қўл ҳунармандчилиги билан шуғулланишларига ҳам сабаб бўлмоқда. Мана бунга ўхшаш сузмани тайёрлаш учун эса, уйитилган сутни сурп ёки буздан қилинган қопчаларга солиб, зардобини силқитишингиз керак бўлади.

  • Иқтисодий шароит осон бўлмаган ҳозиргидек бир даврда томорқангиздан чиқадиган помидору, бодринг, кўкатлар ва қатиқ солинган мана бу шакароб ҳам бемалол тушликнинг ўрнини босади.

  • Тожик ҳукуматининг иқтисодий инқироз оқибатларини енгиллатишга қаратилган чора-тадбирларига қарамай, сўнгги пайтларда аксарият аҳолининг иқтисодий аҳволи ёмонлашган. Ўртача ойлик 60 долларни ташкил этса, бир кг гўштнинг баҳоси 5-6 АҚШ долларига тўғри келади. Шу сабаб гўшт сотиб олишни кўпчиликнинг чўнтаги кўтармайди. Ўртача тожик оиласи 5-6 жондан иборат бўлса, улардан фақат бир нафари ишлайди, холос. Шунинг учун ҳам, нарх-навонинг озгина кўтарилиши уларнинг турмушларида яққол сезилади.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.