Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Туркманистонда кўп нарса ўзгармади. Ўзгарган бўлса ҳам ёмон томонга ўзгарди '

Аннасултон (ҳақиқий исми эмас), Туркманистон масалаларини ёритувчи журналист

Фото муаллифлик ҳуқуқи ashgabat

1991 йили Совет Иттифоқи қулаган вақти мен ўттизга яқинлашиб қолгандим. Хорижий матбуот воситаларидан бирида Туркманистон масалаларини ёритиб келардим. Иттифоқ қулашидан аввал ва дастлабки йилларида ҳам Туркманистонга тез-тез сафар қилиб, вазиятни ва жараёнларни ўрганиб, мақолалар ёзиш имконига эга эдим.

Ҳеч қачон мустақил туркман давлатига эга бўлмаган туркманлар учун бу ҳодисалар ўта муҳим эди. Туркманлар ўзлари мустақил яшаганлар, лекин уларда давлат бўлмаган. Улар ҳамиша йирикроқ ва каттароқ бир кучнинг таъсири остида бўлганлар, Форс империяси дейсизми, ўзбек хонларими ва кейинчалик Россия ва Совет Иттифоқи. Совет Иттифоқининг қулаши мен учун анчадан бери кутган ҳодисам эди. Кўплар учун бу хабар ўта кўтаринки руҳ ва умидлар бағишлаганди.

Мустақилликдан кейини мен Туркманистон энди ўз мустақил йўлидан ривожланади, деб умид қилгандим. Унгача Туркманистондаги ҳар бир соҳа назардан четда қолдирилганди. Газ захирлари қазиб чиқарилиб, мамлакатнинг бошқа қисмларига юбориларди. Зиёлилар, таълим -тарбияга яхши эътибор берилмасди. Туркманлар асл туркман бўла олишмасди, яхши ишга жойлашиш учун рус тилини ўрганиш ва ёки ҳатто рус миллатига мансублар билан турмуш қуришга тўғри келарди. Мустақилликни туркманлар анчадан бери ўзлари хоҳлаган ҳаёт тарзини кечиришга имкон туғдирувчи омил сифатида кўрдилар.

Афсуски, бу умидлар рўёбга чиқмади. Авваллари мен Туркманистонга бориб- келиб юриш имконига эга бўлган бўлсам, 1993 йилдан бери бу имкон ҳам йўқолди. Мамлакат ташқи дунё учун эшикларини ёпиб олди. Туркманларнинг ҳар бир қадами қаттиқ назорат остига олиниб, хориж билан алоқалар узилди, мамлакат иҳоталаниб қолди. Ижобий ўзгаришлардан фақатгина кирилл алифбосидан лотин алифбосига ўтиш ва туркман тилига бир қадар кўпроқ эътибор берила бошлагани бўлди, деб ўйлайман холос.

Яшаш шароитларига келсак, булар яхшиланмади. Иттифоқ қулаши билан ҳаёт даражаси тушиб кетди. Мамлакатда йирик газ ва нефт захирлари бўлишига қарамай оддий аҳоли бундан кўп наф кўрмаяпти. Иш топиш ҳануз муаммо. Фақатгина Ашхабод ривожланмоқда, ва бутун мамлакатдан одамлар пойтахтга келиб, иш топишга ҳаракат қиладилар. Мамлакатнинг бошқа қисмларига эса эътибор қаратилмаяпти, ҳануз қашшоқ ҳолда қолган. Газ ва нефтдан тушадиган даромадларни ҳукумат мутлақ назорат қилади ва аксар пуллар пойтахтдаги йирик қурилиш лойиҳаларига сафрланмоқда. Оддий аҳоли ҳаётини яхшилаши мумкин бўлган деярли ҳеч нима қурилмаяпти. Баъзи шифохона ва мактаблар қурилган, лекин улар қуруқ бино, ичида на ускунаси ва на мутахассиси бор.

Фикримча Туркманистон мустақилликдан 20 йил ўтган бўлса ҳам ҳануз ўтиш даврида турибди. Чунки совет даврида раҳбар вазифаларда бўлган шахслар ҳамон ўз ўрнида, ҳамон бошқарувда. Совет давридан қолган дунёқараш сақланиб қолган. Иқтисодий, сиёсий ва ижтимоиий масалаларга ёндошув ҳам ўшандайлигича. Шунинг учун кўп нарса ўзгармаган. Ўзгарган бўлса ҳам ёмон томонга ўзгарган. Одамлар ҳануз янги авлод келиб, ижобий ўзгаришларга қўл урумикан деган умид билан яшамоқдалар. Шахсан мен бу умид қаердан келаётганини билмамайман. Чунки бу бир ҳаёлотга ўхшайди, реал умид эмас. Мамлакат шўролар даврида қандай бўлса шундайлигича қолмоқда.