Сўнгги янгиланиш 5 ноябр 2011 - 15:20 GMT

BBCUzbek.com товуқ қанотчаларидан тайёрланган нафис кабобни тақдим этади

Томоша қилинг

  • Лозим бўлган масаллиқлар (4 киши учун):

    1. 1.5 кг товуқ қанотчалари

    2. Бир дона ўртача катталикдаги бошпиёз

    3. 6-7 дона саримсоқ бўлакчалари

    4. 2 дона лимон

    5. 100 гр помидор шарбати

    6. 50 гр ўсимлик ёғи

    7. Таъбга қараб туз, зира, ҳовончада туйилган қуритилган гармдори, туйилган кашнич уруғи лозим бўлади

  • Аввалига товуқ қанотчаларини яхшилаб тозалаб, ювиб, сувини силқитиб оламиз. Кейин қанотчаларнинг учки қисмини кесиб ташлаб, қолганини иккига бўлиб оламиз. Таъбга қараб, тузини ростлаймиз. Кейин алоҳида битта чинни косага помидор шарбати, ўсимлик ёғи, майдаланган саримсоқ бўлаклари, таъбга қараб, туйилган гармдори ва кашнич уруғи ва иккита лимоннинг сиқилган сувини солиб, яхшилаб аралаштирамиз. Ва идишдаги товуч қанотчаларининг устидан соламиз. Кейин парракланган бошпиёзни ҳам солиб, идишдаги масаллиқни яхшилаб мижғиймиз. Шундан сўнг, устини ёпиб, бир кеча совутгичда қолдирамиз

  • Эртаси куни кабобни пиширишдан аввал ёғоч сихларимизни сувга солиб, бир неча соат ивитиб қўямиз. (Кабобни пишираётганда, ёниб кетмаслиги учун)

  • Кейин товуқ қанотчаларига ёпишган саримсоқ ёки пиёз бўлакларини қўлимиз билан енгилгина сийириб ташлаб, қанотчаларни тўрттадан қилиб сихга териб чиқамиз

  • Истасангиз, помидор ва бўлғор қалампирини ҳам алоҳида сихга ўтказишингиз мумкин. Кейин сихларимизни манқалдаги ёниб, тайёр бўлган кўмир устига териб чиқамиз

  • Кўмирнинг тафтига қараб, ҳар икки-уч дақиқада бир алмаштириб, 10-15 дақиқача пиширамиз. Бу кабобни бемалол гриллда ҳам пиширишингиз мумкин. Бунга ҳам шунча вақт тақозо этилади

  • Шундай қилиб, товуқ қанотчаларидан тайёрланган нафис кабобимиз ҳам тайёр бўлди. Ёқимли иштаҳа!

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.