Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистондаги сиёсий маҳбуслар муаммосининг ечими нимада?

Image caption Оғир табиат шароити ва маҳбусларга шафқатсиз муомала билан танилган "Жаслиқ" сиёсий маҳбуслар сақланадиган Ўзбекистон қамоқхонаси деб ҳам билинади.

Инсон ҳуқуқларини таъминлаш билан боғлиқ аҳвол таҳлил этилган халқаро ҳисоботларда Ўзбекистон номи Бирма билан тилга олинади, икки мамлакатдаги сиёсий тузумнинг ўхшашликлари санаб ўтилган ҳоллар ҳам бўлди.

Бирмани шу пайтгача бошқарган ҳарбий раҳбарият мамлакатдаги тизимнинг демократик эканига даъво қилмаган.

Ҳозирги пайтда эса мамлакат бошқаруви фуқаровий ҳукуматга берилган, Бирмадаги сиёсий ислоҳотлар жаҳон ҳамжамияти томонидан олқишланмоқда.

Шу пайтгача асосий сиёсий ислоҳотлар сифатида касаба уюшмаларининг рўйхатдан ўтказилгани, матбуот чекловларининг бир қадам юмшатилгани ва 200 атрофида сиёсий маҳбуснинг озод этилгани бўлди.

АҚШ Давлат котибаси Ҳиллари Клинтон ортидан Бирмага ташриф буюрган Британия Ташқи ишлар вазири Уилям Хейг Бирмадаги бошқа сиёсий маҳбусларнинг ҳам тутқунликдан чиқарилиши лозимлигини урғулаган.

Ўзбекистон ҳам хабарларга кўпда сиёсий маҳбуслар мавзуси билан тушади.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари Ўзбекистондаги сиёсий маҳбусларнинг сонини собиқ Шўролар Иттифоқи таркибида бўлган бошқа ҳар қандай мамлакатдан кўра кўпроқ эканини айтадилар.

Уларга кўра, мамлакат қамоқхонларида турли диний-сиёсий мотивлар асосида айбловлар қўйилиб қамалганлар сони бир неча мингга етади.

Яна мингдан ортиқ киши бу каби айбловлар билан қидирувда.

Ўзбекистон расмийлари "экстремистик" оқимлар ва ғояларга қарши курашни мамлакатда барқарорликни таъминлаш эҳтиёжи билан асослайдилар.

Бу даъволарда асос борми?

Би-би-си ушбу савол билан Ўзбекистон қамоқхонларида бир неча йил тутқунликда сақланган собиқ сиёсий маҳбус Сафар Бекжонга мурожаат қилди.