Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Рио де Жанейрода икки кўп қаватли бино қулаган - видео

Бразилиянинг Рио де Жанейро шаҳрида икки бино қулаб, кўчалар ва машиналарни босиб қолган. Бинолардан бири 20 қаватли эди.

Расмийлар бинолар ичида 11га яқин одам қолиб кетган бўлиши мумкинлиги, ва беш киши озод қилинганини айтишган.

Иморатлар нима учун қулагани ҳали номаълум, лекин гувоҳлар портлаш ва қаттиқ газ ҳиди ҳақида гапирганлар.

Шаҳар ҳокими Эдуардо Паес ҳодисанинг сабабини аниқлашдан аввал қутқарув ишларига асосий эътибор қаратилаётганини билдирди.

Би-би-си мухбири Пауло Кабралнинг хабар қилишича, биноларнинг биридаги лифт ичида қолиб кетган фаррош дўстига телефон қилиши ортидан қутқарувчилар томонидан чиқариб олинган.

Мунициал театр ва Петробрас нефт ширкати қароргоҳи яқинидаги бинолар қулаётганда янги қурилаётган тўрт қаватли иморатни ҳам буткул вайрон қилишган.

Ҳодиса саҳнаси ҳозирда ҳаробага айланган, қатор машиналар бино бўлаклари остида қолмоқда.

Мухбиримиз бир неча қутқарувчилар омон қолганларни қидираётгани ва полиция ҳудудни ўраб олганини айтмоқда.

"Зилзила каби"

Хавфсизлик мақсадида электр таъминоти узиб қўйилган.

Ўзини Гилберт деб таништирган бир гувоҳнинг айтишича, кўплар ер қимирлади деб ўйлашган.

"Худди зилзила юз бергандек бўлди. Аввалига бинонинг баъзи қисмлари ажралиб тушди. Одамлар қоча бошладилар. Кейин бинолар бутунлай қулаб тушди", - деди у.

Уч ой аввал Рио де Жанейродаги ресторанда юз берган газ портлаши уч кишини нобуд қилганди.

Бразилия 2014 йилда футбол бўйича Жаҳон Кубоги ва икки йилдан сўнг олимпия ўйинларига мезбонлик қилиши кутилар экан, Рио де Жанейронинг инфратизилмаси борасида хавотирлар изҳор қилинмоқда.