BBC navigation

Каримов нега ёшларга кўп мурожаат қилаяпти?

Сўнгги янгиланиш 22 март 2012 - 11:49 GMT

Медиа плейер

Тошкентлик фаол Санжар Саидовга кўра, ўзбек президенти араб баҳори ортидан ўз маърузаларида ёшларга кўп мурожаат қилишни бошлади. Айни дамда, фаол Ўзбекистонда авторитар тизимларни қораловчи ва демократик руҳда фикрловчи ёшлар гуруҳи шаклланган.

Тинглашmp3

Муқобил медиа плейерда ўйналсинми

Фуқаролик жамияти ёш фаоллари гуруҳига кўра, ёшлар ҳуқуқлари ҳақида гап кўпайганига қарамай, уларнинг жамиятдаги мавқеи ошмаган

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов Наврўз байрами билан Тошкентда бўлиб ўтган тантанада чиқиш қилар экан, мамлакат ёшларига алоҳида мурожаат қилган. "Шу азиз муқаддас ватанимиз сизларнинг ҳар бирингизга ишонади. Ана шундай юксак ишонч барчангизга мададкор бўлсин. Шу ишончга ҳамиша муносиб бўлиб яшанглар, азиз фарзандларим", - деб айтди президент.

Таҳлилчилар 74 ёшли ўзбек раҳбарининг маърузаларида ёшларга мурожаат тобора кучайиб бораётганини таъкидлашади.

Тошкентда жойлашган Фуқаролар жамияти ёш фаоллари гуруҳи координатори Санжар Саидов ҳам шу фикрга қўшилади.

"Ёшларга алоҳида урғу бериб, уларни қўллаб-қувватлашни тарғиб этиш жараёнларини кузатиш мумкин. Бу кейинги вақтларда жуда кучайиб кетди. Бу араб баҳоридан кейин шундай бўлди", - дейди у.

Саидов ёшларга эътибор мисолида Ўзбекистон Вазирлар маҳкамасида таркибида махсус ёшлар билан ишлайдиган идора очилгани ва президент девонида ёшлар масаласи бўйича маслаҳатчи тайинланганини ҳам урғулайди.

Бироқ, бу эътибор таъсирида ёшларнинг жамият ва сиёсатдаги мавқеи ошганми?

Ёш фаол, совет давридаги комсомол ҳаракатининг ўрнини босган "Камолот" ташкилотида охирги даврда ёши катта мулозимлар ташкилот маъмуриятидан четлатилгани ва уларнинг ўрнини 40 ёшдан кичик бўлган мулозимлар эгаллаганини айтади.

"Катта ёшдаги одамлар, тўғри, ёшлар муаммоларини тушуниши мумкин. Лекин, ўзи ёш бўлмагандан кейин, ёшлар масаласи билан шуғулланадиган мутахассис сифатида барибир уни тушунмайди", - дейди у.

Лекин, унга кўра, 50 ёшли мулозимларнинг ўрнини ёш кадрлар билан эгаллаш ислоҳоти сезиларли бирон ўзгаришга олиб келмаган.

Араб баҳори ва ўзбек ёшлари

Сиёсий таҳлилчилар Яқин Шарқ авторитар тизимларидаги инқилоблар ортидан Ўзбекистон маъмуриятида ёш аҳоли салоҳияти ва ҳатто ундан келадиган таҳдид борасида янгича фикр шаклланганини таъкидлайдилар.

Саидовнинг айтишича, араб давлатларидаги инқилоблар даврида ва бу ўзгаришлар ортидан ўзбек ёшлари орасида "парадоксал" вазият юзага келди.

"Масалан, баъзи ёшлар араб баҳорини қоралаб, Ўзбекистондаги ютуқларни мақтадилар. Иккинчи гуруҳдаги ёшлар эса, мен ўзим шундай бир жумлани шакллантирганман, эволюцион ривожланиш бўлмаган мамлакатда революцион ривожланиш қилиш керак деб фикрлай бошладилар, шундай ёшлар гуруҳи шаклланди. Араб баҳори бунинг учун бизга энг яхши намуна бўлиб хизмат қилди", - дейди у.

Ёш фаол ўзбек ёшлари орасидаги бу фикрлар ва йўналишлар борасида тадқиқотлар олиб боргани ва бу ёшларнинг характерига чизгилар аниқланганини айтади.

"Иккинчи гуруҳдаги ёшларнинг кўпчилиги ижтимоий-гуманитар йўналишда таълим олган, бир қисми чет элларда ўқиб келган, интернетдан доимий равишда фойдаланиб турадиган, энг охирги янгиликлар ва таҳлилларни ўқийдиган ва бунга нисбатан ўз шарҳини ёзиб қолдирадиган ёшлардир. Араб баҳори даврида ҳам, Мисрдаги воқеалар, Қаддофий борасида комментарийлар бўлди. Бугунги кунда авторитар тизимга қарши бўлган, замонавий демократик руҳда фикрлай оладиган гуруҳ шаклланди", - дейди у.

Лекин, айни дамда, фаолнинг таассуфига биноан, бу каби гуруҳ ёшларини бирлаштирадиган, "уларнинг фикларини ўнглаштириб, сиёсий дастур сифатида илгари сурадиган бирон бир ташкилот ё етакчининг ўзи йўқ".

Биз билан боғланинг

* Тўлдириш шарт бўлган жойлар

Videos and Photos

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.