Ўзбекистон Олимпия ҳайъати очилиш маросимига қандай ҳозирлик кўрмоқда?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Яна саноқли соатлардан сўнг Британия пойтахти Лондонда XXX Ёзги Олимпиада Ўйинларининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтади.

Бу - Лондоннинг учинчи бор дунёдаги энг йирик спорт беллашувига мезбонлик қилиши бўлади.

Шу пайтгача жаҳоннинг ҳеч бир давлатига бу каби шараф насиб этган эмас.

Очилиш маросимида дунёнинг икки юздан ортиқ давлатидан келган минглаб спортчилар ва спорт мулозимларининг иштирок этишлари кутилмоқда.

Уларнинг орасида Ўзбекистон Олимпия ҳайъатининг ўнлаб аъзолари ҳам бўлишади.

Қарийб ўттиз миллион фунт стерлингга тушган тадбир британиялик таниқли режиссёр, Оскар мукофоти соҳиби Данни Бойл томонидан саҳналаштирилган.

Феруза Раҳмон аллақачон Олимпиада қишлоғида жойлашиб олган Ўзбекистон Олимпия ҳайъати раҳбари Жасур Акрамовдан очилиш маросимига сўнгги ҳозирликлари ҳақида сўраган:

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бугун тонгги соатларда Лондоннинг тарихий Big Ben идан бошлаб, бутун қироллик бўйлаб уч дақиқага янграган бонглар билан аллақачон бир кунлик тантаналар бошланиб кетган.

Ташкилотчилар Ўйинларнинг очилишини велосипедники бўладими ёки черковники, минглаб қўнғироқлар ёрдамида бутун дунёга билдириш режасида эдилар.

Сўнгги бир ой давомида бутун Британия бўйлаб кезиб юрган Олимпия машъаласи ҳам ўз саёҳатининг сўнгги босқичини бошлаб юборган.

АҚШ президентлигига номзод Митт Ромни бўлмайдими, британ ҳукумати Олимпиада Ўйинларининг муваффақиятига шубҳа билдирган ҳеч кимнинг фикрига қўшилмаслигини айтмоқда.

Британия Бош вазири ва Лондон ҳокимининг такрор ва такрор даъво қилишларича, бу - мамлакатлари учун тарихий онлардир ва ҳаммаси яхши бўлади.

XXX Лондон Ёзги Олимпиада Ўйинларига сўнгги ҳозирликлар ҳам хавфсизлик, нақлиёт тизими билан боғлиқ муаммолар ва қатор иш ташлашлар хавфи остида кечганди.

Узлуксиз ёғингарчиликлар ортидан ўтган бир неча кун бироз яхшиланган об-ҳаво эса, бугун, яъни нақ Олимпиада Ўйинларининг расмий очилиш маросими арафасида яна ўзгарган.

Ҳаво ҳарорати +26 даража иссиқ бўлиши кутилаётган эса-да, мутахассислар шаррос ёмғирлар қуйиб беришини ҳам башорат қилишмоқда.

Лондон 2012: Олимпия Ўйинлари Ўзбекистонда қандай акс-садо бермоқда?

Бу мавзуда батафсилроқ