Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Миржалол Қосимов: 'Ҳали ҳеч нарса йўқотилгани йўқ'

Фото муаллифлик ҳуқуқи fcbunyodkor.com

Шогирдларининг 2014 йилги Жаҳон чемпионатининг сўнгги босқич саралаш учрашувлари доирасида Жанубий Корея билан эришган дуранг натижасига баҳо бераркан, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийси Миржалол Қосимов ҳали ҳеч нарса йўқотилгани йўқлигини таъкидлайди.

Ўзбекистонлик бош мураббий кеча Тошкентнинг "Пахтакор" стадионида бўлиб ўтган ўйинда ҳар икки терма жамоа ютиши ҳам, ютқазиб қўйиши ҳам мумкин бўлганини айтади.

"Жудаям жанговар ўйин бўлди. Албатта биз ютишга ҳаракат қилган эдик. Аммо натижа дуранг бўлди. Шундаям қониқиш бор. Болалар шижоатли ўйин кўрсатишди. Кечаги ўйинда бор кучларини беришди", дейди у.

"Ниҳоятда хурсанд қилгани, Жанубий Кореядек жамоага қарши жипслашиб, жудаям чиройли, мазмунли ўйин кўрсатишди. Ғалабага бўлган ишонч, ғалабага бўлган шижоат болаларда яққол кўринди".

Миржалол Қосимовга кўра, ҳам ютиш, ҳам ютқазиб қўйиш имконияти бўлган учун, кечаги учрашувда қўлга киритилган бир очко ҳам ёмон эмас.

"Мен ўйлайманки, ҳали ҳеч нарса йўқотилмаган. Аммо кейинги ўйинларда, албатта, ғалаба қозонишимиз керак", дейди у.

Ўзбекистонликлар бош мураббийси жамоасининг гуруҳда энг қуйи ўринни эгаллаб тургани ўзини хавотирга солмаётгани, қолган тўрт жамоанинг тўплаган очколари бир-бирига яқин экани, бўлажак ўйинлар жадвални ўзгартириши мумкинлиги, шунинг учун ҳам бундан буёғига майдонга фақат ғалаба учун чиқишларини айтади.