Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ғалаба куни қаерда қандай байрам қилинмоқда?

Пойтахт Москванининг Қизил майдонида фашистлар Олмонияси устидан қозонилган ғалабанинг 68 йиллиги бу йил ҳам ҳарбий парад билан нишонланган.

Ҳарбий парадни очиб бераркан, Россия Президенти Владимир Путин, "Биз ҳар доим айнан Россия, Шўролар Иттифоқи фашистларнинг дунёни забт этишига йўл қўймаганини эсда тутамиз", деб айтган.

Россия раҳбарининг баён қилишича, "Ер сайёрасининг хавфсизлигини мустаҳкамлаш учун қўлларидан келган барча ишни қилишади".

Собиқ Шўро давлатларининг аксариятида ҳам 9 май - Ғалаба куни муносабати билан бугун турли тадбирлар бўлиб ўтган.

Ўзбекистонда эса, айни сана 1999 йилдан буён Хотира ва Қадрлаш куни сифатида нишонланиб келади.

Иккинчи Жаҳон уруши даврида 1.5 миллион ўзбекистонликнинг фронтга кетгани айтилади.

Улардан тўрт юз мингдан ортиқроғи эса, ҳеч қачон ортга қайтмаган.

Иккинчи Жаҳон урушида жанг қилган ўн минглаб ўзбекистонликлар турли орден ва медаллар билан тақдирланишган.

Уларнинг ораларида "Совет Иттифоқи қаҳрамони" унвонини олганлари ҳам юзлабдир.

Ўзбекистон президенти ҳар йили ушбу сана арафасида Иккинчи Жаҳон уруши фахрийларини турли миқдордаги пул мукофотлари билан тақдирлаб келади.

Жумладан, бу йил ҳам президент Ислом Каримовнинг махсус фармони билан уларнинг ҳар бирига 500.000 сўм миқдорида пул берилган.

Бугунги кунда Иккинчи Жаҳон уруши фахрийларидан фақат бармоқ билан санарлисининг ҳаёт экани айтилади.

Ўзбекистон 9 майни Ғалаба куни сифатида байрам қилмаса-да, президент Ислом Каримов МДҲга аъзо бошқа давлатлар раҳбарларини ушбу сана билан қутлашни унутмаган.