Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Миржалол Қосимов: 'Девид Бекҳемдек ўйинчи камдан-кам туғилади'

Image caption Миржалол Қосимов: 'Бекҳемдек ўйинчилар камдан-кам туғилади'

Ўзбек футболи тарихидаги учта юлдуз футболчидан биттаси саналувчи Миржалол Қосимов Англия миллий терма жамоаси собиқ сардори, инглиз футболи юлдузи Девид Бекҳемнинг катта футболни тарк этиш қарорига ана шундай муносабат билдирди.

"Албатта, Девид Бекҳем футболчи сифатида юлдуз, ҳақиқатан ҳам жудаям кучли ўйинчи. "Манчестер Юнайтед"да ҳам, Англия миллий терма жамоасида ҳам жуда катта ютуқларга эришган. Шунинг учун унинг ўйини менга ҳам жудаям маъқул", дейди ўзбекистонлик футбол юлдузи.

"Эскидан айтилган, менга ярим ҳимоянгни кўрсатгин, жамоанг қанақа ўйнашини кўрсатиб бераман", деб. Қайси клубда ўйнашидан қатъиназар, керакли жойда ва жамоанинг юраги бўлиб ўйнаган. Майдонда астойдил ҳаракат қилиб, жамоасига жудаям кўп фойдасига теккан. "Манчестер Юнайтед"да ҳам, "Реал"(Мадрид)да ҳам жудаям чиройли ўйин кўрсатган, жарима тўпларини ҳам жудаям чиройли тарзда тепиб, дарвозаларни ишғол қилган".

Миржалол Қосимовнинг айтишича, ҳозир Англия футболида Девид Бекҳемнинг ўрнини босадиган футболчи йўқ.

"Майдонда Девид Бекҳемдек ҳаракат қиладиган ўйинчини ҳозирча кўрмаяпман", дейди у.

"Афсус, бунақа ўйинчилар камдан-кам туғилади. Вақтида кетаяптию, лекин футболда жудаям ёрқин из қолдирди".

Девид Бекҳем пайшанба 16 май куни жорий футбол мавсуми якунида профессионал футболни тарк этишини эълон қилди.

Ўз вақтида Англиянинг энг олд - “Манчестер Юнайтед" жамоасига ҳам сардорлик қилган 37 ёшли Девид Бекҳем ўтган йил 1 декабр куни Американинг "Лос-Анжелес Гэлакси" клуби билан хайрлашиб, Франциянинг “Пари-Сен-Жермен” жамоаси билан 6 ойга шартнома имзолаганди.

Девид Бекҳем 5 йиллик шартнома асосида ўзининг "Лос-Анжелес Гэлакси" клубига ўтиш қарори билан Шимолий Америка Олий лигаси асос солинган 1996 йилдан буён Америка майдонларида ҳам тўп сурган энг машҳур футболчига айланганди.

Америка клубига ўтмасидан аввал Девид Бекҳем Испания наҳангларидан бири - Мадриднинг "Реал" клубида тўп сурган.

Англиялик ярим ҳимоячи жаҳон футболи юлдузлари тўп сурувчи "Реал"га 2003 йилда "Манчестер Юнайтед" жамоасидан ўтганди.

Девид Бекҳем қизил иблислар сафида олти бор Англия, "Реал"(Мадрид) сафларида эса, бир бор Испания чемпиони бўлган.

Девид Бекҳемнинг профессионал футболни тарк этиш қарорига Сиз қандай қарайсиз? Фикрларингизни биз билан ўртоқлашинг.