Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Осиё Чемпионлар лигасида Ўзбек жамоалари қолмади

Тошкентда Тайланднинг "Бурирам Юнайтед" жамоасига қарши нимчорак финалининг жавоб учрашувида дуранг натижа қайд этган "Бунёдкор" ортидан бу йил Осиё чемпионлари чемпионлиги учун беллашаётган Ўзбек жамоаси қолмади.

Ўзбекистоннинг амалдаги чемпиони "Пахтакор" ва Тошкентнинг "Бунёдкор" жамоаси бу йилги Осиё Чемпионлар лигасида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритишганди.

Шерлар турнирдаги иштирокларига гуруҳ босқичидаёқ якун ясашган бўлса, қалдирғочлар ўз гуруҳларида биринчи ўринни эгаллаб, нимчорак финалига чиқишга муваффақ бўлишганди.

Аммо "Бунёдкор" ўтган ҳафта нимчорак финал беллашувининг дастлабки учрашувини сафарда Тайланд жамоасига 1:2 ҳисобида бой бериб, кеча ўз майдонида ўтказган жавоб ўйинида 0:0 дуранг натижа қайд этди.

Шундан сўнг, қалдирғочлар ҳар икки ўйин натижасига мувофиқ, бу йилги Осиё Чемпионлар лигасининг чорак финалига чиқа олишмади.

"Бунёдкор" ўзининг қисқа тарихида икки бор турнирнинг ярим финалига чиқишга муваффақ бўлган ва бу йил нимчорак финалига қадар мағлубият нималигини билмаган эди.

Жамоа бош мураббийси Миржалол Қосимов, ҳар галгидек, бу йил ҳам ўз олдиларига Осиё Чемпионлар лигасининг финалига чиқиш қадар олий мақсад қўйишгани, аммо футболда ўзлари тушгани каби вазиятлар тез-тез учраб туришини айтади.

"Бунинг ўзига яраша бир, иккита сабаблари бор. Менимча, гуруҳда биринчи ўринни олиб, нимчорак финалига чиққанимизга ҳам болалар қанақадир хотиржамликка берилишдими, деб ўйлайман. Ўзингиз биласиз, футболда ҳеч қачон хотиржамликка берилиш керак эмас. Ва, албатта, ҳар битта ўйинга жиддий қараш керак", дейди у.

"Тўғрисини айтсак, "Бурирам" ҳам яхши ҳимояланди. Имконият бермади. Лекин бунақа ўйинларда жудаям кўп вазият бўлмайди. Лекин бир-иккита вазият бўлди, ўша вазиятларни голга айлантириш керак эди. Тез гол керак эди, бизлар шуни эплай олмадик".

"Лекин бу жамоадан ўтсак бўларди. Шуниси одамнинг сал асабига тегаяпти. Нимагаки, агар улар бир калла юқори ўйнаб, бизлар кучсизроқ бўлганимизда, унда тан бериб, ҳақиқатан ҳам биз бу жамоани ютолмадик, десак бўларди. Лекин бу жамоадан ўтишимиз мумкин эди", дейди "Бунёдкор" бош мураббийси Миржалол Қосимов.