Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Ўрта Осиё борсак ўлмаймиз, у ерда биздек мусулмонлар бор'

Image caption Қрим татарлари ҳамон ота-боболари ҳайдаб чиқарилган уй-жойларини қайтариб олишолмаган

"Поезд тўхтамас, уятнинг зўридан эркаклар олдида ҳожатини чиқаролмаган мусулмон қизлар ва аёллар, димиққан кексалар ва оч-наҳор болалар йўлда ўлишарди" - эслайди қрим татар аёли.

"Майитларни ким ва қачон кўмади, баъзида одамлар жигаргўшалари жасадини кетаётган поезддан ташлаб юборишса, баъзан тўхтаган станцияда номаълум ишчиларга топширишарди".

1944 майида Қрим татарларининг бир кечада уй-жойлари ва ватанларидан бадарға қилинганини омон қолганлар ана шундай эслашади.

Сталин бошчилигидаги Совет Ититфоқи ўшанда қофқозлик чеченлар, ингушлар, месхети турклари ва узоқ шарқлик корейслар каби Қрим татарларини ҳам юк поездларига солиб, Марказий Осиёга жўнатади.

Қрим татарларини гуё немис фашистлари билан ҳамкорликда айблашади ва аксарият Ўзбекистонга юборилади.

Йўлдаги қийинчиликлар ва янги жойдаги шароитларга кўниколмаган минглаб татарлар оламдан ўтишади.

"Ўзбекистонга келгач ҳам кўпчилик татарлар очлик ва турли касалликлардан нобуд бўлишди" - деганди қашқадарёли кекса онахон -"Ёнимиздаги бўш уйга жойлаштирилган татар оиласининг олти қизидан бештаси оламдан ўтганди".

Совет Ититфоқи Қрим татарлари номини қора қилишга қаттиқ ҳаракат қилиб келган. Бироқ бу халқ ниҳоят ватанга қайтишга мушарраф бўлди.

Аммо ҳамон кўпчиликнинг Қримдаги шароитлари афтодаҳол.

Татарлар ўзлари ҳайдаб чиқарилган уйларини қайтариб олишолмаган. Денгиз бўйидаги жаннатмакон гўшаларда бугун аксар руслар истиқомат қилишади.

Ўзбекистондан борган татарлар эса чўл ва қақраган минтақалардан ер олишган. Бироқ қатор татарлар Қримга қайтиб боришмади.

Ҳали 9 яшар қизалоқлик пайти Ўзбекистоннинг Шаҳрисабз шаҳрига ўз оиласи билан бирга бадарға қилинган Марям-опа ота-онаси ва ака-опаларининг Ўзбекистондаги қабрини "беҳурмат қилиб", Қримга кетишдан бош тортганди.

Марям опа умрининг сўнгги йилларини Ўзбекистонда ўтказган ва ҳозир унинг қабри ҳам Шаҳрисабздаги яқинлари ёнида.

Би-би-си Ўзбек Хизмати ходими Рустам Қобил Марям-опа тириклигида унинг болалик хотираларини ёзиб олган эди.