Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Бразилия 2014: Ўзбекистонда ҳалиям имконият борми?

Тошкентдан футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаевнинг айтишича, Жанубий Кореяга қарши "тарихий учрашув"даги мағлубиятига қарамай, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 2014 йилги жаҳон чемпионатига чиқиш имкониятига эга.

Шарҳловчига кўра, бунинг учун агар бугун бўлиб ўтажак учрашувда Эрон Ливан билан дуранг ўйнаса, Ўзбекистон Қатарга қарши сўнгги беллашувида ғалаба қозонса ва Жанубий Корея навбатдаги ўйинида Эронни енгса, бўлди.

"Шунинг учун ҳам, мен Ўзбекистон миллий терма жамоасининг имкониятлари ҳали юқори деб ҳисоблайман", дейди Аброр Имомхўжаев.

Унга кўра, бундай бўлиб чиқмаган тақдирда ҳам, Ўзбекистон миллий терма жамоаси ихтиёрида яна бир имконият қолади.

"Унақада биз гуруҳда учинчи ўринни оламиз ва "В" гуруҳида учинчи ўринни олган жамоа билан плей-офф баҳсида қатнашамиз. Яъни, шу ҳолатда ҳам бизлар барибир жаҳон чемпионатига чиқиш учун курашимизни давом эттириш имкониятини сақлаб қоламиз".

Аброр Имомхўжаев Қатарга қарши бўлиб ўтажак ўйинда ўзбекистонлик футболчиларнинг қўллари баланд келишига ҳам ишончи комил эканини таъкидлайди.

"Барибир, бизлар ҳамма томонлама Қатардан кучлимиз. Буни уларни сафарда ютиб келганимиздан ҳам билса бўлади. Бунинг устига Қатарда ҳеч қандай мотивация қолмаган. Ва учинчиси, Ўзбекистон ўз уйида, ўз майдонида, ўз мухлислари олдида кучлилигини, албатта, исботлаши керак".

Агар, бугун Сеулда бўлиб ўтган сўнгги босқич саралаш беллашувларининг 9-тур учрашувида ғалаба қозонганида, Ўзбекистон муддатидан илгари ва ўз тарихида илк бор жаҳон чемпионатига чиққан бўларди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Бош мураббийи бугунги учрашув арафасида "ўз олдларига фақат шу мақсадни қўйганликлари"ни айтганди.

Аммо учрашув 1-бўлимининг 43-дақиқасида Акмал Шораҳмедов томонидан киритилган автогол ҳал қилувчи ўйинда Жанубий Корея миллий терма жамоасининг устунлигини таъминлади.

Футбол шарҳловчиси Аброр Имомхўжаев қайд этилган сўнгги мағлубиятнинг ўзига хос объектив ва субъектив сабаблари борлигини таъкидлайди.

"Биринчидан, Пекиндан Сеулга боришимиз чўзилиб кетди, икки кун қолиб кетишимизга тўғри келди. Иккинчидан, бугун ёғиб ўтган ёмғир. Ёмғир, кўпинча, ҳужум қилаётган жамоага кўпроқ халақит беради. Ўзбекистон бугун кўпроқ ҳужум қилиб, кўпроқ гол уриш иштиёқида бўлади. Ўша Акмал Шораҳмедов ўзига ўзи тўп урган вазиятда ҳам, бу- омадсизликдан бошқа нарса эмас. Мени хурсанд қилган нарса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси бугунги учрашувда қўлидан келган ҳамма нарсани қилди".

Осиё қитъасига жаъми 4.5 ўрин ажратилган бўлса, уни қўлга киритиш учун сўнгги босқич саралаш беллашувларида 10 миллий терма жамоа кураш олиб боришмоқда.

Сўнгги босқич беллашувларининг сўнгги тур учрашувлари эса, 18 июн куни ўз поёнига етади.

Худди шу куни Ўзбекистон ўз майдонида сўнгги рақиби Қатарни қабул қилади.

Сўнгги ғалабаси ортидан, Жанубий Корея 7 ўйиндан 14 очко жамлаб, "А" гуруҳидаги пешқадамлик мавқеини мустаҳкамлаб олди.

Ўзбекистон ҳисобида 11 тадан очко бўлса, Эронни улардан фақат бир очко ажратиб турибди, холос.