"Тошкентдаги арчалар ва оқ иморатлар қабристонни эслатади"

Тошкентда арча дарахтига бағишланган кўргазмани ўтказган Носвой (Nas WHY?) арт гуруҳи ҳуқуқ тартибот идораларининг назарига тушган. Милиция кўргазма бўлиб ўтган хусусий ховли ҳақида маълумот йиға бошлаган.

Арча дарахти Ўзбекистон шаҳарлари бўйлаб энг анъанавий дарахт турига айланаяпти, юз йиллик чинорлар йўқ қилинган Амир Темур ҳиёбонидан тортиб, банк ва музейлар қаршисига, йўллар бўйларига арча ўтқазилмоқда.

"Менинг севимли дарахтим" кўргазмасини ташкил қилган гуруҳнинг бир аъзосига кўра, кўп жойларда арчалар қуриб ётганини кўриш мумкин, чунки қуруқ ўзбек иқлимига мос келмаган арчалар етарлича суғорилмаяпти.

Гуруҳнинг бошқа аъзоси эса Тошкентни мақбараларга ўхшаган қатор-қатор оқ бинолар ва арчалар қоплаган қабристонга қиёслайди.

Кўргазма иштирокчиларига кўра, арча Президент Ислом Каримовнинг энг севимли дарахтидир.

Би-би-си кўргазмани ташкил қилган рассомлардан баъзилари - Насвайщик, Любовь Кольцо ва Луиз билан суҳбатлашди.

Насвайщик: Кўргазма 9 июнда эски бир уйнинг ҳовлисида бўлиб ўтди. Барча расмий санъат галереялари бу кўргазмани ўзларида ўтказишдан бош тортишди. Шунинг учун оддийгина ҳовлида ўтказдик. Бу кўргазмадан галереялар қўрқишди. Бутун халқ севадиган бу дарахтни, арча дарахтини кўрганда ҳаммада ҳукумат билан боғлиқ фикрлар уйғонади ва қўрқув пайдо бўлади.

Би-би-си: Демак арчалардан қўрқишаяпти, шундайми?

Насвайщик: Арча бу ерда бир рамздек тақдим этилаяпти, унинг ўзига яраша метафизик кучи бор. Масалан, Тошкентда кимдир дўкон очса, ёки уй қурса, бу иморатнинг олдига арча ўтқазиш анъанага айланди. Бу ҳудди ҳукуматга хайрихоҳликни англатувчи бир ишора. Масалан бир уйнинг олдидан ўта туриб, унинг олдида арчани кўрсангиз, демак бу уй эгаси ҳукумат сиёсатини қўллаб-қувватлайдиган шахс деб тушуниш мумкин. Балки бу шахс шу ҳукуматнинг вакили ҳамдир.

Би-би-си: Агар арчани бутун Ўзбекистоннинг энг анъанавий дарахти деб қабул қилишган бўлса, нима учун уни кўргазмага қўйишдан қўрқади расмий галереялар?

Насвайщик: У аслида Ўзбекистон учун анъанавий дарахт эмас. Иқлим шароитларини олиб қарасак, Тошкентда ҳар доим кўп соя ташлайдиган катта дарахтлар ўтқазилган. Арча эса фақат ўз ичига соя ташлайди. Биз ана шу масалани тадқиқ қилишга киришдик. Лекин, биз ҳозир юз тутаётган муаммо, бу расмийларнинг муносабати бўлаяпти. 14 ва 15 июнь кунлари олтита милиционер келиб, шу ҳовли атрофидаги учта уйнинг барча яшовчиларини сўроқ қилишган. Одамлар милицияга бу кўргазма уларга ёққани ва унда ҳеч қандай сиёсий йўналишни кўрмаганларини айтишган, ва нима учун сўроқ қилинаётганларини сўраганлар. Милиция эса шу кўргазмани ўтказган рассомлардан бири кўргазма ўтган ҳовлида қотилликка қўл урганини билдирганлар. Қўшнилар энди қўрқиб қолишган. Улар биздан сўрашаяпти, "ким ўлдирилди", деб. "Қандай даҳшат", дейишаяпти. Жуда қўрқиб қолишган.

Би-би-си: Сизларни, яъни рассомларни, милиция сўроқ қилдими ҳеч?

Насвайщик: Йўқ. Милиция келган вақти арт группамизнинг бир аъзоси шу ҳовлидаги устахонасида бўлган. Қўшнилар милициядан "Нима учун унинг ўзини сўроқ қилмайсиз?" деб сўраганларида, милиционерлар у ҳақида етарли маълумотга эга экани ва вақти келганда унинг олдига ташриф буюришларини айтишган, холос.

Би-би-си: Мақсадингиз нима эди арча ҳақида кўргазма ўтказишдан?

Насвайщик: Бу атрофимизда бўлаётган воқеъликка бўлган муносабатимиз. Биз ҳозирги куннинг ўзида нималар бўлаётганини санъат тили билан ҳикоя қилаяпмиз. Бизга бир олмониялик томошабин келди. Уларда "Кўзингга помидор тушибди" деган ибора бор экан. Мен унга "энди кўзингга арча тушди" дедим. Яъни кўзингизга арча тушса, атрофда нималар бўлаётганини пайқамай қолишингиз мумкин.

Би-би-си: Ўзбекистонда арчадан бошқа ижтимоий муаммолар кўп. Масалан ишсизлик, ёки болалар меҳнати. Нега айнан арча масаласига тўхталдингиз?

Насвайщик: Биласизми, у каби муаммолар билан шуғулланадиган муайян ташкилотлар бор. Масалан, ЮНЕСКО, ёки инсон ҳақларини ҳимоя қилувчи ташкилотлар. Биз эса рассомлармиз. Арча эса - метафора. Биз ўз фикримизни изҳор қилиш учун танлаган усул эса - бадиий жест.

Би-би-си: Любовь Кольцо, сизга сўз берсак. Сиз кўргазмага қўйган объектда тўқмоқ устида арча ўрнатилган. Бу билан нима демоқчи эдингиз?

Любовь Кольцо: Бу проект "Чинни ғилоф" деб аталади. Ғилоф оппоқ рангда, унинг ортида эса тўқмоқ яширинган. Тикки турган тўқмоқнинг тепасида эса арча қад ростлаган. Ғилофнинг ички тарафи ойнада акс этади. Мана шу ойна бугунги вазиятни тушуниш жараёнидаги қўрқув ҳиссини англатади. Айтмоқчи бўлганим, ҳукумат учун одамлар орасида қўрқув бўлгани қўл келади. Ҳукумат айнан шу қўрқув ҳисси ёрдамида оломонни бошқаришга муваффақ бўлади.

Би-би-си: Тўқмоқ тепасидаги арча нимани англатади?

Любовь Кольцо: Арча тўқмоқ учидаги найзасимон гумбаздек гавдаланади. Бу арча ҳукуматнинг моҳиятини яширгандек. Яъни, бу жозибадор яшил арчанинг ортида ҳукуматнинг қудрати ва таҳдиди яширинган. Тўқмоқ бир қарашда кўринмайди. Одамлар эса арча остида яширинган тўқмоқ борлигини англаб етишган ва қўрқишади.

Би-би-си: Сиз ҳам Тошкент бўйлаб сайр қилаётганинизда, арчани кўрсангиз, қўрқасизми?

Любовь Кольцо: Биласизми, Тошкентда худди йирик бир ёдгорлик мажмуасини яратишаётгандек туюлади менга. Бу менга ҳатто Сталин даврларини эслатади. Менга арчалар дағаллик ва парда ортидаги пост-Совет ҳудудининг деспотизмидек кўринади. Шаҳар ҳудди қабристонни эслатади. Қатор-қатор иморатлар, атрофида эса арчалар... Мана шу янгича меъморчилик усули менда, рассомда, баҳайбат қабристон ҳиссини уйғотаяпти. Уни милиция ҳимоя қилади. У ерда йиғилиб, ниманидир нишонлаш тақиқланади. У тинч, сокин сақланади. Майсанинг устига ўтириш тақиқланади. Одамлар ўтириб дам олиши зарур бўлган раста ё қаҳвахоналар йўқ қилинган. Ёз ойларида Тошкент маркази ҳувиллаб қолади. Бу йирик бир мемориал комплексига ўхшайди.

Би-би-си: Суҳбатга Луизни жалб қилсак. Луиз сиз бельгияликсиз, лекин Тошкентда яшаб ижод қилар экансиз. Хорижлик одам сифатида, сизга ўзбекистонликларнинг арчага бу каби ружу қўйиши қандай туюлади?

Луиз: Менда бу фикр анча аввалроқ пайдо бўлганди. Мен қурилиш майдонларини яшириб турадиган сохта деворлар, яъни пластик баннерларни кўрганимда, уларда арчалар сурати акс этганига гувоҳ бўлдим. Нима учун айнан шу дарахтни танлашди, нима учун Марказий Осиёда, деб ўйланиб қолдим. Марказий Осиё анча қуруқ иқлимга эга, сув кам. Бу дарахтлар на соя ё на мева беради. У инсонлар фаровонлиги учун бирон хизмат қилмайди. Халқ ҳақида қайғурган одам арча ўтқазмайди. Шунинг учун, бу арчалар менга Ўзбекистондаги воқеъликнинг метафораси сифатида гавдаланди. Бу баннерлар орқасида нималарнидир яшириш усули ҳам рамзий аҳамиятга эга.

Би-би-си: Сиз арчаларни кўрганда нимани ҳис қиласиз? Сизни ҳам қўрқув босадими?

Луиз: Йўқ, қўрқув эмас, ғам босади. Чунки, бу бечора дарахтлар бу иқлимда азоб чекишаяпти. Кеча Самарқандга боргандим, йўл бўйида юзлаб арчалар қуриб, ўлаётганига гувоҳ бўлдим. Уларни кўп суғориш керак. Уларнинг ҳамма жойда ўтқазилиши менга бемаъниликдек туялаяпти.

Би-би-си: Сизнингча, нима учун арчаларни бунча кўп ўтқазишаяпти Ўзбекистонда?

Луиз: Чунки у Президент Ислом Каримовнинг энг яхши кўрган дарахти.

Би-би-си: Сиз буни қаердан биласиз? Унинг ўзи шундай деб айтганми?

Луиз: Билмайман, лекин ҳамманинг оғзидаги миш-миш шу - бу дарахтни президент яхши кўрар экан. Арчалар гўёки ҳавони тозалар экан. Мен кўп одамлардан бу ҳақида сўрадим, кўплар жавоб беришга қийналди, лекин баъзилар арчалар ҳавони тозалашини айтишди. Шахсан мен учун бу рамзий маънога эга. Гап бу ерда тартиб ҳақида кетаяпти. Арчалар бошқа дарахтларга ўхшаб баргларини тўкишмайди. Улар атрофни булғамайди. Улар ҳар доим тикка ўсишади. Бошқа дарахтлар эса қийшиқ-мийшиқ ўсиши мумкин. Арча, менимча, тартибни афзал кўрадиган одамга мос келади. Президент Каримов ҳам шундай одам. У тартибсизликни ҳуш кўрмайдиган одам. Табиат эса тартибсиз, бошбошдоқ.