Ўзбекистон Қирғизистон билан чегарасида чеклов киритди

Image caption Чекловлар чегара оша савдонинг белига тепади

Ўзбекистон ўзининг Қирғизистон билан чегарасидаги ўтиш нуқтасида йўловчиларнинг қатновига чекловлар киритган. Бу ҳақида Қирғизистон давлат чегара хизмати ўз матбуот баёнотида билдирди.

Баёнотда айтилишича, 9 август соат 08:00дан "Достук-автодорожный" (Қирғизистон) - "Дўстлик-автодорожный" (Ўзбекистон) чегара ўтиш нуқтасида қариндошларнинг касаллиги ҳақидаги телеграмма, марака ва тўйларда иштирок этиш учун таклифнома ва қарама-қарши томоннинг аэропортларидан учиб кетиш учун авиачипталар бўлгандагина фуқароларга чегарани кесиб ўтиш рухсат берилади.

Қирғиз чегара хизмати воизи Узен Полотовнинг Би-би-сига айтишича, чеклов фақат энг серқатнов ҳисобланмиш "Достук-автодорожный" (Қирғизистон) - "Дўстлик-автодорожный" (Ўзбекистон) чегара ўтиш нуқтасида киритилган.

Унга кўра, бошқа чегара нуқталаридаги ўтиш режимида ўзгаришлар йўқ.

Учинчи мамлакат фуқаролари "Достук-автодорожный" (Қирғизистон) - "Дўстлик-автодорожный" (Ўзбекистон) чегара нуқтасида чекловларсиз ўта оладилар.

Қирғиз чегара хизмати баён қилишича, Ўзбекистон ва Қирғизистон фуқароларига нисбатан чекловлар Ўзбекистонда 1 сентябрда бўлиб ўтиши мўлжалланган Мустақиллик куни муносабати билан киритилган.

Бироқ, одатдагидек, Ўзбекистон томони бу чекловлар борасида расмий баёнот чиқаргани йўқ. Миллий Хавфсизлик Хизматига қарашли Ўзбекистон чегара хизмати Би-би-сига маълумот бермай келади.

Маълумотларга кўра, чекловлар киритилишидан аввал қўшни мамлакатга сафар қилган фуқаролар ўз мамлакатига қайтиш учун чегарани кесиб ўтишлари мумкин.

Ўзбекистон Мустақиллик куни муносабати билан қўшни давлатлар билан чегараларида ҳар йили чекловлар киритиб келади. Лекин, бу чекловнинг 20 кун аввал киритилиши ғайриоддий ҳолдир.

Айни дамда Бишкекдаги 24.kg хабар агентлигига гапирган Қирғизистоннинг чегара масалалари бўйича бош вазир ўринбосари Токон Мамитов Ўзбекистон томони 23 июлда чегара юз берган ҳодиса туфайли чекловларни киритаётганини иддао қилган.

Мазкур ҳодисада қирғиз чегарачилари бир ўзбек чегарачисини отиб ўлдирганлар, иккинчисини эса яралаганлар. Иккинчи чегарачи ҳам кейинроқ шифохонада жон берган.

Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасида 15та чегара ўтиш нуқтаси бор, 2010 июнида Ўш ва Жалол-Ободда юз берган қонли зўравонликлар ортидан улардан қарийб ярми ёпилган ва ёпиқлигича қолмоқда.

"Достук-автодорожный" (Қирғизистон) - "Дўстлик-автодорожный" (Ўзбекистон) чегара ўтиш нуқтаси икки мамлакат орасидаги энг серқатнов нуқта бўлиб, ундан чегаранинг икки томонида савдо қиладиган тужжорлар кундалик равишда фойдаланиб келадилар.

Чегарага киритилган чеклов, маҳаллий кузатувчилар фикрида, мазкур савдо ортидан кун кўраётган оилалар фаровонлигига салбий таъсир қилади.