Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Тожикистон: Ислом меъёрлари билан сунъий ҳомила яратиш

Кўплаб мусулмон давлатларда сунъий йўл билан ҳомила яратиш қизғин баҳсу мунозараларга сабаб бўлаётган масала. Медицина хизмати кўплаб бефарзанд оилаларга ота-она бўлиш имконини берса-да, диний эътиқодлари бунга тўсқинлик қилади.

Тожикистонда парламент сунъий ҳомила орттиришга изн берувчи қонунни тасдиқдан ўтказган. Шу билан аёлларни сунъий уруғлантиришга қонун йўли билан рухсат этилди.

Тожикистон Уламолар кенгаши эса, бу борада махсус фатво қабул қилиб, қонунга муайян ўзгаришлар киритган бўлди.

Фатвога биноан айни усулда бола кўришни истаган эркак ва аёл Исломий қонун-қоидалар асосида никоҳда бўлишлари талаб қилинади.

Фатвога кўра,сунъий йўл билан фарзанд кўришни истаган аёлга фақат ўз эрининг уруғи қўлланиши мумкин. Никоҳдан ташқари ҳомила орттириш мусулмончиликда гуноҳ ҳисобланади. Бу боис фатвода ўзга эркакнинг уруғидан фойдаланиш мутлақо маън этилган.

Худди шундай, хотинида ҳомила бўлмайдиган эркак ҳам номаҳрам аёлнинг тухум хужайрасидан фойдалана олмайди.

Бунинг учун ҳам, аёл эркакнинг никоҳида бўлиши талаб қилинади. Уламолар кенгаши фатвосида сурогат оналикка ҳам фақат шу шарт билан рухсат берилади. Яъни, кимдир бировга бола туғиб беришга рози бўлса, ўша одам билан Исломий таомил асосида никоҳдан ўтиши керак.

Тожикистон уламоларининг ҳукмлари ҳуқуқий кучга эга бўлмайди. Аммо, имкон қадар Ислом қонунлари асосида яшашга интиладиган тожиклар фатвога амал қилишлари мажбурийдир.