Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мулла Биродар афғон можаросини бир ёқли қила оладими?

Image caption Сўнгги йилларда Афғонистоннинг қатор Марказий Осиё давлатларига туташ шимолий минтақаларида Толибон ҳаракати яна фаоллашган

Афғонистонлик етакчи таҳлилчиларга кўра, Толибон ҳаракати тўрт асосчисидан бирининг озод этилиши афғон можаросига дипломатик йўл билан ечим топишга ёрдам беради, деб қатъий хулосага келиш ноўрин бўлади.

Покистон томони афғон ҳукуматининг сўрови билан қўйиб юборганини айтаётган Мулла Абдул Ғани Биродар собиқ Толибон ҳукуматининг энг юқори мартабали мулозимларидан бири ҳам бўлган.

Ҳомид Карзай маъмурияти эса, унинг озод этилиши Афғонистондаги Толибон ҳаракати билан тинчлик музокараларини қайта жонлантиради, деган умидда.

Расмий Исломобод ўтган йил ҳам худди шундай ўйда бўлган афғон ҳукуматининг истагини қондириб, бир қанча юқори мартабали Толибон вакилларини қўйиб юборганди.

Аммо тинчлик жараёни ҳануз жойидан силжимаган, озод этилган маҳбуслардан аксариятининг яна ҳаракат сафларига қўшилиб кетгани айтилади.

Хорижий қўшинларнинг Афғонистондан сафарбарликларига бор-йўғи бир йил қоларкан, афғон можаросига қай йўл билан бўлмасин ечим топиш масаласи ҳозир ҳар доимгидан ҳам кўпроқ долзарблик касб этган.

2014 йилги сафарбарлик ортидан, Афғонистондаги вазият қандай тус олиши бугун барча Марказий Осиё давлатларини бирдек ташвишга солаётган муҳим масалага айланган.

Жумладан, бевосита чегарадош Ўзбекистон томони ҳам хорижий қўшинлар чиқиб кетса, Афғонистон фуқаролар уруши гирдобига ботиши ва "террорчилик уяси"га айланишидан хавотирда.

Аммо Ғарбнинг ҳам, минтақадаги асосий ўйинчи давлатларнинг ҳам афғон можаросига бирор бир йўлда ечим топиш ҳаракатлари шу пайтгача самара бергани йўқ.

Аксинча, сўнгги йилларда Афғонистоннинг қатор Марказий Осиё давлатларига туташ шимолий минтақаларида Толибон ҳаракати яна фаоллашган.

У ерларда ҳаракатнинг Афғонистондаги асосий иттифоқчиларидан бирига айланган Ўзбекистон Исломи Ҳаракати фаолияти ҳам жонланган.

Худди шундай бир манзарада Толибон ҳаракати асосчиларидан Мулла Абдул Ғани Биродар нима қилиб бера олади ва умуман ҳаракат билан тинчлик музокараларига умид қилишнинг ўзи қанчалик тўғри? Би-би-си Ўзбек Хизмати ушбу савол билан Туркиядан афғонистонлик собиқ дипломат доктор Абдулсалом Осимга мурожаат қилди.