Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ходорковский сиёсий маҳбусларга ёрдам бермоқчи

Россиялик собиқ нефт корчалони Михаил Ходорковскийга кўра, у бошқа сиёсий маҳбусларни озод қилиш учун қўлидан келган барча ишни қилади.

Берлинда берган матбуот анжуманида Ходорковский жаноблари қайта сиёсатга кирмаслигини ҳам очиқлади.

У Берлинга кетаётганини озод қилинган куни билгани, Россияга, қачонки, яна қайтиб чиқишига ишонган тақдирда боришини айтди.

Жаноб Ходорковский қаллоблик ва солиқлардан бўйин товлаш айбловлари билан 10 йиллик умрини Россия қамоқхонасида ўтказди.

У ўтган ҳафта авф этилиб, озодликка чиқди.

Михаил Ходорковский ҳар доим ўзига қарши маҳкама иши сиёсий важларга асосланганини таъкидлаб келган.

Ходорковский ҳибс қилинган пайт Россиянинг энг бадавлат одами бўлган.

Кейин у мамлакатнинг энг таниқли сиёсий маҳбусига ҳам айланганди.

"Қудратга интилиш мен учун эмас"

Михаил Ходорковскийга кўра, "Россия ва дунёдаги бошқа мамлакатларда сиёсий маҳбуслар бўлмаслиги" йўлида иш олиб бориш лозим.

У Ғарб раҳбарлари Президент Путин билан учрашган пайтлари буни унутмасликларига умид қилишини айтди.

Михаил Ходорковский келаси йил Сочида ўтказиш режаланган Сочида Қишки Олимпиада ўйинларини бойкот қилишни тарғиб қилмаётганини эътироф этди, аммо тадбирга изн бериш "Президент Путин учун катта кеча"га айланишидан огоҳлантирди.

Шу билан бирга у Россия сиёсатига қайта бош суқмаслигини таъкидлади: "Қудратга интилиш мен учун эмас", деб айтди у.

Айни пайтда собиқ корчалон ўз тарафдорлари, жумладан, Олмония канцлери Ангела Меркелга озодликка чиқиши йўлидаги ёрдамлари учун миннатдорчилик билдирди.

У собиқ ташқи ишлар вазири Ганс-Дитрих Геншернинг ҳам исмини тилга олди.

Аввалроқ, Михаил Ходорковский Россияда чоп этилувчи "Новое время" журналига барбод бўлган ЮКОС нефт ширкати мулкларини қайтариб олиш учун ҳам курашиш ниятида эмаслигини айтганди.