Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбек қамоқхоналарида уяли телефондан фойдаланиш мумкинми?

Қозоғистондаги қамоқхоналарда уяли телефонлардан фойдаланишни тўхтатиш мақсадида олти метрлик девор ўрнатилган.

Ички ишлар вазири ром шаклидаги деворлар телефон алоқасини тўхтатишда ҳозирча энг самарали восита бўлаётганини билдирган.

Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот органлари бир неча йиллардан бери жазони ўташ муассасаларида маҳбусларнинг уяли телефонлардан фойдаланишига қарши курашиб келади.

Ҳуқуқ ҳимоячилари қамоқхоналарда алоқанинг узилиши қийноқлар ва қонунбузарлик ҳақидаги шикоятларни тўхтатиш учун қилинаётган амаллигини айтади.

Ўзбекистонда ҳам маҳкумларнинг хусусий телефонда сўзлашуви қонунан тақиқланган.

Фарғоналик инсон ҳуқуқлари фаоли Неъматжон Содиқов қарийб 1 йилни тутқунликда ўтказди.

У ва унинг фарзандларини безориликда айблаб қамашди, бироқ кўпчилик унинг ижтимоий фаоллиги учун қамалганига ишонади.

Жаноб Содиқов ўзи яшайдиган Бувайда туманига Қўқон шаҳридан олиб келинадиган чиқиндилар боис юзага келаётган экологик муаммоларни кўтариб чиққан, маҳаллий ҳукуматдан тумандаги газ, электр энергия танқислиги масаласини ҳал қилишни сўраб мурожаат қилган, аҳолига иш ҳақи ва нафақаларни ўз вақтида берилишини талаб қилган.

Неъматжон Содиқов, шунингдек, қирғиз-ўзбек чегарасидан ноқонуний товар олиб ўтилиши муаммоларига қарши курашиб келган.

Яқинда Қашқадарё вилоятидаги қамоқхонадан уйига қайтган фаол маҳкумларнинг мобил телефонларига эга бўлишларига рухсат берилмагани, балки ойига бир марта қамоқхона телефони орқали ўз яқинлари билан 10 дақиқа суҳбатлашишга из берилганини айтади.