Қозоғистонми ёки Қозоқ эли? Назарбоев “истон”дан воз кечмоқчи

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Президент Назарбоев Қозоғистонни “Қозоқ эли” деб ўзгартириш таклифини берди.

Мамлакат раҳбари “истон” қўшимчаси Марказий Осиёнинг бошқа давлатларида ҳам учрашиши сабаб Қозоғистонга қизиқиш камроқ эканлигини билдирган.

Ушбу таклиф мамлакатда турли қарашлар билан қарши олинган.

Атирау шаҳридаги интелектуал мактабларнинг бирида маҳаллий жамоатчилик вакиллари билан учрашган Нурсултон Назарбоев мамлакат номини ўзгартириш таклифини берди.

“Мамлакатимизнинг номида бошқа Марказий Осиё давлатлари қатори “истон” қўшимчаси бор. Хорижликлар эса биздан кўра кўпроқ аҳолиси атиги 2 миллион бўлган Мўғилистон(Монголия)га қизиқиш билдиришади. Ушбу давлатнинг номида “истон”қўшичаси йўқ. Балки вақти келиб мамлакатимизнинг номини “Қозоқ эли” деб ўзгартириш масаласини кўриб чиқиш керакдир”, - деган Нурсултон Назарбоев.

Назарбоев жаноблари ушбу масала халқ билан бамаслаҳат қилиниши кераклигини таъкидлаган.

Қозоғистонлик миллатчи патриот руҳидаги сиёсатчи Мухтар Тайжан Қозоғистоннинг “Қозоқ эли” деб ўзгартиришларига қарши эмаслигини айтади.

“Қозоқ эли деган сўз, Қозоғистон деган маънони беради, яъни Қозоқ мамлакати. Бироқ “Қозоғистон”даги “истон” форс тилидан олинган. “Қозоқ эли” бўлса тоза қозоқ сўзи”, дейди Мухтар Тайжан.

Сиёсатшунос Расул Жумали Қозоғистон сўзининг нотўғри тузилганига эътибор қаратади.

“Гарчи “Қозоғистон” сўзи “Қозоқларнинг давлати” деган маънони берса ҳам унга яна сиёсий нуқтаи назардан давлат маъносини ҳам берувчи “республика” сўзи қўшиб айтилади. Яъни ёғдан бўлган ёғ деган тушунарсиз нарса келиб чиқаяпти. Қозоқ давлати давлати деган маъно келиб чиқаяпти”, - дейди Расул Жумали.

Сиёсатшуносга кўра 1991 йили 51 фоизни ташкил қилган қозоқ миллати бугунги кунга келиб Қозоғистонда 70 фоиздан ошиб кетган.

Мамлакат номини ўзгартириш қозоқ жамиятининг талабларидан келиб чиқмоқда. Бир асрдан зиёд рус тили ва маданияти таъсири остида бўлган қозоқлар сўнгги 22 йилда ўзликни англаш борасида сезиларли қадам ташлаганлиги айтилади

Жумали жаноблари мамлакат номи “Қозоқ эли” деб мас, балки шунчаки “Қозоқ” республикаси деб ўзгартирилиши лозимлигини билдирди.

Қозоғистоннинг “Қозоқ эли”га айлантириш таклифи ижтимоий тармоқларда муҳокамаларга сабаб бўлган.

Ушбу ғояни қўллаб қувватлаган қатлам “истон” қўшимчаси чет элликларда кўпроқ беқарор бўлган Афғонистон ва Покистон билан ўхшашликни ҳис қилишга олиб келишини айтишган.

Ушбу ўзгартиришга қарши бўлганлар эса чет элликларнинг “ноғорасига ўйнашни” бас қилишга чақиришади.

“Хорижликлар олдида эгилишни бас қилинглар. Биз Қозоғистонмиз. Бир қарасанг улар бизни тушуниши учун лотин ёзувига ўтамиз, энди бўлса ёқиш учун номимизни ўзгартирамиз. Пластилинга ўхшашни бас қилинглар”, -деб ёзади Алатир номли фойдаланувчи.

Мутахассислар Назарбоевнинг ушбу таклифи бошқа таклифлар қатори амалга ошмай қолиб кетиши мумкинлигини тахмин қилишмоқда.

“Ушбу таклифга ижобий қарайман ва қўллаб қувватлайман, бироқ ишонмайман. Чунки сўнгги йилларнинг ичида лотин алифбосига кўчамиз, дейишди. Яна Назарбоев Туркияда бўлган вақти Қозоғистон шунча йил Россиянинг мустамлакаси бўлиб келди, деб айтди. Лекин амалда ҳеч нарса кўрмаяпмиз”, -дейди сиёсатчи Мухтар Тайжан.

Сиёсатшунос Расул Жумали жамият томонидан қизиқиш билдирилган бу каби мавзулар шов шув қилиниб кейин мантиқий давоми бўлмаган ҳоллар Қозоғистонда олдин ҳам бўлганини айтади.

Жумали жанобларига кўра ўтган 2013 йилда Қозоғистондаги иқтисодий, ижтимоий ҳаётда ва коррупция масалаларида кўплаб муаммолар бўлган. Бундай пайтда жамоатчиликнинг эътиборини бошқа масалалар билан чалғитиш учун миллий мавзулар давлат раҳбарлари томонидан кўтарилиб турилади.

“Халқнинг қизиқишларига сабаб бўлган мавзулар кўтарилиб турилади. Лекин ушбу ташаббуслар давом этмасдан қолиб кетади. Яъни ушбу мавзулар кўтарилади, жамият орасида шов шувга сабаб бўлади. Бироқ кейинчалик буни ҳамма унутади. Бу сафар ҳам шундай бўлишидан қўрқаман”, - дейди Расул Жумали.