Аудиони юкланг

Юқори сифат mp3 (7.1 Mb)

Баҳс: Каримовнинг Чехия сафарининг қолдирилиши фуқаро жамияти учун ғалабами?

13 Феврал 2014 Сўнгги янгиланиш: 13:10 GMT 18:10 UZT

Image copyright AFP
Image caption Чехия Президенти Милош Земан жаноб Каримовнинг ташрифини ҳимоя қилган эди

Чехия Президентининг девони Ўзбекистон Президентининг келаси ҳафтага режаланган Чехия сафари амалга ошмаслигини тасдиқлаган.

Чехия расмийлари 21 феврал куни бошланиши кутилган икки кунлик ташрифнинг ўзбек томони истагига биноан номаълум муддатга кечиктирилганини айтишмоқда.

Президент Каримов ташрифининг қолдирилиши Ўзбекистон раҳбарининг Оврўпога навбатдаги сафари атрофида кўтарилган норозилик тўлқини манзарасида юз бермоқда.

Оврўпо Иттифоқи Каримов ҳукуматини 2005 йил майида Андижонда юзлаб намойишчиларнинг ўққа тутилиши учун масъул, деб билади.

Иттифоқ ўзбек ҳукуматининг ҳодисаларга алоқадор деб кўрилган 12 нафар мулозимининг Оврўпога сафарларини тақиқлаган.

Аммо 2009 йилга келиб, Брюссел расмий Тошкент билан кечган инсон ҳуқуқлари борасидаги музокараларда силжишга эришилди, деган важ билан рамзий жазо чораларини бекор қилган эди.

Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бу қарорнинг нотўғри бўлгани, Президент Каримов Андижондаги қирғин учун жавобгарликдан осонликча қутулиб қолганини айтиб келадилар.

Шундан буён Ўзбекистон раҳбарининг Оврўпо давлатларига сафарлари ҳуқуқ ташкилотларининг диққат марказида бўлиб келади.

Душанба куни инсон ҳуқуқлари билан шуғулланувчи дунёнинг 31та ташкилоти Милош Земанга очиқ мактуб йўллаб, токи Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари яхшиланмас экан, Ислом Каримовни қабул қилмасликка чақиришганди.

Чехия Президенти бу чақириқларни қатъиян рад этган ва ҳуқуқ фаолларини "иккиюзламачилик" да айблаган.

Аммо чехиялик ҳамкасбининг ташрифни ҳимоя қилишига қарамай, Президент Каримов Чехияга сафардан воз кечгани англашилмоқда.

Жаноб Каримовни Прагада норозилик намойишлари билан қарши олишга тайёргарлик кўраётган ўзбекистонлик фуқаро жамияти фаоллари эса ташрифнинг қолдирилишини "ғалаба" деб аташмоқда.

Хўш, Каримовнинг Прагага сафар қилмаслигидан ким кўпроқ фойда кўради?

Би-би-си норозилик намойишлари ташкилотчиси Мўътабар Тожибоева ҳамда Ўзбекистондаги "Эзгулик" инсон ҳуқуқлари жамияти раҳбари Васила Иноятовалар билан суҳбатлашган.