Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Викинглар нима учун Самарқандга борганлар?

Британия музейида 10-асрда кўмилган Викинглар хазинаси кўргазмага қўйилмоқда. Хазина таркибида Самарқандда босилган тангалар ҳам бор.

Асосан кемаларда сафар қилган викинглар денгиздан йироқ Самарқандга қандай етиб боришган бўлиши мумкин? Кўргазма муаллифи Гарет Виллямс улар дарёлар тугагач, ғилдиракларда кемаларини судраб боришганини айтади. Уларнинг бугунги Озарбайжон ерларига ҳамла қилиб, Каспий бўйидаги Барда шаҳрини ойлаб талаганлари тарихда бор. Аммо Буюк Самарқанд улар учун савдо учун керак эди.

"Савдо жиҳати жуда муҳим. Викинглар шимолдан мўйна, қаҳрабо, асал, лочинлар ва қулларни олиб боришган, шарқдан эса кумуш, биллур, шиша мунчоқлар, ипак олиб кетишган. Шундай экан викинглар шарққа юришининг асосий сабаби савдо бўлган. Бугунги Ўзбекистон заминида улар Буюк Ипак Йўли орқали Яқин Шарқ ва Хитой билан алоқага кирганлар," - дейди жаноб Виллямс.