Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Каримов тинчликка чақирди, лекин Украинани тилга олмади

Ўзбекистон Президенти Ислом Каримов, ўз таъбирида, "турли минтақаларда" давом этаётган можароларни фақат тинч йўллар билан ҳал қилишга чақирган.

Унинг бу чақириғи Наврўз байрами муносабати билан ўтказилган йиллик тантанали йиғин чоғида янгради.

"Бизнинг халқимиз нимани истайди? Аввало ўз юртида, қўшни минтақаларда, бутун оламда тинчлик-осойишталик ҳукм суришини, турли-турли ҳудудларда ҳали-бери давом этаётган можаро ва қарама-қаршиликлар куч ишлатмасдан, такрор айтаман, куч ишлатмасдан, фақатгина тинчлик йўли билан, зўравонликни четга суриб, сиёсий музокаралар йўли билан ҳал қилишни хоҳлайди. Нима дейсизлар?", - деб тантана иштирокчиларига мурожаат қилди Ўзбекистон президенти.

Тадбир Ўзбекистон телевидениеси орқали тўғридан тўғри намойиш этилган. Байрам тадбирида президент Каримовнинг чиқиши 15 дақиқача давом этди, ҳамда у сўнгги йилларда анъанага айланганидек, рақсга тушишни канда қилмади.

Ғарб кузатувчилари, жумладан "Вашингтон Пост" таҳлилчилари фикрида, Қримда юзага келган вазият Украина ва Москвадан ташқарида энг кўп Марказий Осиё давлатлари раҳбариятининг хавотирларига сабаб бўлаётган бўлиши мумкин.

"Украина раҳбари Виктор Януковичнинг қудратдан четлатилиши билан якун топган Овромайдондаги намойишларнинг муваффақияти Марказий Осиё давлатлари раҳбарларини ўз ҳокимиятларининг қанчалик мустаҳкамлиги борасида хавотирга солиши шубҳасиз", - дейишади улар.

Жаноб Каримов Наврўз муносабати билан чиқишида тинчлик ва осойишталикка чақирар экан, Украина ё Қримни номма-ном тилга олмади, бироқ Россиянинг тажовузи ва Украина халқининг нотинч йўллар билан ҳукуматни ағдариши унинг ўй-фикрини қоплаган бўлса ажабмас.

Расмий муносабат

Аввалроқ, Украинадаги воқеаларга илк бор муносабат билдирган Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги ҳодисалардан чуқур хавотир ва ташвишда эканини айтганди.

Вазирликнинг "Жаҳон" ахборот агентлиги томонидан тарқатилган баёнотида айтилишича, "Украинада рўй бераётган воқеалар... мамлакат суверенитети ва ҳудудий яхлитлигига жиддий хавф солиши мумкин".

Ўзбекистон Украинада юзага келган зиддиятни халқаро ҳуқуқ доирасида тинч йўл билан ҳал қилишга чақирган.

"Ўзбекистон Украинадаги муамммоли жараёнга аралашган томонлар босиқлик кўрсатиб, тез орада келишувга эришилишига умид билдиради", дейилганди "Жаҳон" агентлиги мурожаатида.

Ўзбекистондаги бошқа оммавий ахборот воситаларида Украина ҳодисаларига муносабат ҳануз кўринмайди.

Ўзбекистонликларнинг Украина воқеаларидан қанчалик хабардор ва қандай фикрда эканлигини ижтимоий тармоқлардаги муҳокамалардан кузатиш мумкин.

Тошкент ва вилоятдаги аксарият аҳоли Украинада нималар бўлаётганини Россия каналлари орқали кузатаётганларини айтишади.

Баъзи таҳлилчиларга кўра, Марказий Осиё давлатлари, хусусан Ўзбекистон ҳам Россиянинг аралашувисиз муаммоларни еча олишга кўзлари етмагани боис, бундай нозик мавзуларда фикр билдиришни хоҳлашмайди.

Феврал ойида Украина Майдонидагиларни ёқлаб Тошкент кўчасига чиққан бир неча фаоллар милиция томондан тўхтатилиб, маҳкама орқали жазога тортилганди.