Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Мотамсаро мусулмонлар: Тақво ва ютуқ

Ислом оламида бугун Сунний ва Шиа мазҳаби орасидаги низолар кучаяркан, кутилмаганда, Афғонистон бу икки мазҳаб аро дўстлик ҳамда тинчлик сақланиб қолган мамлакат ўлароқ ўртага чиқмоқда.

Минглаб шиаларни ўлдирган Толибондан кейин Афғонистон Шиалари тенг ҳақ-ҳуқуқ, ўз маданияти ва эътиқодини кучайтириш, тарихий меросини ривожлантириш имкониятларига эга бўлдилар.

Қарийб 14 асрдан бери Имом Ҳусайн ўлимига аза тутиб келадиган шиаларни мотамсаро мазҳаб, деб ҳам аташади. Бироқ ушбу мазҳабдаги мунтазам мотам шиаларнинг замонавий жамиятларда муваффақият қозонишларига тўсқинлик қилмаяпти.

Асрлар давомида Афғонистонда ҳақ-ҳуқуқлари топталиб келган Шиалар атиги 10 йилнари-берисида сиёсат, илм-фан, инсон ҳуқуқлари, спорт ва санъат соҳаларида нафақат мамлакат миқёсида, балки халқаро доирада ҳам улкан ютуқларни қўлга кирита бошладилар.

Ташқи қудратлар аралашуви боис юзага келган узоқ йиллик урушлар Афғонистонда қатор ички низоларга ҳам сабаб бўлган. Аммо мазкур низоларнинг ҳеч бир ҳеч қачон мазҳабий душманлик ва адоватга айланмаган.

Бироқ Яқин Шарқ ва Покистонда ҳозир кучаётган Сунний ва Шиа мусулмонлари орасидаги танглик ҳамда жанглар Афғонистонга ҳам сачраб кетиши мумкин, деган хавотирлар пайдо бўлган.

Кўплаб афғонларнинг ишонишича, агар дунёдаги йирик қудратлар исташса, бемалол Афғонистондаги мусулмонларни ҳам мазҳабий фарқ бўйича бир-бирига қарши қўя олишади.

Бу - ҳозир кўплаб афғонларнинг қўрқуви.

Би-би-си Ўзбек Хизмати журналисти Рустам Қобил Жаҳон Хизматининг инглиз тилидаги "Юрак ва Қалб" диний дастури учун тайёрлаган навбатдаги лавҳасида Афғонистон Шиалари ҳаётига назар ташлайди.