Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Телефонида ваъз бўлган фарғоналик 5 йилга қамалди

Ўзбекистонга қайтаётган яна бир меҳнат муҳожири қўл телефонида топилган диний маърузалар боис беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган.

Бу борада хабар тарқатган Тошкентлик инсон ҳуқуқлари фаоли Сурат Икромовнинг ёзишича, фарғоналик Зокирожон Мирзаев жорий йил бошида Келес чегара нуқтасида текширилган пайти унинг қўл телефонида тақиқлаган диний олимлар ваъзлари топилган.

Бу ноутбук ё телефонида топилган диний ваъзлар боис қамалаётган илк ўзбекистонлик эмас.

Фарғоналик фаол Баҳодир Элибоевга кўра, кўп ҳолларда муҳожирлар четда сотиб олинган телефон ё ноутбук хотирасини текшириш ё уни ўчириб ташлашни билишмагани боис шу каби фожеавий воқеалар юз бериб туради.

Охирги воқеани яқиндан кузатган Элибоевга кўра, аслида қўлга олинган Зокиржон Мирзаев диний билимга эга эмас, ва унга телефонни Қирғизистон фуқароси иш ҳақи сифатида берган.

Унга кўра, Ўзбекистон божхонаси телефон ва ноутбуклардаги Обидхон қори, Абдували қори ваъзлари, Суриядаги уруш сурат ва видеоларини таҳдид деб кўрмоқда.

Бироқ, фаол фикрида, чегарада қаттиқ назорат ўрнатилган билан, Ўзбекистоннинг ўзида бу каби ваъзлар ва сурату видеоларни интернетда прокси сайтлар орқали кўриш ва ўқиш мумкин.

Тошкент халқаро аэропорти орқали сафар қилган тингловчилар ҳам Би-би-сига божхона ходимлари уларнинг телефонларидаги видео ва суратларни кўрсатишни талаб қилишганини билдиришди.