BBC navigation

Тирикчилик ёки 'қирқ ҳунар ҳам озлик қилган' ўзбек аёли ҳикояси

Сўнгги янгиланиш 22 май 2014 - 17:20 GMT

Томоша қилинг:

  • У киши ким бўлди экан, десангиз, Афғонистоннинг ўзбеклар зич яшовчи Фарёб вилоятидан бўлган 40 ёшли Сора хоним. Қаҳрамонимиз ҳозир Ўзбекистонга шундоқ қўшни Мозори Шариф шаҳрида яшайди ва Афғонистонда таксичиликка қўл урган биринчи аёл бўлади. Аммо у кишининг касб-корлари шу билангина чекланмайди.

  • Суҳбатдошимизнинг сўзларига қаралса, таксичиликка қадар қўл урган юмушлари ҳам озмунча бўлмаган. Ногиронларга кўмак беришдан тортиб, мактабда муаллимлик дейсизми, буёғи тикувчилик.... Аммо Сора хоним, буларнинг барчасига қарамай, бир умр машина ҳайдашни орзу қилгани ва бундан 10 йил бурун ўзининг ниятига етганини айтади.

  • Бу орада эса, Сора хоним яна асалариларига қарайди, гулларини парваришлайди, паррандаю қушлари, қуёнларини боқади ва ҳатто, уч ногирон беморнинг уйига бориб, массаж қилишга ҳам улгуради.

  • Бир кунда қилаётган шунча юмуши орқасидан эса, аёл ва ёлғиз боши билан ўндан ортиқ жонни боқади. Рўзғорнинг тегирмонини тортаман деб, Сора хоним ўзининг шахсий ҳаётидан воз кечгани, ҳали-ҳануз оила қурмаганини айтади.

  • Суҳбатдошимизга кўра, фалаж онаси, опасидан ташқари, ошқозон саратонига чалиниб, меҳнатга яроқсиз бўлиб қолган укасининг тўққиз жондан иборат оиласини ҳам боқади. Укасининг икки боласини асраб ҳам олган эмасми, уларнинг бор сарф-харажатларини ҳам ўзи кўтаради: ҳам оталик ва ҳам оналик қилади.

  • Сора хоним кун бўйи тиним нима эканлигини билмаслиги, аммо тўрт танга пул топиш шарт экан, на илож дейди. Айтишича, ҳаммасига бинойидек улгуради.

  • Аммо суҳбатдошимиз, барибир, таксичилик қилиш жону дили эканини таъкидлайди. Сора хонимга кўра, дастлабки йиллари таксичилик қилиши осон бўлмаган. Рулга ўтирган аёл киши экани боис, одамлар таҳдид ва ҳақорат қилган ҳоллар ҳам кам бўлмаган. Аммо, Сора хонимнинг айтишича, сўнгги беш йилда вазият анча ўзгарган: Авваллари қўрқа-писа, яширинча таксичилик қилган бўлсам, ҳозир бемалол, дея кулади у.

BBC © 2014 BBC tashqi sahifalar uchun ma'sul emas.

Ushbu sahifani CSS veb-brauzerida tomosha qilgan ma'qul. Hozirgi veb-brauzeringiz Sizga to'la vizual imkoniyatni bermaydi. Marhamat qilib o'zingizning brauzeringizni CSS veb-brauzeriga yangilash haqida o'ylab ko'ring.