Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Руслан Чагаев: 'Мен Ўзбекистон байроғи остида рингга тушаман'

Фото муаллифлик ҳуқуқи ruslan chagaev

Ўзбекистонлик номдор боксчи бу ҳақда қайта жаҳон чемпионлиги учун бўлажак жангги олдидан Чеченистон пойтахти Грознийдан Би-би-си Ўзбек Хизматига берган суҳбатида билдирди.

Руслан Чагаев шу шанба 7 июн куни пуэрто-риколик боксчи Фрес Окендога қарши рингга чиқади.

Профессионал бокснинг WBA таснифида энг оғир вазн тоифаси бўйича мунтазам жаҳон чемпионлиги камари учун жанг Грознийдаги 30.000 кишилик “Аҳмат Арена”сида бўлиб ўтади.

Руслан 2007 йилнинг 14 апрел куни россиялик боксчи Николай Валуевни енгиб, профессионал карьерасида илк бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритган.

Таъкидлаш жоиз, ўзбекистонлик номдор боксчи шундан сўнг ўз камарини бир неча бор муваффақиятли ҳимоя қилган.

Аммо орадан икки йил ўтиб, украиналик номдор боксчи, ўша пайтда профессионал бокснинг WBO, WBA ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони бўлган Владимир Кличкога енгилиб, мунтазам чемпионлик унвонидан маҳрум бўлган.

Руслан Чагаев сўнгги бор 2011 йилда жаҳон чемпионлиги камари учун рингга чиққан, аммо жангини россиялик боксчи Александр Поветкинга бой берганди.

Айни ўринда таъкидлаб ўтиш жоиз, Руслан Чагаев сўнгги икки йилда ўтказган ҳар беш рейтинг жанггидан барчасида ғалаба қозонган.

Жорий пайтда ўзбекистонлик таниқли боксчи WBA рейтингида 3-ўринни эгаллаб турибди.

Бўлажак жанг ҳақида

Фото муаллифлик ҳуқуқи livefight.com

Руслан Чагаевнинг қайта жаҳон чемпионлиги учун жангига ҳозирлик кўраётган Грознийдан бизга берган суҳбатида айтишича, рингга фақат ғалаба учун тушади.

“Фрес Окендо кучли боксчи. Жуда катта тажрибага эга. Шунинг учун ҳам, Худо хоҳласа, яхши кайфият, яхши тайёргарлик билан жангга чиқамиз. Ютишга ҳаракат қиламиз. Худо хоҳласа, шу жангда ютамиз. Жаҳон чемпионлиги камарини яна қайтариб оламиз, Худо хоҳласа”, - дейди у.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, пуэрто-рикалик 41 ёшли Фрес Окендо профессионал боксдаги карьерасини Русландан тўрт йил олдин бошлаган ва ундан беш ёш катта.

1997 йилдан буён профессионал рингда 43 та жанг ўтказган ва шунинг 37 тасида ғалаба қозонган.

Жорий пайтда NABA ва WBA Fedelatin камарлари соҳиби саналса-да, Русландан фарқли тарзда шу пайтгача ўз таснифи ва вазни тоифасида жаҳон чемпионлигини қўлга киритолмаган.

Ҳозирда WBA Intercontinental ва PABA камарлари соҳиби бўлган Руслан Чагаев биз билан суҳбатида бўлажак рақиби ўзини заррача чўчитмаётгани, жангини жанговар кайфиятда ўтказишини алоҳида таъкидлайди.

Унинг айтишича, иқлими ва ҳавоси бошқача экани боис, мослашиб олиш учун бир ойдан буён Чеченистон пойтахти Грознийда мураббийси, ўз вақтида дунёнинг энг номдор боксчиларидан бири бўлган Артур Григорян қўл остида ҳал қилувчи жангига тайёргарлик кўрмоқда.

“Спарринг ҳамкорлар дейсизми, бу ерда ҳамма шарт-шароит бор”, - деркан, жангларига одатда Германия ва Америкада тайёргарлик кўрган ўзбекистонлик боксчи жорий пайтдаги ҳозирлигидан қониқиш ҳосил қилаётганини ҳам таъкидлайди.

Тарихча ўрнида

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, 2012 йилдан буён ўз жангларини эркин агент мақомида ўтказиб келаётган Руслан ўтган йилдан бери Чеченистоннинг Аҳмат Ҳожи Қодиров номидаги бокс клубини намоён этади.

Аммо, таъкидлаш жоиз, ўзбекистонлик боксчи ҳозир ҳам эркин агент мақомида Германияда яшаб, бокс билан шуғулланиб келади.

Ундан олдин эса, Руслан ўн йилча Германиянинг Universum Box-Promotion клуби промоутерлиги остида рингга тушиб келган.

Ўзбекистонлик номдор боксчининг профессионал боксда ўтказган жаъми жанглари сони ҳозир 35 тага етган бўлса, шундан 32 тасида ғолиб чиққан, иккитасида мағлуб бўлган ва биттасида дуранг натижа қайд этган.

Руслан Чагаев жаҳон чемпионлиги камарини қўлга киритса, ўзининг собиқ рақиби, WBA таснифида энг оғир вазн тоифасида суперчемпион бўлган украиналик донгдор боксчи Владимир Кличко билан ҳам жанг ўтказиш режасида.

Руслан яна рингга тушишни ният қилаётган украиналик номдор боксчи жорий пайтда профессионал бокснинг WBO, WBA ва IBF таснифи бўйича энг оғир вазн тоифасида амалдаги жаҳон чемпиони ҳам ҳисобланади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002