Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ўзбекистонлик ишқибоз: 'Ҳамма жаҳон чемпионати дардига чалинган'

Бразилиядаги жаҳон чемпионати очилишига саноқли соатлар қолган бир паллада маҳаллий футбол ишқибозларидан бири ўз қишлоқларидаги вазиятни ана шундай тасвирлади.

Унга кўра, ҳозир, ҳатто, футболнинг кўчасидан ўтмаган қишлоқдошлари ҳам биринчиликнинг дардига тушиб қолишган.

"Футболга қизиқмайдиган одамлар орасида ҳам, "Жаҳон чемпионати бугун бошланади", деган гап-сўз. Ким билан ким ўйнайди, ҳаммасидан хабардор. Футболдан умуман бехабар одамлар ҳам ишқибозлар билан бирга ўтирволиб, биринчилик ўйинларини бирга томоша қилиш хаёлида", - дейди ўзбекистонлик ашаддий футбол мухлисларидан бири биз билан суҳбатида.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, шу кунларда қишлоқдошларининг кайфияти умуман бошқача: "Ҳамма ниманидир орзиқиб кутаётганга ўхшайди".

"Жаҳон чемпионати деб, қишлоғимизда бир ой таътил олган одамни ҳали эшитганимча йўғ-ў, лекин ҳамманинг ўша таҳсилидан, оромидан воз кечиб, чемпионат ўйинларини кўриш ҳаракатида эканидан хабарим бор", - дейди суҳбатдошимиз.

"Ўша чиройли, бунақа такрорланмас жамоавий ўйин, шижоат, тактика, ҳаммаси бир бўлиб...Энди, қисқача айтганда, бунинг сабабини фақат ишқибозлик билан изоҳлаш мумкин. Бошқача тушунтириш қийин. Ҳақиқатан футболга ишқибоз, футболни яхши кўришади".

Жонли трансляция

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, яқинда миллий телерадиокомпания эришган битимга мувофиқ, Бразилиядаги жаҳон биринчилиги Ўзбекистонга бошдан-оёқ жонли олиб узатилади.

Ўзбекистонлик футбол ишқибози суҳбатдошимизнинг айтишича, қишлоғидаги аксарият ўйинларни ўз уйида, ошна-оғайнилари билан бирга телевизор орқали томоша қилишмоқчи.

Жаҳон биринчилиги учрашувлари вақти эса, Ўзбекистон вақти билан ярим тунга тўғри келади.

"Шу боис, ҳозир ҳамманинг режаси ўйин вақти ухлаб қолмаслик учун, кундузи уйқунинг ғамини еб олиш. Фақат ухлаб қолмаслик учун тайёргарлик кўрилаяпти десам, адашмасам керак", - дейди суҳбатдошимиз.

Унинг сўзларига таянилса, қишлоқдошларининг аксарияти ғолибликка асосий даъвогар миллий терма жамоалар: Олмония, Бразилия, Англия ва Голландияга ишқибозлик қилишмоқда.

"Асосан кейин Россия миллий терма жамоасига мухлислик қилаётганлар ҳам бор. Кейин Осиё терма жамоаларига", - дейди у.

Бу галги жаҳон чемпионатида Осиё қитъасини Эрон, Япония, Жанубий Корея ва Австралия вакиллари намоён этишади.

Аммо Ўзбекистон йўқ

Ўзбекистон миллий терма жамоаси бу йилги жаҳон чемпионатида ҳам иштирок этолмайди.

Бу гал ФИФА томонидан Осиё қитъаси вакилларига 4.5 та йўлланма ажратилганди.

Аммо жамоа сўнгги босқич саралаш беллашувларининг якуний учрашувида жаҳон биринчилигига тўғридан-тўғри чиқиш имкониятини бой берганди.

Яримта йўлланма учун кечган курашда эса, Ўзбекистон, ҳар икки плей-офф босқичи учрашуви натижасига мувофиқ, Иорданияга енгилганди.

Икки марта саралаш босқич беллашувларининг плей-офф босқичигача борган эса-да, Ўзбекистон миллий терма жамоасига ҳозирча жаҳон чемпионатининг финал учрашувларида тўп суриш насиб этмаган.

Аммо, таъкидлаш жоиз, бу гал ҳам жаҳон чемпионатида Ўзбекистонни таниқли ҳаками, тўрт карра "Осиёнинг энг зўр ҳаками" Равшан Эрматов намоён этади.

Бу - Равшаннинг 37 ёшида кетма-кет иккинчи бор жаҳон биринчилигида ҳакамлик қилиши ва бутун собиқ Шўролар Иттифоқини якка ўзи намоён этиши бўлади.

Бу галги жаҳон чемпионатининг ярмидан кўпроғи мусулмонлар учун муқаддас Рамазон ойига тўғри келишига қарамай, суҳбатдошимизга кўра, рўзадор ишқибозлар ҳозирча бунинг ғамини ейишаётгани йўқ.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002