Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Таҳлил: 'Ироқ сценарийси хавфи Афғонистонда ҳам катта'

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу каби баҳони Би-би-си билан суҳбатида минтақавий таҳлилчи Фазил Аҳмад Бургут қўшни Афғонистон президентининг умидбахш сўзларига жавобан билдирди.

Афғонистон раҳбари ўз суҳбатида "Ал-Қоида" тармоғи мамлакатига қайтиб қадам босмаслиги ва Ироқдаги ҳодисалар ўзларида ҳеч қачон такрорланмаслигини айтганди.

Ироқ ҳукумати эса, ҳозир мамлакатнинг бир қанча вилоят ва шаҳарларини босиб олиб, пойтахт Бағдодга кўз тиккан "Ироқ ва Шом исломий давлати" гуруҳи ва унинг сунний иттифоқчиларига қарши жанг қилмоқда.

Минтақавий таҳлилчига кўра, марказий ҳукумат орадан 13 йил ўтиб ҳам, бутун Афғонистонда ўз назоратини мутлақ ўрната олган эмас.

"Шу боис ҳам, ҳануз "Ал-Қоида" ва Толибон ҳаракати учун жуда хавфсиз бир ер ҳисобланади", - дейди таҳлилчи.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, террорчи гуруҳларнинг Афғонистонда қанчалик кучли мавқеъда эканликлари ҳам "Ал-Қоида" тармоғига яхшигина қўл келади.

"Агар, Афғонистон ҳукумати ушбу хавфни жиддий олмай, ўзининг шу пайтгача юритиб келаётган янглиш сиёсатидан воз кечмаса, бунинг оқибати жиддий бўлади", - дейди таҳлилчи.

"Ҳукумат Толибон ҳаракатига ўзларига дўстми, душманми экани борасида аниқ бир тўхтамга келиши керак. Акс ҳолда Ироқдаги бугунги ҳодисаларнинг Афғонистонда ҳам такрорланиши эҳтимоли катта".

Суҳбатдошимизга кўра, "Ал-Қоида" бир-бири билан яхши алоқада бўлган тармоқ экани боис, гуруҳ фаолиятидан Афғонистон ҳам жиддий зиён кўриши эҳтимоли йўқ эмас.

Президент Ҳомид Карзайнинг қатъий ишонч билан айтаётган сўзлари эса, катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари 13 йиллик ҳарбий ҳозирликлари ортидан афғон можаросига бирор бир ечим топмай ортга сафарбарликни бошлаб юборган бир манзарада кузатилмоқда.

Қатор таҳлилчилар, минтақа давлатлари раҳбарлари хорижий қўшинларнинг сафарбарликлари ортидан, Афғонистондаги вазият жиддий издан чиқиб кетиши, мамлакат қайтиб фуқаролар уруши гирдобига ботиши, турли террорчи гуруҳлар ва бангивор моддалар уясига айланишидан хавотирдалар.

Устига устак, президент Карзай бошчилигидаги афғон ҳукумати ўтган йилдан буён расмий Вашингтон билан муҳим хавфизлик битимини имзолашдан бош тортиб келади.

Агар мазкур мазкур келишув имзоланмаса, афғон тупроғида бирорта ҳам хориж аскари қолмайди.

"Ал-Қоида"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Америка Жосуслик хизмати мулозимларининг шу йил бошида келтирган рақамларига таянилса, Афғонистонда "Ал-Қоида" тармоғи жангариларининг сони ортиб бормоқда ва ҳозирга келиб, бир неча юзга етган.

Уларга кўра, ҳозир ушбу жангарилар катта сондаги хорижий иттифоқ қўшинларининг Афғонистондан чиқиб кетишларини кутиб, пайт пойлаб туришибди.

АҚШ томони худди шу манзарада "Ал-Қоида" тармоғининг Афғонистондаги раҳбари Фаруқ ал-Қаҳтаний ал-Қатарий ҳам ортга қайтиш ниятида эканини айтиб чиққанди.

Америкалик ҳарбийларга кўра, ал-Қатарий Афғонистондаги маҳаллий иттифоқчилари билан алоқаларини мустаҳкамлаб, янги жангариларини тайёрлаш учун кичик сонда тажрибалиларини Афғонистонга келтирмоқда.

Уларнинг наздларида, "Ал-Қоида" бундан 13 йил аввалги қудратига эга эмаса-да, тармоқ солажак хавфни назардан қочириб бўлмайди. Уни даф этиш ҳам осон бўлмайди.

Ўз ўрнида, эслатиб ўтиш жоиз, АҚШ "Ал-Қоида" тармоғи раҳбари Усама бин Лодинни 2001 йил Нью-Йорк ва Вашингтонда уюштирилган ҳужумларга масъул, деб топганди.

Унинг ўзини эса, Афғонистондаги ҳарбий амалиётларидан 10 йил ўтиб, 2011 йил Покистонда ўлдиришга муваффақ бўлганди.

Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинларининг 2001 йилги ишғоли ортидан, Афғонистонда тармоқнинг яқин иттифоқчиси бўлган Толибон тузуми ағдарилган ва уларнинг паноҳи остида бўлган "Ал-Қоида" жангариларининг аксарияти қўшни Покистондан бошпана топишганди.

"Ал-Қоида" тармоғиа 1988 ва 1989 йиллар оралиғида марҳум Усама бин Лодин томонидан асос солинган.

Ўз вақтида глобал исломий жангари тармоқ бўлган тармоққа ҳозир унинг муовини Айман аз-Завоҳирий бошчилик қилади.

"Ал-Қоида ўзаги" - Завоҳирий ва унинг сафдошларидан ташқари, тармоқ таркибида унинг кўплаб "иттифоқчилари": Сомалидаги "аш-Шабоб" исломий жангари гуруҳидан ташқари, "Ироқдаги ал-Қоида", "Араб Ярим Оролидаги ал-Қоида" ташкилотлари борлиги айтилади.

Бундан ташқари "ал-Қоида"да унга аъзо бўлмаган тарафдорлари ҳам талайгина.

Ғарбдаги айрим тадқиқот марказлари маълумотларига таянилса, "Дунё бўйлаб "ал-Қоида"га ёрдам бераётган ва унинг ғояларини қўллаб-қувватлайдиган 100 мингдан ортиқ партизанлар бор".

Биз тармоқнинг Афғонистондаги бугунги қудратига ойдинлик киритиш учун минтақавий таҳлилчи Фазил Аҳмад Бургут билан боғландик. Суҳбатимизда тингланг.