Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Эрон президенти терма жамоасини шахсан ўзи олқишлади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Бунга эронлик футболчиларнинг сўнгги дақиқаларда аргентиналик рақибларига ўйинни бой беришгани ҳам тўсқинлик қилолмади.

Эрон миллий терма жамоаси кеча шанба куни Бразилияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг навбатдаги тур учрашувида дунёнинг энг олд жамоаларидан бири бўлган Аргентинага қарши майдонга тушганди.

Кўпчиликнинг башоратларини чиппакка чиқариб, Эрон икки карра жаҳон чемпиони бўлган номдор рақибларига қарши матонатли ўйин намойиш этган ва ҳатто, бир неча бор учрашувни ўз фойдаларига ҳал қилишнинг ҳам қойилмақом имкониятига эга бўлишганди.

Тўрт карра “Жаҳоннинг энг зўр футболчиси” Лионель Месси сардорлик қилувчи Аргентина миллий терма жамоаси 90 дақиқа давомида Эроннинг ҳимояси қаршисида ожиз қолган ва фақат қўшимча вақтдагина ўз ғалабаларини таъминлашга муваффақ бўлганди.

Бор-йўғи 91-дақиқада айнан Месси томонидан киритилган тўп аёвсиз курашлар остида кечган ўйиннинг тақдирини ҳал қилганди.

Эрон миллий терма жамоаси Бош мураббийи Карлуш Кейрошнинг айтишича, “икки шахс кечаги ўйиннинг тақдирини ҳал қилган: Бири Месси бўлса, бошқаси сербиялик ҳакам бўлган”.

Жаноб Кейрошга кўра, ҳакам Аргентина дарвозасига қарши яққол 11 метрлик жарима тўпи белгиланиши керак бўлган ҳолатда янглиш қарор берган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аммо миллий терма жамоасининг кимсан Аргентинага қарши бу каби матонатли ўйини Эрон президентининг ҳам эътиборидан четда қолмаган ва Ҳасан Руҳоний жаноблари кечаги учрашув ортидан расмий бир баёнот билан чиқиб, футболчиларига шахсан ўзи миннатдорчилик билдирган.

Эронлик футбол ишқибозлари ҳам, ўйиннинг натижасига қарамай, кеч тун бўлмайдими, ўз жамоаларининг оламшумул ўйинини кўчаларга чиқиб, байрам қилишган.

Дастлабки икки учрашув ортидан, Эрон жорий пайтда ўзи тушган ‘F’ гуруҳида Аргентина ва Нигериядан кейин 3-ўринни эгаллаб турибди.

Бу гуруҳдан кейинги босқичга иккита йўлланмадан бирини Аргентина аллақачон ўзларига нақд қилган.

Қолган битта йўлланманинг тақдири эса, 25 июн кунига режаланган якуний тур учрашувлари ортидан маълум бўлади.

Бу йилги жаҳон чемпионатида Осиё қитъасини тўртта миллий терма жамоа намоён этган бўлса, дастлабки икки учрашувида кетма-кет мағлубиятга учраган Австралия аллақачон пастга қулаган.

Эрон, Жанубий Корея ва Япония эса, ҳозир биттадан очко билан ўз гуруҳларида 3-ўринни эгаллаб туришибди.

Шу пайтгача Голландия, Чили, Колумбия, Коста-Рика, Франция ва Аргентина муддатидан илгари нимчорак финалида тўп суриш ҳуқуқини қўлга киритишган.

Амалдаги жаҳон чемпиони Испания ва Англия аллақачон жаҳон чемпионатидан чиқиб кетишган.

"Қани, Осиё Аргентинага бас келолармикан?"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Суҳбатдошимизнинг айтишича, Бразилияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионатининг Эрон ва Аргентина ўртасидаги гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг 2-тур учрашуви ашаддий футбол ишқибози бўлган қишлоқдошлари орасида ана шундай қизиқишга сабаб бўлмоқда.

Бирлари Осиё қитъаси, иккинчилари Лотин Америкаси футболининг юзи бўлган бу икки миллий терма жамоа бугун 21 июн куни Бело Ҳоризонтеда бир-бирларига қарши майдонга тушишади.

Дастлабки учрашувлар ортидан Аргентина пешқадамлик қилиб турган 'F' гуруҳининг навбатдаги беллашуви Тошкент вақти билан кеч соат 21:00 да бошланади.

Ўзбекистонлик ашаддий футбол ишқибози бўлган суҳбатдошимизнинг айтишича, Осиёнинг энг яхши жамоаларидан бирининг дунёнинг энг кучли жамоаларидан бирига қарши ўйнаши, албатта, ўзига яраша қизиқиш ўйғотиши ҳам табиий бир ҳол.

"Бу учрашувни катта қизиқиш билан кутаяпмиз. Аксарият Эрон миллий терма жамоасининг Аргентинага қарши ўйинини томоша қилиш ниятида. Кўпчилик, қани, Осиё жамоаси жаҳон футболи гигантига қаршилик кўрсата олармикан, деб қизиқаяпти. Эроннинг қандай рейтингда турганини шу учрашув ҳам белгилаб бериши мумкин. Кейин Мессининг ўйини ҳам футбол мухлисларида катта қизиқиш уйғотаяпти", - дейди у.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, жаҳон чемпионатида айнан Осиё қитъасини намоён этаётгани учун ҳам бугунги учрашувда атайдан Эронга ишқибозлик қилмоқчи.

"Ўйин натижаси ҳақида олдиндан бир нарса дейиш қийин. Барибир, Аргентина кучли жамоа. Лекин, ҳеч бўлмаганда, дуранг қайд этишини кутиб қолардим", - дейди у.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, бу йилги жаҳон чемпионатида Осиё қитъасини намоён этаётган тўртта миллий терма жамоадан бири бўлган Эрон гуруҳ босқич саралаш беллашувларини Нигерияга қарши 0:0 дуранг натижа билан бошлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Аргентинага қарши учрашуви арафасида эса, бир ўйиндан 1 очко тўплаган ҳолда ўз гуруҳида Нигерия билан иккинчи ва учинчи ўринларни бўлишиб турибди.

Бугунги ўйин эса, бу гуруҳдан кейинги босқичга чиқажак икки миллий терма жамоанинг ким бўлишига анча ойдинлик киритиши билан ҳам муҳим.

Бу - Эрон миллий терма жамоасининг ўз тарихида тўртинчи бор жаҳон чемпионатида иштирок этиши бўлади.

Аммо ҳар сафар биринчиликнинг гуруҳ босқичидан ортга қайтишга мажбур бўлган жамоа бу йил португалиялик номдор ва тажрибали Бош мураббийси Карлуш Кейрош бошчилиги остида майдонга тушмоқда.

Эрон бу гал худди Ўзбекистонга ўхшаб, Осиё қитъасига ажратилган 4.5 та йўлланма учун сўнгги босқич саралаш беллашувларининг якуний учрашувига қадар кураш олиб борган ва охирги ўйинида сафарда Жанубий Кореяни енгиб, тўғридан-тўғри жаҳон чемпионатига чиққан тўртта жамоадан бири бўлганди.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси эса, фақат тўплар нисбатидаги фарқ билан бундай имкониятни бой берган, қолган яримта йўлланма учун плей-офф босқичида Иорданияга қарши тўп суришга мажбур бўлган ва алал-оқибат уни ютқизганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Эрон-Аргентина учрашуви пойтахт Тошкентда ҳам катта қизиқишга сабаб бўлганини айтаркан, таниқли футбол шарҳловчиси бўлган суҳбатдошимиз Аброр Имомхўжаевга кўра, худди шу сабаб ҳам, ҳануз аламзада юрган маҳаллий ишқибозлар орасида бугун Аргентинага мухлислик қилаётганлари озмунча эмас.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, бугунги учрашувда шахсан ўзи ҳам Аргентина миллий терма жамоасига ишқибозлик қилмоқда.

"Бунинг ҳеч қанача сирли жойи йўқ. Мен Аргентинага ишқибозлик қиламан. Биринчидан, Аргентина чиройли футбол намойиш этгани учун, кейин ҳар чемпионатда ўз ўйинига эга бўлгани учун... Нигерия билан биринчи ўйинида Эронни ҳам кўрдик. Қанақадир бир эҳтиёткорона ўйнади. Масалан, Австралия билан Голландияни оладиган бўлсак, Австралиянинг кучсизлиги маълум эди. Лекин Голландияга шунақанги чиройли қаршилик кўрсатдики, тил ожиз бу нарсага. Жанубий Корея ҳам, мана, Россия билан шунчалик ўйнади. Эронда шу хислатлар етишмаяпти, балки тажриба камлиги учундир...", - дейди Аброр Имомхўжаев:

Фото муаллифлик ҳуқуқи TABNAK

Хабарларга кўра, миллий терма жамоаларининг Аргентинага қарши бугунги ўйини Эроннинг ўзида ҳам катта қизиқишга сабаб бўлмоқда.

Би-би-си Форс Хизмати Спорт бўлимининг айтишича, маҳаллий футбол ишқибозлари камида дуранг натижага умид қилишмоқда.

Аён бўлишича, жаҳон чемпионатининг худди шу босқичида улар анчайин некбин кайфиятда ва жамоаларининг гуруҳдан кейинги босқичга чиқишига ишонишади.

Бразилияда бўлиб ўтаётган жаҳон чемпионати Эронга ҳам жонли трансляция этилмоқда.

Аммо, хабарларга кўра, футбол ишқибозларининг чемпионат ўйинларини қаҳвахона, ресторан каби жамоатчилик жойларида кўришлари тақиқланган.

Уларнинг учрашувларни катта экранлар орқали томоша қилишга ҳам имконсиз эканликлари ва биринчиликдан фақат ўз уйларида телевизорлари орқали баҳраманд бўлишлари мумкинлиги айтилади, холос.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 7858 860002