Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Ёш ўзбек бастакори Берлинда нуфузли мукофот олди

Ўзбекистонлик таниқли бастакор Азиза Содиқова Берлинда бўлиб ўтган Young Euro Classic халқаро ёшлар мусиқий фестивалида энг яхши асар учун мукофотни қўлга киритди.

Ёш бастакор ўзининг Brief Scherben ("Мактуб парчалари") номли асари учун Берлин бургомистри Клаус Воверайт таъсис этган нуфузли мукофотга сазовор топилди. Фестивалда бутун дунёдан келган мингдан ортиқ ёш мусиқачилар иштирок этди.

Азиза Би-би-си билан суҳбатда "Мактуб парчалари" асарини яратишда 1930-йилларда яшаб ўтган рус авангард абсурдист ёзувчиси Даниил Хармснинг ўз собиқ сафиқаси Эстерга ёзган кундаликларидан илҳомланганини айтади.

Image caption Азиза Содиқова Берлиндаги фестивалда ўз асари ҳақида сўзлади

Хармснинг эҳтиросларга тўла, асабий, бемувозанат ҳолатию ишққа йўғрилган дунёси Азиза Содиқованинг мусиқа саҳналарида мужассамланган.

Адибнинг хат ёзиш жараёни эса босма машинка товуши ва оркестрнинг бошқа услублари ёрдамида ифода этилган.

Хармснинг жисмонию руҳий ҳолатлари, унинг беюпанчлиги мусиқа орқали муттасил равишда тасвирланган.

"Сен мени деразангда кўрасан, кейин эса мен эшигингдан кириб келаман, сен мени шунда остонангда кўрасан. Кейин эса мен хонангга кириб бораман. Шунда сен мени танийсан. Ич-ичингга кириб бораман, ва сендан ўзга ҳеч ким, ҳеч ким мени кўрмасу танимас", - деб ёзганди Хармс 1931 йилда ўз кундалигида.

Image caption Азизанинг асарлари ҳам шарқона, ҳам ғарбона таъсирларга эга

Азиза Содиқова ўз мусиқий композицияларини яратишда жаҳон ва ўзбек адибларининг асарларига юзланади. Унинг аввалги асарлари, хусусан, тасаввуф, Умар Ҳайём ва Франц Кафкадан илҳомланган.

Азиза илк ўзбек операси "Лайли ва Мажнун"ни басталаган таниқли ўзбек бастакори ва дирижёри Толиб Содиқовнинг неварасидир.

У беш ёшиданоқ мусиқа билан шуғулланишни бошлаган ва 18 ёшида Тошкентдаги "Илҳом" экспериментал театри спектаклига мусиқа басталаган. Унинг Абдулла Қодирий асари асосидаги "Оппоқ, оппоқ, қора лайлак" спектаклига басталаган мусиқаси ёш бастакорни Ўзбекистон ва хориждаги мусиқашуносларга кўпроқ танитди.

Азизанинг ўзига кўра, у басталайдиган мусиқа 1960-йилларда авангард, 1970-йилардан бошлаб эса постмодернист деб аталади.