'Ўзбекистонда ҳокимлар ва милиция кекса аёлларни ҳам калтаклайди'

Image caption Ўктам Пардаев инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишга интилгани учун қамалган ва қўрқитилган

"Куч тизимлари 70 яшар фермер аёлни ҳам калтаклашган".

"Устимиздан шикоят қилсанг, орқангни кавлаштирамиз, деб қўрқитишади".

"Ҳокимлар, маҳкамалар ва ички ишлар идоралари ўзлари истаганча оддий одамларнинг ҳақ-ҳуқуқларини топташмоқда".

"Аҳвол хонликка яқинлашган, деса ҳам бўлади".

Бу сатрлар Жиззахда фаолият юритаётган инсон ҳуқуқлари фаоли Ўктам Пардаевнинг Би-би-си Ўзбек хизмати радиотингловчилари ва bbcuzbek.com вебсаҳифаси ўқувчилари саволларига берган жавобларидан айрим намуналар, холос.

Қуйида ҳуқуқбоннинг тўлиқ жавоблари билан танишинг.

Би-би-си: Тошлоқдан Баҳодир Мажидов ўз хатида Ўзбекистондаги ҳозирги шароитда инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланиш ақлсизлик эмасми, бошқалардек тинчгина яшайвермайсизми, деб сўраган.

Ўктам Пардаев: Тўғри. Лекин кимдир бу ишни қилиш керак-ку?! Бу балки менинг қонимга сингиб кетгандир, бироқ инсонлар ҳуқуқларини ҳимоя қилмасам, виждоним чидамайди.

Би-би-си: Тимур исмли ўқувчимиз сиз адвокатмисиз, деб сўраган ҳамда нега энди одамларни ҳокимиятдан ҳимоя қилиш керак, дея таажжубланган.

Ўктам Пардаев: Биз адвокат ёки юрист эмасмиз. Биз оддий ҳуқуқ ҳимоячисимиз. Масалан, одамларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлганида улар суд, прокуратура ва ҳокимиятларга шикоят билан чиқишади. Лекин шунда ҳам ҳеч қандай натижа бўлмаса, иложсиз, бизнинг олдимизга келишади. Биз эса уларнинг арзини керакли жойларга ёки хорижий оммавий ахборот воситаларига етказишга интиламиз. Шунингдек, маҳкама жараёнларини кузатамиз.

Би-би-си: Мана ҳатто ўзингизни қўрқитишаётгани ва таъқиб қилишаётгани ҳақида айтасиз. Шундай шароитда бошқаларга қандай ёрдам бера оласиз?

Ўктам Пардаев: Бизга ариза билан келишса, арзларига қараб маслаҳат берамиз. Маҳкамаларга чиқиб, жараёнларни кузатамиз. Аммо улардан бирон моддий манфаат кутмаймиз. Биз фақат уларнинг ҳуқуқларини тиклашни истаймиз. Ўзимизга тўғри бўлганимиз учун ҳам кўчаларда бемалол юра оламиз.

Би-би-си: Фарҳод исмли тингловчимиз Ўзбекистонда ҳозир кимларнинг ҳуқуқлари энг кўп топталмоқда ва уларнинг ҳақларини ҳимоя қилаётган биронта давлат идорасини айта оласизми, деб сўраяпти.

Ўктам Пардаев: Асосан, маҳкамалар ва ички ишлар идоралари тарафидан одамларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлмоқда. Кўпроқ маҳкамалар томонидан, деса бўлади. Аксар оддий, пулсиз ва ёки қонунни тушунмайдиган, ўз ҳақ-ҳуқуқини билмайдиган одамларнинг ҳақлари топталаяпти. Лекин уларнинг ҳуқуқларини тиклаётган биронта давлат идорасини билмайман. Давлат идоралари оддий одамларни ҳимоя қилолмаяпти.

Би-би-си: Вилоятларда ва чекка ҳудудларда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланиш Тошкентдан кўра фарқлими? Чекка жойларда таъқиб ва тазйиқлар кучли, дейишади.

Ўктам Пардаев: Албатта, вилоятдаги шароит Тошкентдан фарқ қилади. Пойтахтда хорижий дипломатлар ва элчихоналар бор. Бирон фаолга тазйиқ бўлса, элчихона вакиллари етиб келишади ва маҳкамаларда қатнашишга интилишади. Аммо туманлар узоқ ва у ерларга дипломатлар келмаслигини билишади. Шу учун ҳам орган ходимлари бемалол, очиқчасига одамларга ҳам, ҳуқуқ ҳимоячиларига ҳам зуғум қилишади, тазйиқ ўтказишади.

Би-би-си: Айнан Жиззахда амалдорлар қўл остидаги кичикроқ мулозимларни сўкиши, оддий одамларни ҳатто калтаклаши ҳақида ҳам турли хабарлар чиққан. Сиз ўзингиз шундай ҳолатларга ҳеч гувоҳ бўлганмисиз ?

Ўктам Пардаев: Албатта. Ҳалима исмли 70 ёшга кирган фермер аёл бор эди. Шуни калтаклашган. Мен унинг кўкарган жойларини ўз кўзим билан кўрганман. Аёлларни ҳам уришганини кўрганмиз. Дейлик, фермер беш-олти гектар ерга қовун экса, нега экдинг, деб зуғум қилади ва туман ҳокими ички ишлар ходимларини чақиради. Кейин буни қаманглар, деб айтади. Агар милиция билан кетмаса, уни мажбурлашади. Қўлларини сим билан боғлаб, калтаклаб олиб кетишади. Кейин кечаси билан ушлаб ўтиришади ва тепишади. Бундай воқеалар бўлган. Ўша одамлар йиғлаб келишган, ариза беришган ва тиббий текширув хулосалари ҳам олинган. Аммо бир-икки кун ўтгач, улар ўз аризаларини қайтариб олишган. Чунки миллий хавфсизлик, милиция ва ҳокимиятлар дарҳол бу одамларга чиқиб, агар шикоятни бас қилмасанг, орқангни кавлаштирамиз, деб қўрқитишган. Шундан сўнг кўпчилик аризасини қайтариб олган. Олдимизга келиб, хорижий оммавий-ахборот воситаларига айтмасликни, уларни қўрқитишаётганини билдиришган. Бундай ҳолатлар кўп учрайди.

Би-би-си: Фермер ижарага олган ерида нима экишни ўзи ҳал қилмайдими? Ҳокимият ёки милиция фермернинг ишига аралашиш ва унга зуғум қилишга қонунан ҳақлими?

Ўктам Пардаев: Албатта, ноқонуний. Лекин ҳатто фермерлар режани бажаришса ҳам, барибир қовун ёки бошқа экин экишни тақиқлаб қўйишади. Фақат пахта ва буғдой экасан, деб фермерларни чеклаб қўйишган.

Би-би-си: Андижондан Толибжон исмли тингловчимиз нега Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари фаолларидан қўрқади, деб сўраган. Бу гапга қўшиласизми?

Ўктам Пардаев: Орган ходимлари инсон ҳуқуқлари фаоллари бизни сотади ва оммавий-ахборот воситаларига чиқариб юборишади, деб қўрқишади. Сабаби шу, менимча.

Би-би-си: Толибжон, шунингдек, қамоқдаги инсон ҳуқуқлари фаолларини кўриш мумкинми ва ғарб уларга ёрдам беришга қодирми, деб савол сўрайди.

Ўктам Пардаев: Қамоқдаги ҳуқуқ ҳимоячиларини бизга кўрсатишмайди. Уларни озод қилишни сўраб, халқаро ташкилотлар хатлар ва мурожаатлар билан чиққан тақдирда ҳам, барибир, бизнинг ҳукумат бунга эътибор қаратмайди. Чунки агар бу мурожаатларга қулоқ солиб, қамоқдаги фаолларни осонгина озод қилишса, унда биз каби очиқда юрганлар ҳам кучайиб кетишидан қўрқади. Шу боис атайдан уларни қамоқда ушлаб туришади. Бу билан бизларга қарата "эртага сенинг ҳам бошингга шу кун тушади" деган бир огоҳлантиришни беришмоқда.

Би-би-си: Лондондан Санжар исмли ўқувчимиз эса хорижга чиқиб кетган ўзбекистонлик ҳуқуқбонларга нисбатан сизнинг муносабатингизни ва сизда ҳам Ўзбекистондан чиқиб кетиш режаси бор ё йўқлигини билишни истайди.

Ўктам Пардаев: Менда четга кетиш имконияти бор. Чунки 10 йилдан бери инсон ҳуқуқлари билан шуғулланаман ва озми-кўпми халқаро ташкилотлар мени билишади. Лекин Оврўпога кетиш ниятим йўқ. Мен охиригача шу ерда бўлишни ва халқимга ёрдам беришни истайман.

Би-би-си: АҚШдан Нодир исмли тингловчимизга кўра, дунё кўзини шамғалат қилиш учун Ўзбекистон ҳукумати уч-тўрт нафар ҳуқуқбоннинг ишлашига имкон бериб қўйган. Нодир сиз ҳам улардан бири эмасмисиз, деб сўрамоқда.

Ўктам Пардаев: Балки унинг фикрида жон бордир. Аммо мени бундай эркин қўйиб қўйишгани йўқ. Аксинча, мени ушлаш учун ҳар қадамимни текширишади. Фақат ўзимга эҳтиёт бўлганим учун ишлаб юрибман.

Би-би-си: Швециядан савол йўллаган Муҳаммадсолиҳ исмли тингловчимиз қатор ҳуқуқбонлар суст ва жим бўлиб кетишган, деб фикр билдиради ва Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ташкилотлари ҳақида муносабатингизни билишни истайди.

Ўктам Пардаев: Ҳар ким ўз хавфсизлигини ўйлайди. Ҳеч ким бировга ишлашни буюра олмайди. Ҳамма ўзи учун жавоб беради. Аммо мен ўз фаолиятимни тўхтатганим йўқ. Жиззахда ҳозир икки нафар инсон ҳуқуқлари фаоли ишлаяпмиз. Қолганлар ўз хавфсизлигини ўйлаб, жим бўлиб кетишди. Баъзилари четга чиқиб кетган. Айримлари эса қамоқда.

Би-би-си: Ўзбекистоннинг айрим вилоятларида ҳокимиятларни очиқликка чорлаш тажрибаси қўлланди. Эндиликда раҳбарлар халқ дардини тинглай бошлашдими, ҳуқуқларини тиклашга интилишаяптими? Бу борада қандай ўзгаришлар кўзга ташланади?

Ўктам Пардаев: Йўқ. Умуман тинглашмайди. Аксинча, аҳвол баттар ёмонлашмоқда. Жиззахни олсак, бирон ўзгариш кўринмайди. Қайтага одамларни қийнаш, қонун бузиш ва коррупция кучайиб кетмоқда.

Би-би-си: Айрим кузатувчиларга кўра, Ўзбекистон вилоятларидаги бошқарув усуллари хонлик даврлари ё ўрта асрларни ҳам эслата бошлаган. Масалан, ҳокимлар истаганча одамларни хўрлайди, куч тизимлари калтаклайди ё қамайди, истаган пайти пахта ҳамда бошқа ишларни бажаришга мажбурлайди ва ҳоказо. Нима дейсиз?

Ўктам Пардаев: Тепадан қандай буйруқ келса, район ҳокимлари ва қуйи бошқарув органлари ўшани бажаришади. Яъни юқори нима деса, шуни қилишади. Ундан ўтиб, бир қадам ҳам қўйишолмайди булар.

Би-би-си: Жиззах мисолида олганда, аҳволни ўрта асрлар ёки хонлик даврларига тенглаштириш мумкинми ва ёки бу энди бир муболағами?

Ўктам Пардаев: Шундай деса ҳам бўлади. Чунки улар бемалол истаган ишини қилганидан кейин, хонликка яқин бўлади. Айниқса, районларда калтаклашлар кўп. Одамларнинг ҳақ-ҳуқуқлари поймол бўлиб ётибди. Ҳокимлар ва ички ишлар бошлиқлари ўзи истаган ишини қилиб ётибди. Вилоят раҳбарлари эса бу нарсадан хабардор.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02

Бу мавзуда батафсилроқ