Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

'Вазир бўлсанг ўзингга, туш самолётдан!'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Раҳмон Малик интернетга чиқиб, самолётга кечикмагандим, деб айтишга мажбур бўлган

"Вазир бўлсанг ўзингга, туш самолётдан!"

Парвозга кечикиб, йўловчиларни бир неча соат кутишга мажбур қилган собиқ вазирни одамлар ана шундай ғазаб билан учоқдан тушириб юборишди.

Мамлакатнинг собиқ Ички ишлар вазирига отилган даҳанаки таъна-маломатлар акс этган видеотасвир эса бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамлар диққатини ўзига тортмоқда.

"Покистонда амалдорларнинг бундайин ҳатти-ҳаракати одатий ҳол" - дейди йўловчилардан бири - "Аммо ёшлар мансабдорларга қуллуқ қилиб, мутеъларча яшашни исташмайди ҳозир".

Обрўси тушиб кетган собиқ вазир интернетга чиқиб, парвозга кечикмагандим, деб ўзини оқлашга ҳам уринди.

Тенг ҳуқуқли ва қонун устивор мамлакатларда ёввойи ва кулгили туюладиган "хосларга хос мулозамат қилиш" маданияти Ўзбекистонда ҳам кенг тарқалган.

Ўтган йиллар давомида қатор интернет вебсаҳифаларида ёзилган мақолалар ва гувоҳларга кўра, Президент Ислом Каримовнинг қизлари парвозга кечикиб келгани учун одамлар узоқ соатлаб самолёт ичида уларни кутишган.

Баъзи ҳолатларда президентзодалар парвоз қилишни истаб қолишганида, Ўзбекистон учоқларидаги йўловчилар бизнес классдан эконом классга мажбуран ўтказилгани ҳақида ҳам хабарлар пайдо бўлганди.

Икки йил олдин эса бир неча ўзбек амалдорига жой бўшатиш учун, Исроилга учаётган олти нафар оддий йўловчи самолётдан тушириб юборилгани борасида айтилганди.

Ҳамон Президент Каримов ишга борганда ё қайтганда Тошкентдаги "президент трассаси" ва унга боғлиқ қатор кўчалар соатлаб ёпиб қўйилиши айтилади.

Ўзбекистонликларга кўра, бу каби ҳодисалар кун сайин мамлакатда кучаймоқда ва одамлар аҳволни оддий ҳолат сифатида қабул қилишади.

"Ҳозир ҳокимлар ва бошқа амалдорлар ҳам шундай йўл тутишмоқда" - дейди Тошкентдан Алимардон Аннаев - "Тошкент вилоятида ўтган бир байрамда стадион атрофи бир ярим чақирим масофада қуршаб олинди ва машиналар тўхтатилди".

"Ўзбек амалдорларининг бундай ҳатти ҳаракатлари оқибатида улар ва оддий халқ орасида аллақачон катта жарлик пайдо бўлган".