Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Голливуд Амир Темур ҳақида филм олмоқчими?

Ўзбекистондаги қатор нашрлар россия ва америкалик продюсерлар ҳамкорликда Амир Темур ҳақидаги филмни суратга олишни бошлаётганликлари ҳақида хабар берган.

Интернет нашрларининг россиялик ишбилармон Андрей Поклонскийдан иқтибос келтиришича, филмда Амир Темур роли учун Голливуд актёри Хью Жекманнинг номзоди кўриб чиқилмоқда.

Жаноб Поклонский филм Россия ва Голливуд студияларининг маблағи ҳисобидан олинишини айтган.

Би-би-сига маълум бўлишича, Андрей Поклонский "Россия православ меценатлари клуби" раҳбари ва бир кунда қуриб битказилган черков лойиҳалари билан ном қозонган.

Москвада яшаб, ижод қилаётган таниқли ўзбек кинорежиссёри Али Ҳамроевнинг айтишича, у 2009 йилда жаноб Поклонскийнинг буюртмаси билан Амир Темур ҳақидаги филм сценарийсини ёзган.

"Еттинчи ўқ", "Фавқулода комиссар" ҳамда "Водиллик келин" сингари ўнлаб филмларни суратга олган режиссёрнинг сўзларига кўра, лойиҳа муаллифлари филмда православ мотивига урғу беришни истаганлар.

"Аммо бу шартлар менга тўғри келмади. Мен ўзим мусулмон бўлсам, православ проектларига аралашиб нима қиламан, дедим. Филм олинмади ва 5 йиллик контракт муддати шу йил июлида тугади", - дейди режиссёр.

Image caption Али Ҳамроев Голливуднинг Амир Темур ҳақида ҳаққоний филм олишига шубҳа қилади

Али Ҳамроев янги сценарийдан хабари йўқлигини айтиш билан бирга, агар унда ўзи ёзган бирон эпизод ёки диалогдан фойдаланилган бўлса, филм ижодкорларини маҳкамага беришини айтди.

Би-би-сининг Андрей Поклонский билан боғланишга уринишлари ҳозирча натижа бергани йўқ, аммо унинг тўлиқ исмини беришни истамаган Ирина исмли продюсери Али Ҳамроевга ўз вақтида сценарий учун буюртма беришгани ва икки ўртада шартнома имзоланганини тасдиқлади.

Айни пайтда у Голливуд билан ҳамкорлик тафсилотлари ҳақида Поклонскийнинг ўзи билан гаплашишни тавсия қилди.

Али Ҳамроев Голливуднинг Амир Темур ҳақида ҳаққоний, йирик эпик картинани суратга олишга қодирлигини савол остига олади.

1990-йилларда ўзбекистонлик ижодкорлар Амир Темур ҳақида суратга олган филм унчалик муваффақият қозонмаган.