Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Толибон масаласида Покистонга ишонса бўладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Минтақавий сиёсий таҳлилчиларга кўра, йўқ:

Уларнинг айтишларича, айрим қурилмалари ҳар икки Толибон ҳаракатига катта таъсирга эга, деб кўрилган Покистоннинг бу хусусдаги ваъдалари, йилларки, деярли қуруқ гапдан нарига ўтмаган.

Таҳлилчиларнинг бу каби баҳолари Покистон Бош вазирининг янги ваъдаси манзарасида янграган.

Навоз Шариф жаноблари шанба куни Толибон билан музокараларида қўшни Афғонистон Президенти Муҳаммад Ашраф Ғанийни қўллаб-қувватлашга ваъда берган.

Афғонистоннинг қарийб икки ой бурун қудратга келган янги раҳбари эса, нима қилиб бўлмасин, мамлакатидаги Толибон муаммосига энг аввало тинч йўл билан барҳам бермоқчи.

У худди шу мақсадда кеча жума куни Исломободга икки кунлик давлат ташрифини бошлаган.

Жаноб Ғаний яқиндагина иқтидорга келганига қарамай, орада қудратли қўшниси Хитой ва Саудия Арабистонига ҳам сафар қилиб улгурган:

Бу хусусдаги уларнинг ҳам дастагу ваъдаларини қўлга киритган.

Жумладан, расмий Пекин Покистон ва Афғонистон ўртасидаги музокараларга замин яратишга шай эканини ҳам баён қилган.

Аммо уларнинг ҳеч бири афғон можароси ва Толибон муаммоси ечимида Покистончалик катта қудрат ва таъсирга эга эмас.

Ҳам маҳаллий ва ҳам халқаро таҳлилчилар расмий Исломободнинг холис ва самимий кўмагисиз, бу икки муаммони ҳеч қачон ҳал этиб бўлмаслигини айтишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Уларга кўра, президент Муҳаммад Ашраф Ғаний бирининг Толибон ҳаракати ва бошқасининг расмий Исломободга ғоявий, молиявий ва иқтисодий таъсиридан фойдаланиб, дастлабки икки сафарини Саудия Арабистони ва Хитойга уюштирган.

Ўз ўрнида эслатиб ўтиш жоиз, жаноб Ғанийнинг бу каби саъй-ҳаракатлари бутун Афғонистон бўйлаб Толибон ҳаракати қайта фаоллашишга муваффақ бўлган ва катта сондаги Ғарб бошчилигидаги иттифоқ қўшинлари Афғонистондан оммавий сафарбарликни бошлаб юборган бир пайтда кузатилмоқда.

Минтақавий таҳлилчиларга кўра эса, Афғонистоннинг янги президенти расмий Исломобод билан Толибон хусусидаги музокараларини, ҳатто, собиқ ҳамкасби Ҳомид Карзайдан ҳам заифроқ мавқеъда бошлаган:

Орадан 45 кун ўтса-да, ўз Вазирлар маҳкамасини ташкил қила олмаган, бутун Афғонистон хавфсизлиги учун масъулият деярли ўз зиммасида қолган ва Толибон ҳаракатига террорчи ташкилот эмас, сиёсий мухолиф сифатида баҳо берган.

Жумладан, Туркиядан собиқ дипломат ва сиёсий таҳлилчи Абдулсалом Осимнинг айтишича, худди ана шу уч омил Покистон томонига яхшигина қўл келади.

Таҳлилчилар, худди шу ўринда, Толибон масаласида Покистоннинг ўз ичидаги қарашларнинг якдил эмаслиги ҳам расмий Кобулнинг барча уринишларини чиппакка чиқариши мумкин бўлган омил эканини айтишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Getty

Устига устак, Британия мустамлакаси даврида тортилган зиддиятли Дюран чегара чизиғи ва исёнчиларнинг чегараоша ҳужумлари сабаб, бу ўн йилликларда икки қўшни давлат орасидаги муносабатлар ҳамиша танг бўлиб келган.

Бундан ташқари, Покистон ва Ҳиндистон ўртасидаги осон бўлмаган муносабатлар ҳам афғон можаросида ўз сўзини айтмай қолмаган.

Минтақавий таҳлилчиларнинг бирдек эътироф этишларича, Покистон айнан худди шу каби минтақавий можароларида толиблардан бир восита сифатида фойдаланиб келади.

Ҳиндистоннинг Афғонистон билан алоқаларини кучайтириш уринишларини хуш ёқламайди ва бундан доимо шубҳаю хавотирда бўлиб келади.

Уларга кўра, худди шу омил сабаб, Толибон муаммосининг якуний ечимида АҚШ, Хитой ва Ҳиндистон каби дунё ва минтақадаги йирик қудратларнинг жиддий сиёсий иродаси лозим бўлади.

Таҳлилчиларнинг айтишларича, фақат ана шу ўйинчи давлатларнинг кучли босими остидагина Покистонни Толибон муаммосини бирёқли қилишга ундаш мумкин бўлади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Аммо, шунда ҳам, уларга кўра, Толибон ҳаракати билан муомалада фақат дипломатия йўли иш бермайди: Бу борада ҳалиям ҳарбий қудратга ишга солишда давом этиш ва ғолиб мавқеида ҳаракатни музокараларга боришга ундаш энг мақбул йўл бўлади.

Покистон ҳукуматининг шу йил ёз ойида Толибон ҳаракати дохил қатор исёнчи гуруҳлар, йилларки, бошпана топиб келган қавмлар яшовчи Вазиристон минтақасида йўл қўйган кенг кўламли ҳарбий амалиётлари ҳам Афғонистоннинг зиддига хизмат қилган, зўравонликларнинг Покистон қолиб, афғон тупроғида кучайишига олиб келган.

Орада Покистон Толибон ҳаракатининг айрим юқори мартабали қўмондонлари Сурия ва Ироқ ерларида ўзининг исломий халифатига асос солган "Исломий Давлат" гуруҳи раҳбарига байъат ҳам беришган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ҳам Афғонистон ва ҳам Покистон Толибон ҳаракатининг яқин иттифоқчиси бўлган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати эса, улардан ҳам олдин "Исломий Давлат" гуруҳини дастаклашини расман баён қилиб улгурган.

Мавжуд ҳолат ўзининг шафқатсиз жанг олиб бориш услуби билан ном чиқариб улгурган Яқин Шарқдаги бу гуруҳнинг қадами Жанубий Осиёга ҳам етиши мумкин, деган жиддий хавотирларни пайдо қилмай қўймаган.

Энг сўнггида эслатиб ўтиш жоиз, Толибон муаммосига якуний ечим топишда барча манфаатдор томонларнинг ўтган 13 йиллик саъй-ҳаракатлари бирор бир самара бермаган.

Афғонистондаги мавжуд вазият барча Марказий Осиё давлатлари қолиб, қудратли Хитой ва Россияни ҳам жиддий хавотирга солмай қўймаган.

Азизлар, Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp орқали боғланишни истасангиз телефонимиз - +44 7858 860002