Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Акрамжон ака: 'Россияга ҳам ўша велосипедимда бораман'

2006 йилги жаҳон чемпионатида мезбон Олмонияга велосипедда бориб, Олмониянинг ўзида олмон миллий терма жамоасига ишқибозлик қилган марғилонлик отахон энди Россияга бормоқчи.

Россияда, агар, футбол бўйича 2018 йилги жаҳон биринчилигига чиқса, албатта, Ўзбекистон, акс ҳолда яна ўзи ишқибози бўлган Олмония миллий терма жамоасига мухлислик қилмоқчи.

Асл касби дурадгор бўлган ва бу йил 61 ёшни қаршиловчи марғилонлик футболсевар суҳбатдошимизнинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан суҳбатида айтишича, ҳозир тиббий кўрикдан ўтмоқда ва келаси ой бу хусусда Россия элчихонасига расман мурожаат қилмоқчи, биринчиликка бориш учун уларнинг рухсатини олмоқчи.

Акрамжон ака Маъруфжоновнинг сўзларидан маълум бўлишича, Россиядаги жаҳон чемпионатига яна велосипедда, аммо бу гал Марғилону Фарғонадан жаъми 10-12 киши бўлиб боришмоқчи.

Суҳбатдошимизга кўра, Россияга ҳам ўзига Олмония сафарида панд бермаган “ўша” велосипедида бормоқчи. Уни аллақачон таъмирдан чиқариб, Навоий йўлларида синаб ҳам кўрган.

Москвага етиб олиши учун Акрамжон ака ўз ҳамроҳлари билан қарийб 5.000 км масофани босиб ўтиши керак бўлади.

У кишининг айтишича, бу – велосипедда 45 кунлик йўл, дегани.

“Олдин Россия элчихонасига мурожаат қилиб, уларнинг суҳбатидан ўтганимдан кейин бўлажак сафаримиз харитасини тузиб чиқамиз, йўл ҳозирликларини бошлаймиз”, - дейди у киши.

Акрамжон ака Россияга саёҳатларининг молиявий томони ўзларини ўйлантирмаётгани, бунинг учун аллақачон етарлича ҳомийлар борлигини ҳам қўшимча қилади.

Бу ҳали ҳаммаси эмас

Фото муаллифлик ҳуқуқи uff

Марғилонлик футболсевар отахон Олмониядан кейин Жанубий Африка ва ўтган йили Бразилияда бўлиб ўтган жаҳон биринчиликларига ҳам велосипедда сафар қилиш нияти билан чиққан, аммо, энг сўнггига келиб, у кишига қонидаги қанд миқдорининг кўплиги панд берганди.

Акрамжон аканинг Би-би-си Ўзбек Хизмати билан сўнгги суҳбатида айтишича, ҳозир шифокорларнинг тиббий назоратлари остида, шу боис ҳам Россия сафари олдидан у кишини бу каби ўй қўрқитаётгани йўқ.

Суҳбатдошимиз Бразилияда жаҳон футболи афсонаси Пеле ва португалиялик футбол юлдузи Криштиану Рональду билан кўришмоқчи бўлган, севимли жамоаси Олмониянинг жаҳон чемпиони бўлишини ўз кўзлари билан кўришни истаганди.

Аммо у киши футбол бўйича 2006 йилги жаҳон чемпионатига мезбон Олмонияга велосипедда борган, ўша пайтда олмон миллий терма жамоаси ва ўзлари оилавий бўлиб ишқибозлик қилувчи Мюнхеннинг “Бавария” клуби дарвозабони бўлган афсонавий Оливер Каннинг дастхатини олишга муваффақ бўлган.

Акрам ака Оливер Каннинг катта футболдан хайрлашув тадбирида ҳам шахсан иштирок этиб, унга ўзбекона зарбоф тўн ва дўппи кийдирган биринчи ва ҳозирча, сўнгги ўзбекистонлик бўлади.

Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасига эса, ҳалича жаҳон биринчилигига чиқиш бахти насиб этмаган.

Жамоа 2014 йилги биринчиликка бориш имкониятини энг сўнггига келиб, плей-офф босқич беллашувларидагина бой берганди.

14 апрел куни ташланган қуръа натижаларига мувофиқ эса, Ўзбекистон Россияда бўлиб ўтажак 2018 йилги жаҳон чемпионати гуруҳ босқич саралаш беллашувларининг иккинчи босқичида Баҳрайн, Филиппин, Шимолий Корея ва Яманга қарши тўп суради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK