Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Би-би-си фильми: 'Андижон қирғини: ҳақиқатнинг акси'. 1- қисм

Андижондаги қонли воқеаларнинг 10 йиллиги арафасида Human Rights Watch инсон ҳақлари ташкилоти АҚШ, Оврўпо Иттифоқи ва бошқа ҳукуматларни қирғин учун масъулларни жавобгарликка тортиш борасидаги даъватларини қайта бошлашга чақирди.

HRW ҳисоботида айтилишича, "2005 йил 13 май куни ҳукумат кучлари Андижондаги аксари қуролсиз бўлган минглаб тинч намойишчиларга қарата ўқ очди. Намойишчилар қашшоқлик, ишсизлик ва расмийлар тазйиқларидан шикоят қилиш, шунингдек ҳукуматнинг улар овозига қулоқ тутишини талаб қилиб йиғилгандилар".

"Қўрқув ҳануз Ўзбекистон аҳолиси устидан ҳукмрондир. Улар шунчаки оғзиларини очганлари учун отиб ташланишларини билиб яшамоқдалар", - дейди ташкилотнинг Марказий Осиё бўйича тадқиқотчиси Стив Свердлов.

Видеолавҳа шаклида чиқарилган ҳисоботда Андижонлик ҳуқуқ фаоли Лутфулло Шамсиддинов қочишга уринган намойишчиларнинг ҳукумат аскарлари томонидан ўққа тутилганини тасвирлайди.

HRWга кўра, ҳодисалар оқибатида юзлаб одамлар ўлдирилган бўлса ҳам, ҳукумат фақатгина 187 киши ҳалок бўлганлигини даъво қилган.

Шунингдек, расмийларга кўра, ҳалок бўлганлардан 60 киши намойишчилардан бўлган, қолганлари эса ҳукумат аскарлари томонидан отиб ўлдирилган қуролланган шахслардир.

"Қирғиндан сўнг Ўзбекистон ҳукумати мустақил текширув ўтказиш учун ҳамма даъватларни рад этиб, ўша кун тарихини қайта ёзиб чиқишга киришди. Расмийлар намойишларда қатнашишда гумон қилинган ва қон тўкилишига гувоҳ бўлган ҳар кимни тазйиқ, ҳибслар ва қийноқларга тута бошлади. Ҳатто мамлакатни тарк этганларни - уларнинг яқинларига босим ўтказиш орқали - чет эллардан қайтариш ҳаракатлари олиб борилмоқда".

2015 йил бошларида Human Rights Watch Андижон қирғинига гувоҳ бўлган кўплаб шахслар билан суҳбатлашишга муваффақ бўлди. Аксари хорижда яшовчи гувоҳлар Ўзбекистонда қолган яқинлари ва ўзлари ҳам босим остида эканликлари туфайли ошкора гапиришдан ҳамон қўрқишларини айтдилар.

"Ўзбекистонда қолганлардан баъзилари мамлакатни тарк этган яқинлари террорчи эканлиги ҳақидаги баёнотларга имзо чекишга мажбурланганлар".

Насиба (исми ўзгаритирилган) - андижонлик қочқинлардан бирининг рафиқаси. Унинг Human Rights Watch га айтишича, ҳодисалардан ўтган деярли ўн йил мобайнида уни ҳар ойда эрининг қаерда эканлиги ҳақида сўроққа тутиб, намойишларда қатнашгани учун жазо сифатида фоҳишаликка мажбурлаш билан пўписа қилганлар.

Насибанинг илова қилишича, унинг фарзандларини ҳам мактабда "сазойи" қилишган ва тазйиқлар туфайли у уйидан кўчишга мажбур бўлган. Унинг бир қатор эркак қариндошлари ҳибсга олинган. Яна бир яқини эса ўзбек расмийларининг "уни кечирганлари" ҳақидаги ваъдаларидан сўнг мамлакатга қайтганидан бир неча кун ўтибоқ қамоққа ташланган.

Унинг айтишича, ўша қариндоши ҳибсхонада 20 кун ўтказганидан сўнг оламдан кўз юмган. Унинг жасадида қийноқ излари бор эди, юзлари кўкарган ва қўлидаги бармоқларидан тирноқлари кўчириб олинган.

"Афғонистон билан чегардош бўлгани учун Ўзбекистон ила ҳарбий ҳамкорлик тарафдори бўлган АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи қирғиндан сўнг жазо чоралари киритдилар, аммо кейинчалик бу мавқеъ юмшатилди".

HRWнинг баёнотига кўра, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқини Ўзбекистон ҳукуматини инсон ҳуқуқлари соҳасида аниқ қадамларни қўйиш учун аниқ муддатларни белгилаш ва агарда бундай қилмаса, оқибатларга юз тутиши ҳақида огоҳ бериши керак.

"БМТнинг Инсон ҳуқуқлари Кенгаши, АҚШ ва Оврўпо Иттифоқи билан биргаликда Ўзбекистондаги вазиятни синчиковлик билан ўрганувчи махсус кузатувчи мавқеъини яратишлари лозим", - дея даъват қилган HRW.

Би-би-сининг Тошкентдаги собиқ мухбири Моника Уитлок 2010 йилда Андижон қирғини далиллари ва шоҳидлар билан суҳбатлар асносида "Through The Looking Glass: Andijan Massacre" - "Андижон қирғини: ҳақиқатнинг акси" ҳужжатли фильмини суратга олган.

Фильм Моника Уитлокнинг Ўзбекистонда ҳамда Оврўпода ўтказган тадқиқотлари натижасидир.

Унда Ўзбекистон ҳукумати Андижонда 2005 йил майида рўй берган қонли ҳодисаларда айблаган, "Акромийлар" ноқонуний диний оқими деб тақдим этган инсонларнинг Андижон қирғинигача, 2005 йил қонли ҳодисалари пайтидаги ва ундан кейинги ҳаёти ҳақида ҳикоя қилинади.

Фильмда Моника Уитлок Ўзбекистонда мухбир сифатида фаолият юритган йилларида тасвирга олинган кадрлар, Швецияда туширилган тасвирлардан фойдаланилган.

Фильмда Ўзбекистон ҳукумати террорчилар деб тақдим этаётган, таъқиб этиб, панжара ортига ташлашда давом этаётган одамлар аслида ҳам террорчими, деган саволга жавоб изланади.

"Андижон нафақат Ўзбекистон, балки дунё ҳақидаги ҳақиқат: норозилар, ҳукуматлар, четда турганлар, янгилик яратадиганлар, оддий инсонлар... Андижон бугунги дунёга бир ойнадир", дейди ҳужжатли фильм муаллифи.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio