"Ўзбекистон: Ғойиб бўлган саройлар оҳанглари"

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Лондондаги Юнус Эмро номидаги Турк маданият марказида "Ўзбекистон: Ғойиб бўлган саройлар оҳанглари" деб номланган мусиқий албомнинг тақдимоти бўлиб ўтди.

ЮНЕСКО коллекциясидаги ўзбек анъанавий мусиқалари жамланган албом Америкадаги "Smithsonian Folkways Recordings" овоз ёзиш ширкати томонидан чиқарилган.

Муножат Йўлчиева, марҳум Турғун Алиматов, Шавкат Мирзаев, Шерали Жўраев, Дадахон Ҳасан ва Абдуҳошим Исмоилов каби қатор ўзбек миллий мусиқа санъатининг етук намояндалари ижросидаги мумтоз мусиқа намуналари 1997-1998 йилларда тўпланган.

Тадбирни ташкил қилган Кембридж Университети тадқиқотчиси Профессор Розия Султонова Лондондаги мусиқа шинавандаларига ўзбек миллий мусиқаси тарихи, унинг қайси даврларда гуллаб-яшнагани, бугунги кунга қадар нималар билан бойиб, қандай йўқотишларга юз тутаётгани ҳақида гапирди.

"Ўзбек мусиқаси илдизлари ўрта асрлар сарой маданиятига бориб тақалади. Мумтоз мусиқа 14 асрларда ана шу саройларда куртак отиб, равнақ топганди. Мисол учун мақом амирлар ва хонлар мезбонлигида ўтган йиғинларда ижро қилинган... Йиллар ўтиб эса, саройлар парчаланди, қадимий шаҳарлар сиёсий талотўпларни бошидан кечирди, аммо мусиқа яшаб қолди..." дейди "Ўзбекистон: Ғойиб бўлган саройлар оҳанглари" мусиқий албомини нашрга тайёрлаган Розия Султонова.

Тадбирда Розия Султонова дуторда ўзбек куйларидан намуналар ижро этди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ