Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

ФИФА атрофидаги можаро Ўзбекистонда қандай акс-садо бермоқда?

Коррупция айбловлари билан боғлиқ ҳибслар ортидан ФИФА Президенти Зеп Блаттерга халқаро босимлар ортиб бормоқда.

Жаноб Блаттер эртага мўлжалланган ФИФА Президентлигига сайловга номзодини яна илгари сурган.

УЕФА Президенти Мишел Платини ва Британия Бош вазири Дэвид Кэмерон Зеп Блаттерни истеъфога чиқишга чақирганлар.

Дунёдаги энг йирик кредит ва дебит карточкалар ширкати - ВИЗА футбол бўйича Жаҳон Кубоги мусобақаларига ҳомийлигини қайта кўриб чиқиши мумкинлигидан огоҳлантирган.

ВИЗА огоҳлантиришича, ФИФА Жаҳон Кубоги обрўсини қайта тиклаш чораларини кўрмаса ҳомийликдан воз кечади.

Куни кеча футболни бошқарувчи ФИФА ташкилоти етти мулозими Швейцариянинг Цюрих шаҳридаги меҳмонхонада коррупция айблари билан ҳибсга олинганлар.

Улар орасида Фифанинг вице-президенти ҳам борлиги айтилади. Гумондорлар АҚШга экстрадиция қилинишлари кутилади.

Айбловлар сирасига пул ювиш, товламачилик ва фирибгарлик айбловлари киради.

Фифа аъзолари жума куни Цюрихда йиллик мажлисга йиғилишаётганди.

Ҳибсга олинганлар орасида жаноб Блаттер йўқлиги айтилмоқда. Зотан, ФИФА атрофидаги коррупцияга боғлиқ шубҳа-гумонлар бир неча йилдан бери билдирилаётганди.

Федерация билан боғлиқ порахўрлик даъволари Ўзбекистонлик футбол мухлисларини не чоғлиқ ташвишлантиради?

Таниқли футбол шарҳловчиси Аброр Имомхожаевга кўра, хабар кутилмаган бўлган эса-да, Ўзбекистонда у қадар кенг муҳокама қилинаётгани йўқ.

"Бу жуда ҳайратланарли, чунки дунёнинг энг катта нуфузли ташкилотларидан бирида шундай ишларнинг амалга оширилиши умуман ақлга сиғмайдиган ҳодисадир. Мутахассислар агар ФИФАдек йирик бир ташкилотда вазият шундай экан, бошқалардан нима кутиш мумкин деган маънода ўйланиб қолишган", дейди Аброр Имомхожаев.

Шарҳловчига кўра, ҳозирги ҳодисаларнинг Ўзбекистонга тўғридан-тўғри таъсири йўқ дейиш мумкин.

"ФИФАнинг Ўзбекистон билан алоқалари жуда ҳам яхши... Умуман, халқаро футбол ташкилотлари билан Ўзбекистон футбол федерацияси ўртасида алоқалар яхши, мустаҳкам йўлга қўйилган. Бордию, бу можароларга Зеп Блаттернинг ўзи аралашиб, унга ҳам айбнома қўйилиб, бир нарса бўлганда эди, унда қанчалар бизнинг муносабатларимиз нотўғри йўлга қўйилганлигини муҳокама қилса бўларди. Лекин, Блаттерга шахсан айб қўйилгани йўқ ва муносабатларни қайта кўриб чиқишга ҳожат ҳам йўқ, деб ўйлайман", дейди футбол шарҳловчиси Аброр Имомхожаев.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio