Туркия: 'Жангариларга қарши амалиётлар давом этади'

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ҳибслар

Туркия ҳукумати ўзини "Исломий Давлат" деб атовчи жангариларга қарши кураш давом этишини айтган.

Жума куни эрталаб Туркия ҳарбий учоқлари ИДнинг Сурия шимолидаги мавқеларини илк бор нишонга олган.

Бош вазири Аҳмад Довудўғли ҳаво ҳужумлари муваффақиятли кечганини айтган. Унга кўра, нишонлар "бутунлай яксон қилинган".

Пайшанба куни Турк кучлари ва ИД жангчилари ўртасида отишма кечганди. Ҳодисада бир турк аскари ҳалок бўлган.

Жума куни тонгда Туркия полицияси мамлакат бўйлаб ИД ва курд жангариларига қарши рейд ўтказган ва 297 кишини қўлга олган.

Ҳибслар Курдистон Ишчилар партияси - ПККнинг ҳарбий қаноти икки полиция ходимини ўлдириш масъулиятини зиммасига олиши ортидан амалга оширилган.

ПКК уларни ИД билан ҳамкорлик қилганликда айблаган. Душанба куни курд фаолларига қарши бомба ҳужуми амалга оширилган ва 32 киши нобуд бўлганди.

Истанбулдаги 140та турар-жой биносида ўтказилган қидирув амалиётларига 5, 000дан ортиқ зобит сафарбар қилинган.

Давлат назоратидаги Онадўли хабар агентлигига кўра, ҳибслар Анқара, Измир шаҳарлари ва Сурия чегарасига яқин Шанлиурфа вилоятида ҳам амалга оширилган.

Фаолиятини тақиқланган Курдистон Ишчилар партияси (ПКК)нинг ёшлар қаноти ва DHKP-C марксчи-ленинчи гуруҳнинг аъзолари ҳам қўлга олинган.

Туркия Президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон жангариларга қарши амалиётлар давом этишини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio