Ҳужжатсиз муҳожирнинг боласи таълим олишга ҳақсизми?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none

Янги ўқув йили арафасида Россия Федерацияси Олий маҳкамаси Таълим вазирлигининг 2014 йилдан болаларни мактабга бериш учун турар-жойдан рўйхатдан ўтганликка оид ҳужжат кўрсатишга оид буйруғини кучда қолдирган.

Маҳкама сўнгги қарори расман қайддан ўтмаган инсонларнинг болалари мактабга қабул қилинмаслигини англатади.

Айни қарор асосида яшаш рухсатномаси муддати ўтган муҳожирлар фарзандлари ҳам ўқув йилининг ўртасидан бўлса-да, таълимдан мосуво қолишлари мумкин.

Москвадаги "Фуқаровий кўмак" нодавлат ташкилоти раҳбари Светлана Ганнушкина Таълим вазирлиги киритган тартибга қарши шикоятлар сони ортиб бораётгани ҳақида айтган. Унга кўра, ҳозиргача Сурия ва Ўзбекистон дохил қатор давлатлардан келган 50дан ортиқ муҳожир оилалар "Фуқаровий кўмак" ташкилотига ёрдам сўраб мурожаат қилган.

Биз Светлана Ганнушкинадан муаммо кўлами қанчалар катта, Россияда расман рўйхатдан ўтмаган инсонлар сони борасида аниқ рақамлар борми, деб сўрадик.

Светлана Ганнушкина: Рўйхатдан ўтмаган инсонлар сони жуда кўп, улар орасида хорижликлар билан бирга россияликлар ҳам бор. Аммо, аниқ қанча эканлигини мен айтолмайман. Тахмин қилишим мумкин, улар 100 мингни ташкил қилиши мумкин.

Би-би-си: Расмий рўйхатдан ўтиш жараёни қанча вақтни олади?

Светлана Ганнушкина: Бу жараён жуда оддий бўлиши мумкин эди, айниқса одамлар қаерда рўйхатдан ўтиш мумкинлигини ёки шундай регистрация жойлари бор бўлса эди... Бу кўп вақт олмаслиги керак. Ким жой берса, шулар рўйхатга олиши керак, чунки бизда рўйхатга киритириш, дейлик ижара олувчининг эмас, балки ижара берувчининг зиммасида аслида. Қочқинлар қаерга бориши мумкин? Чунки уларни ҳеч ким бу ерга таклиф қилмаган, улар иложсиз қочқинлардир... Бу ўзи шундоқ ҳам мушкул бир масала. Бошқа томондан бизнинг фуқароларимиз ўзлари жой беришар экан, ўз манзилларига қочқинларни ёки муҳожирларни рўйхатдан ўтказишни исташмайди. Нима учун? Чунки, солиқ тўлашни исташмайди даромадларидан... Мана бизнинг ташкилотимиз ҳам бир жойни ижарага олганида, биз ўша 13 фоизлик солиқни тўлашга тайёр эдик, шунда ҳам буни исташмади. Бу ерда бир мантиқ бор, Шўро фуқароси, Россия фуқароси ҳам давлат билан алоқаларни ҳужжатлаштиришни истамайди, бу эскидан шунақа... Қўрқади давлатдан. Шунинг учун, афсуски вазият шунақа...

Би-би-си: Мазкур ҳолат болалар ҳаёти ва уларнинг таълим олишларига қандай таъсир қилади?

Светлана Ганнушкина: Болаларга ва қочқинларга албатта, бу таъсир қилди. Салбий таъсир қилди. Чунки, ўтган йили Таълим вазирлиги буйруқ чиқарди. Рўйхатдан бўлмаган инсонларнинг болалари мактабларга олинмаслиги ҳақида ва жуда кўп болалар, нафақат, Москвада балки регионларда ҳам мактабсиз қолишди. Биз бу борада Олий маҳкамага арз қилдик. Кеча бу ишни кўриб чиқишди. Прокуратура ҳам, Таълим вазирлиги ҳам нимагадир бунақа чеклов йўқлигини айтишди. Биз: "Яхши, унда нима учун бу буйруқда аниқлаштириш йўқ, масалан, нима учун аниқ қилиб, биринчи ўринда мактабга шу атрофдаги уйларда яшайдиганлар олинади, иккинчи ўринда рўйхатда бўлмаганлар олинади, деб ёзилмаган", дедик. Маҳкама бизнинг шикоятимизни рад қилди. Энди кутамиз. Қани бу буйруқ аниқлаштирувчи ҳолатлар билан қайта кўриб чиқилармикан? Биз шунга қараб иш қиламиз.

Би-би-си: Мазкур ҳолат амалдорлар орасида яна коррупцияни авж олдиради, дейишади. Буни қанчалар эҳтимолий, дейиш мумкин?

Светлана Ганнушкина: Коррупция... ҳар қандай чекловлар ортидан коррупция келиб чиқади. Ҳозир бизга арз қилиб келаётганлар сони кўпаймоқда. Айнан мана шу буйруқ туфайли...

Би-би-си: Бундай вазиятда рўйхатдан ўтмаган оилалар қандай танлов қаршисида қолишган?

Светлана Ганнушкина: Биз маҳкамаларга мурожаат қиламиз.Чунки, бошқа чорани кўрмаяпман мен. Ҳар бир бола учун курашни давом эттирамиз. Яъни, рўйхатда бўлмаган оилаларнинг фарзандлари ҳам мактабга боришга ҳақли. Биз курашамиз ҳар бир иш бўйича...

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ