Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

"Сиёсатшунослик - Ғарб назариясини ўқитгани учун бекор қилинсин"

Ўзбекистонда сиёсатшунослик фани бекор қилинган. Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги буйруғига кўра, ушбу фан мавзулари "бир бирини такрорлагани ва Ғарбда кенг тарқалган назариялар тўғрисида маълумот беришга асослангани" учун фан сифатида бекор қилинган. Мутахассислар ушбу сабаблар фанни бекор қилишга етарли асосга эга эмаслигини айтишмоқда. Уларга кўра, сиёсатшунослик фан сифатида ислоҳ қилишга муҳтож.

Буйруқ чиқариш учун асос бўлган хулосага кўра, ушбу фан бўйича Ўзбекистонда чоп қилинган китобларда Ўзбекистонга хос бўлган тараққиёт йўли, "Ўзбек модели"нинг асосий тамойиллари атрофлича тушунтирилиб берилмаган.

2013 йили Ўзбекистон олийгоҳларида сиёсатшунослик бўйича мутахассис етказиб бериш тўхтатилган эди. Ўзбекистон Миллий Университетининг Сиёсатшунослик факультетида бир неча фандан дарс берган Фарҳод Толипов Ўзбекистонда Сиёсатшунослик соҳасини ёпишнинг ўрнига ислоҳ қилиш лозимлигини айтади.

Толиповга кўра, вазирлик томонидан келтирилган хулосаларда асос йўқ. Барча фанларда бир бирига яқин бўлган чегарадош фанлар мавжуд. Улардаги мавзулар бир бирини такрорлайди ва бу нарса табиий ҳол.

Ўзбекистон олийгоҳларида сиёсатшунослик фани ўқув предмети сифатида киритилиши жараёнларининг бошида иштирок этган олим Фарҳод толипов ушбу фаннинг асосан ғарб назариясини маълумот беришга асосланиб қолгани тўғрисидаги хулосаларда ҳам жон йўқлигини айтади.

"Биринчидан, биз мустақиллликнинг дастлабки йиллариданоқ Ўзбекистонга хос бўлган хусусиятларни, тарихда ўтган ватандош олимларимиз Ал Фаробий ёки Улуғбек каби олимларнинг асарларига ҳам кўп маротаба мурожаат қилиб келганмиз", - дейди Фарҳод Толипов.

Ушбу буйруқ чиқарилишидан олдин мавзуни ўрганиш учун махсус ишчи гуруҳи тузилган. Бироқ сиёсатшунослик соҳасида мутахассис бўлган Фарҳод Толиповга кўра, ишчи гуруҳ сиёсатшунос ўқитувчилар билан учрашмаган ва маслаҳатлашмаган.

"Нечи йилдан бери сиёсатшунослик соҳасида ишлаб дарс бериб келаётган бўлсам, унинг фан сифатида бекор қилинганини қарор чиққанидан сўнг Facebook орқали хабар топдим", - дейди Фарҳод Толипов.